Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Оқўрда қароргоҳида учрашув ўтказди.

15:12 15.03.2018 411

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев 15 март куни Оқўрда қароргоҳида учрашув ўтказди. 

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Президентимиз билан учрашишни соғинганини таъкидлади. – Сиз Ўзбекистонда жуда катта ишларни амалга оширяпсиз ва бу бутун минтақамизга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Кеча Тожикистон, бугун Қирғизистон президентлари билан гаплашдим. Улар ҳам сизнинг сиёсий иродангиз ва саъй-ҳаракатларингиз халқларимизни хурсанд қилаётганини айтишди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бугунги маслаҳат учрашуви ҳам сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилди. Бу ҳали бошланиши. Афғонистон масаласи бўйича ўтказилаётган конференция ҳам жуда муҳим, – деди Нурсултон Назарбоев. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани ва Қозоғистонга таклиф этгани учун Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирди.

Кейинги бир ярим йил ичида икки дўст, қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тизимга тушди. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш 2 миллиард долларга етди. Иқтисодиётимиз, маданий-гуманитар алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Энг катта натижа – одамларнинг кайфияти, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда олий даражадаги мунтазам мулоқотлар натижасида давлатлараро муносабатлар жадал ривожланаётгани, аввал эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.

Манба: President.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!