Шавкат Мирзиёев Қосим Жомарт Тўқаевни президент сайловидаги ғалаба билан табриклади

11:11 10.06.2019 185

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июн куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қосим Жомарт Тўқаевни кеча бўлиб ўтган Қозоғистон Президенти сайловида ғалабага эришгани билан самимий табриклади.

Қозоғистон Президентининг жорий йил апрель ойидаги Ўзбекистонга илк давлат ташрифи дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани қайд этилди.

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев ва Қосим Жомарт Тўқаев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликка доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

Келгусидаги, жумладан, кўп томонлама ташкилотлар тадбирлари доирасидаги олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Президентлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидладилар

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!