Шавкат Мирзиёев: «Ёшларга араб тили, Қуръон ва исломий меросни ўргатиш керак»

11:27 09.04.2019 7410

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Термиздаги "Султон Саодат" мажмуасини зиёрат қилди. BBC Ўзбек хизматининг маълум қилишича зиёрат давомида Шавкат Мирзиёев шундай деган: "Очиқ айтсак, одамларни тарбиясига Ислом нурини сингдира олмадик. Фожиамиз мана шу ерда. Биз Ислом динини ўрганишга шароит яратмадик”.

Шунингдек, президент ўтмишда Исломий цивилизация марказларидан бўлган Ўзбекистон охирги ўн йилликларда Ислом меросини ўрганишда дунёдан орқада қолиб кетганини таъкидлаган.

"Араб тилини ҳам ўргата олмадик", – дея таассуф изҳор қилган Президент Сурхондарёга сафари чоғида.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини илмий асослаб бериш учун ҳам ёшларга араб тили, Қуръон ва исломий меросни ўргатиш керак бўлади. "Ҳар йили ўнтагина мўмин-мусулмонни тарбия қила олсак, тасаввур қилинглар, муҳит қандай ўзгаради", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Ислом тарихини қайта тиклаш, Ислом минтақага ёйилишни бошлаган VIII асрдан бошлаб тарихни қайтадан ёзиб чиқишни таклиф қилган.

"Энди вақт-соати келди, саккиз юзинчи йилдан бошлаб мана шу тарихни тикласак-да, одамларга ана шу илмий асосларни етказсак, бу ҳам маърифат бўлади", – деб айтган Президент. Мирзиёев мажмуага ташрифи чоғида у ерда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг авлодлари ётганини алоҳида таъкидлаган.

BBCнинг ёзишича, Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан ҳукуматнинг Ислом ва мусулмонлар борасидаги сиёсати юмшаган. Минглаб диндорлар қора рўйхатлардан чиқарилган, янги масжидлар қуришга рухсат этилган. Лекин ҳали қилиниши керак бўлган анча ишлар бор.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!