Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ички ишлар вазирлари кенгашининг шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган тадбирларида иштирок этаётган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликлари ва идоралари раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президентимиз Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари раҳбарларини самимий қутлар экан, Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқали тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Ҳамдўстлик ҳудудида жиноятлар сони кейинги беш йилда 25 фоиздан зиёдга қисқаргани Кенгаш фаолиятининг натижадорлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, биргина ўтган йилда қўшма операциялар доирасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган 892 нафар шахснинг фаолиятига чек қўйилди ҳамда 84 нафар жиноятчи ушланди.
Учрашувда МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар органлари ҳамкорлигини кенгайтириш, жумладан, самарали идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, кадрлар тайёрлаш бўйича дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси муваффақиятли ўтишини тилади.