Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев: «Она тилимиз мангу яшасин!»

386

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқини муборакбод этди.

Шавкат Мирзиёев қутлуғ, миллат байрами билан табриклар экан, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзли бўлиб ўтаётгани,  она тилимизнинг қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётгани ҳақида гапирган.

Давлат раҳбари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилгани, ўзбек тилини турли соҳаларда қўллашга оид тадқиқотлар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб ўтган.

Шунингдек, келгусида асосий вазифаси чет элларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институти фаолияти йўлга қўйилишини айтган.

“Ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни вақтда 5 жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” фундаментал тадқиқоти вазирлик ва идоралар, таълим-тарбия масканларига, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига етказилди. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа,

ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилгани ҳам албатта муҳим аҳамиятга эга”, - деган Президент Шавкат Мирзиёев.

Келажакда она тилимизни янада ривожлантириш масалаларига тўхталган Президент: “Ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, бу мақсадда нафақат маънавий, шу билан бирга, моддий рағбатлантириш чораларини ҳам кенг қўллашимиз даркор. Хусусан, тилшунос ва луғатшунос олимларимизнинг, шоир-адибларимизнинг ушбу соҳадаги машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг илмий тадқиқотлари, дарслик ва қўлланмалари, китоб ва рисолаларини давлат буюртмаси шаклида нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиб бериш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур”, - деб таъкидлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Назарбоев ягона Туркистон республикаси тузилишига бўлган таклиф ҳақида гапирди

387 14:05 03.12.2021

Европа Иттифоқи Туркиядаги қочқинларни ташлаб қўймаслигини айтмоқда

168 12:10 03.12.2021

Исроил фаластинликларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ишларни босди-босди қилган

210 11:30 03.12.2021

Дунёда эҳтиёжмандлар сони ортяпти – БМТ

149 11:05 03.12.2021

Твиттер ва Фейсбук Хитой тарғиботи билан шуғулланган минглаб аккаунтни ўчирди

250 10:30 03.12.2021

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

501 10:05 03.12.2021
« Орқага