Шаввол ҳилолини изламоқ

22:00 03.06.2019 1812

Рамазони шариф ойининг йигирма тўққизинчи куни кун ботар чоғида самодан Шаввол ойининг янги ҳилолини кузатиш кифоя йўлига кўра вожиб бўлади. Яъни шаҳар ё қишлоқ аҳлидан баъзилари самодан янги ойни кузатишса бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Янги ой билан ҳеч кимнинг иши бўлмаса аҳолининг ҳаммаси ёппасига гуноҳкор бўлишади.

Шавволнинг янги ойини фақат бир дона одам кўрса, ибодатида эҳтиёт юзасидан эртанги куни рўза тутаверади. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза одамлар рўза тутган кундан, фитр одамлар ифтор қилган кундан”—деганлар. (Термизий ривояти). Шундай экан унинг сўзини ҳеч ким қабул қилмаса ёлғиз ўзи ифтор қилмайди. Агар фақат ўзи кўрган ҳилолга ишониб эртанги кун ҳайит қилса ва рўза тутмаса бир кун қазо тутиб бериши вожиб бўлади. Лекин унга каффорат шарт эмас. Чунки у ўз эътиқодига кўра, ойни кўргани учун ифтор қилган.

Агар Рамазони шарифнинг йигирма тўққизинчи куни самода булут бўлса, ойни очиқ-ойдин кўриш имкони бўлмаса, икки эркак киши ё бир эркак ва икки аёл кишининг “Биз Шаввол ҳилолини кўрдик” деб берган шаҳодати қабул қилинади ва эртанги кун Рамазон ҳайити деб эълон қилинади.

Агар самода иллат бўлмасдан, осмон мусаффо бўлиб янги ойни кўришга тўсқинлик қилувчи моне бўлмаса, мўътабар қавлга кўра катта жамоатнинг гувоҳлиги билан эртанги кун ҳайит деб эълон қилинади. Катта жамоат деганда бир маҳалла аҳолиси тушунилади деб таърифланган. Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ эллик нафар одам деган. Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ эса мамлакат раҳбарини ишонтира олар даражада кўп одам бўлса шулар катта жамоат деб айтган.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан келган бир ривоятга кўра, икки эркак кишининг гувоҳлиги қабул этилади ва эртанги кун Ийд ал-фитр деб эълон қилинаверади. Мазҳаббошимиз бу фатволарига Рибъий ибн Ҳаррошнинг бир саҳобадан ривоят қилган қуйидаги хабарини асос қилганлар:

عن رجل من اصحاب النبى صلى الله عليه و سلم قال: اختلف الناس فى اخر يوم من رمضان فقدم اعرابيان فشهدا عند النبى صلى الله عليه و سلم بالله لأهلا الهلال امس عشية فامر رسول الله صلى الله عليه و سلم الناس ان يفطروا و ان يغدوا إلى مصلاهم

Рамазон ойининг охирги куни масаласида одамлар ихтилофга бориб қолишди. Шунда икки аробий одам келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида Аллоҳ номи ила кеча кун охирида янги ой кўрганини айтиб гувоҳлик беришди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга рўзасини тамом қилишни ва эрта тонгда намозгоҳга ҳайит намози учун боришни амр қилдилар. (Сунани Абу Довуд 2/301).

Шайх Мулла Али ал-Қорининг “Фатҳу баб ал-иноя” ва имом Соғиржийнинг “ал-Фиқҳ ал-Ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асарлари асосида

Илҳомжон МУРОД АЛИ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!