Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (31-қисм)

840

53. Ҳофиз, қози Ҳасан ибн Абдурраҳмон Ромаҳурмузий ўзининг “Ал-Муҳаддисул фосил байна ровий ва воъий” китобида уламоларнинг бизнинг ҳозирги замонамиздаги толиби илмлар учун катта ибрат бўладиган ҳоллари, ҳадисларни жамлаш йўлида чеккан машаққату қийинчиликлари, бошдан кечирган қўрқинч ва хавотирларини жамлаб баён қилган. Бу воқеаларни ҳижрий иккинчи асрнинг охирларида вафот этган, маърузаси билан инсонлар қалби ва ақлини ром этувчи машҳур воиз Мансур Ибн Аммордан унинг ўғли Сулайм ибн Мансур ибн Аммор орқали ривоят қилган:

“Отам бир мажлисда Қуръон ва ҳадис аҳлини васфлаб: “Неъмат берувчи Маннон, Ислом динини барча динлар устидан ғолиб қилган, Қуръонни ўзгартириш мақсадида шайтоннинг ҳийлалари сабаб адашганлар ва кофирлар томонидан унга бир нарса қўшилиши ёки ундан бирор нима камайишидан ҳимоя қилувчи Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин” деб, Қуръон ҳақида кўпгина яхши сўзларни айтдилар ва бу борада яна узоқ гапирдилар:

“Аллоҳ Ўзи танлаб олган кишиларни Қуръонни тафсир қилишга, пойдевори мустаҳкам ҳадисларни излаб топиб, сўнг уларни ёзишга муваффақ қилди ва уларни ҳадисни муҳофаза қилишда кучли қилиб қўйди. Уларнинг қалбларига ҳадис илмини ўқиб, ўрганишга бўлган муҳаббатни жойлади. Уларга қатъият ато қилиб, ҳолсизлик ва саботсизликни кетказди. Улар учун кўчиб юришни, бегона юртларда жой топиб ўрнашишни, илм йўлида молию жонини фидо қилишни ва қийинчиликларни енгиб ўтишни осон қилиб қўйди.

Натижада улар илм олишга шўнғиб кетишди, эски кийимларда, сочлари тўзғиган, озиб кетган, оч-наҳор, очлиги сабаб юзида ранг қолмаган ҳолда барча юртларни кезиб чиқишди. Уларнинг ташвишлари битта, у ҳам бўлса илм олиш эди. Илмни ўзларига йўлбошчи қилишга рози бўлишди. Уларни на очлик, на сувсизлик бу йўлдан тўхтата олди. Ёзнинг иссиғию қишнинг совуғи ҳам уларни бу йўлда малоллантириб қўймади.

У зотлар ўзларининг кучли ақллари, ўткир фикрлари, ҳақ билан лиммо-лим тўлган қалблари билан ҳадисларнинг саҳиҳларини заифларидан, кучлисини кучсизидан ажратиб, фарқлаб чиқишди. Натижада ҳадислар фирибгарларнинг кўзбўямачилигидан, Ислом душманларининг сохтакорлиги ва ёлғончиларнинг уйдирма тўқималаридан ҳимоя қилинди.

Улар тунлари юмшоқ тўшаклари ва иссиқ кўрпаларини четга суриб, эшитган ҳадисларини кўчириш, жамлаган маълумотларини тузатиш билан банд бўлар эдилар, уйқу элтиб, мудраб қолганларида қўлларидаги қалам тушиб кетганидан қўрқиб уйғонардилар, машаққатлар белларига оғриқ берар, узоқ уйқусизлик ақлларини оздирарди, баданларидаги чарчоқни кетказиш учун у ердан бу ерга юрар, кўзларидан уйқуни қочириш учун ўринларини бир жойдан бошқасига ўзгартиришар, кўзларини ишқалар, сўнг янги куч ва майл билан ёзишга, дарс қилишга қайтар эдилар. У зотларни кўрганингизда эди, улар ҳақиқатда ҳам дин посбонлари ва Аллоҳнинг соқчилари эканлигига амин бўлар эдингиз.

Улар мақсад қилган илмларини олишгач, юртларига қайтиб, у ердаги инсонлар ва талабалар билан масжидларни обод қилишарди. Уларнинг либоси камтарлик бўлиб, Аллоҳга таваккул қилишар, мулойимликни ўзларига зийнат қилиб, қўшниларга озор бермас, ор саналган ишларга яқинлашмас эдилар. Лекин бирор киши адашса ёки диндан чиқадиган иш қилса, улар ўрмондаги шердай отилиб чиқиб, дин шиорларини ҳимоя қилар эдилар” (Ҳасан ибн Абдурраҳмон Ромаҳурмузийнинг сўзлари тугади).

54. Ҳофиз Ромаҳурмузий айнан шу китобида юқоридаги маълумотни келтиришдан олдин “Илм учун сафар қилиш ва ундан ҳосил бўладиган фойдалар ҳақида”ги бобда илм учун сафар қилишни ёмон деб билган ва уни айблаган кишиларга раддия сифатида қуйидаги сўзларни зикр қилиб ўтганлар:

“Илм учун сафар қилувчиларга таъна-маломатларни ёғдирувчилар илм талабидагиларнинг сафардан қай даражада лаззатланишини, ўз юртидан илм учун узоқлашганда фаоллашиб, бор вақтини саҳролару адирлар, шаҳарлар, чекка-чекка қишлоқлар, ўрмону боғларни кезиш, инсонларнинг очиқ чеҳраларини кўриш ва фойдали маълумотларни эшитиш, ҳали кўрмаган турли хил юртлардаги ажойиботларга гувоҳ бўлиш, турли ирқдаги одамлар-у, ҳар хил тилда сўзлашишлар, боғу роғлар, деворлар остида сояланиш, масжидларда таомланиш, дарёю водийлардан сув ичиш, қоронғи тушганда дам олиш учун тўхтаб, ухлаб олиш, тортиниш ва сохтакорликни бир чеккага суриб қўйиб, Аллоҳ йўлида яхши кўрган кишисини ўзига ҳамроҳ қилиб олиш, қидирганини топганда мақсадига эришганидан хурсанд бўлиш, узоқ давом этган йўлдан кейин унинг учун тайёрлаб қўйилган мажлисга талпиниш кабиларга сарфлаганидан бутун тана аъзолари роҳатланишини билганларида эди, дунёнинг барча лаззатлари аслида таъна қилувчининг ўзи маҳрум бўлган баҳорнинг гулларидан-да кўркам, найнинг ноласидан-да ёқимли, олтиндан ҳам қимматли мана шу гўзал манзаралар билан бирга қўлга киритилган фойдалар ичида мужассам эканлигини англаб етган бўларди”.

(давоми бор)


Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

1476 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1908 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

846 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

1233 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

1046 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

1222 22:55 13.06.2021
« Орқага