Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (4-қисм)

686

4. Устозимиз, буюк аллома, иқтидорли ва таниқли фақиҳ, шайх Мустафо Зарқо жуда кўп бор айтиб берган ажойиб хабарлардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламан. У зот (Аллоҳ у зотни Ўз ҳифзида сақласин, неъматларини тўкин қилиб берсин!) оталари – аллома, фақиҳ, адиб, муҳаққиқ шайхимиз Аҳмад Зарқо раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади. Оталари Аҳмад Зарқо раҳматуллоҳи алайҳ туғилиб, вояга етган шаҳри ва ватани Ҳалабда ўз кўзи билан гувоҳи бўлган қуйидаги ҳодисаларни айтиб беради:

“Бозорларда юрадиган бир кишини кўрдим. У баланд овоз билан: “Мен бир қўлимда бургани (седанадек келадиган жуда кичик ҳажмдаги ҳашарот) ушлаб, иккинчи қўлим билан бир соч толасини ушлаган ҳолда қўлларимни орқага қилиб, бургани соч толасига боғлаб, қўлларимни яна олдинга ўтказа оламан. Бармоғимда соч толаси осилиб туради, унинг пастки қисмида эса бурга боғланган бўлади. Худди шундай қилиб, уни қайта еча оламан”, дер эди”.

Шайх сўзида давом этади: “Шу пайт ўша киши ёнидаги идишдан бургани чиқариб, уни бош ва кўрсаткич бармоқлари билан ушлади-да, бир узун соч толасини ҳам иккинчи қўлининг бармоғи билан ушлади. Икки қўлини орқа тарафига ўгириб, бургани соч толаси билан боғлаб қўйди. Сўнгра қўлларини олди тарафга қайтарди. Не кўз билан кўрингки, соч толаси унинг бармоғида осилиб турар, бурга эса соч толасига боғланган эди. Бу киши мана шундай ўйинлар кўрсатар, инсонлар тўпланиб, томоша қилишар, унинг бундай маҳорати ва ақлни лол қолдирувчи ишларидан ҳайратга тушар эдилар”.

Янги талаба бўлган вақтларимда ўтмишдан хабар берувчи ғайритабиий маълумотларга дуч келганман. Мутааххир фақиҳларимизнинг китобларидан фиқҳий масалаларни ўрганар эдим. Улар ўз китобларида узоқ замонларда одам болалари орасида ғаройиб тузилишга, камёб ва ғайритабиий кўринишга эга бўлганлари учрагани ҳақида ҳикоя қилиб ўтганлар. Мен ушбу ҳикояларга раддия билдириб, уни ривоят қилган кишига танбеҳ беришни хоҳлардим. Менинг назаримда, улар гўёки хаёл суриш, тасаввур қилиш ва воқеликдан йироқ нарсаларга берилишда чегарадан чиқиб кетган эдилар.

Ўша даврларда ҳанафий, шофеий ва моликий мазҳабида ёзилган фиқҳий китоблардан бир нечта мана шундай маълумотларни тўпладим. Охир-оқибат шунга амин бўлдимки, фақиҳлар томонидан ҳикоя қилинган ушбу воқеалар ноёб ва хилма-хил бўлиб, турли замон ва даврларда, бошқа-бошқа ўлкаларда содир бўлган экан. Лекин биз уларни кундалик ҳаётимизда тез-тез учратмаганимиз учун инкор этишга ўрганиб қолганмиз.

Журжий Зайдоннинг “Ажоибул махлуқот” номли китобини ўқиган кезларим унда ғаройиб кўринишдаги инсонларнинг фотосуратларига гувоҳ бўлдим. Шундан сўнг бу маълумотларга ишондим ва уларни қабул қилдим. Ушбу китобда фақиҳлар айтиб ўтган инсонни лол қолдирувчи ғаройиб ишлардан ҳам кўра ғайритабиийроқ маълумотлар бор эди. Натижада менда уларни койиш ўрнига ҳар бир сўзларини тан олиш ва қабул қилиш ҳисси пайдо бўлди.

Менга яна шу нарса аён бўлдики, маълум бир ҳудудда яшовчи фақиҳ инсонлар вақти-вақти билан ғаройиб ҳодисаларга гувоҳ бўладилар ва уларни қоғозга тушириб, улар ҳақидаги ҳукмларини баён қиладилар. Бир нечта авлодлар алмашинуви даврида битилган китоблардаги ғаройиб воқеаларни ўрганиб, уларга ўзининг тор дунёқараши доирасида баҳо берган, бунда орадан ўтган давр ва замонларга эътибор бермаган баъзи одамлар мазкур ҳодисаларнинг содир бўлганини инкор этадилар ва кўзлари ўрганмагани учун уларни қабул қилгилари келмайди. Улар эътиборсизликлари ва дунёқарашлари торлиги сабабли ана шундай фикрга боришади.

Лекин бу билан инсон барча ривоят қилинган ёки айтилган нарсаларни тасдиқлаши лозим, демоқчи эмасмиз. Балки қачон бир ғаройиб ҳодиса ҳақидаги хабарни эшитса, уни кичик бир инсонлик мезони билан эмас, балки узоқ ўтмиш ва ҳисобсиз инсонлар яшаган тарих мезони билан ўлчаб, фикр юритсин!

Баъзи фақиҳлар одатларига кўра ёш фақиҳларга турли масалаларни тушунтириш ва келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган масалаларнинг ҳукмини англашлари учун (гарчи одатда ёки шариатга кўра содир бўлиши мумкин бўлмаган бўлса ҳам) ақл тарозиси билан ўлчанадиган, содир бўлиши мумкин бўлган ғаройиб фиқҳий масалаларни фаразан келтириб ўтганлар. Дарҳақиқат, улар фаразан келтирган ва ақлларидан ўтказган, жуда кам ҳолларда учрайдиган нодир ҳодисалар узоқ замонлар оша ҳаётда юзага келмоқда. Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига олсин, илм ва унинг аҳли номидан яхшиликлар ила мукофотласин!

Хуллас, бу саҳифаларни уламоларнинг ҳаётида учраган воқеаларга қараб, олти бўлимга бўлдим:

Биринчи бўлим: Олимларнинг илм олиш йўлида чеккан машаққату қийинчиликлари ва бу борада узоқ масофаларни босиб ўтиб, сафарларга чиққанлари ҳақидаги хабарлар.

Иккинчи бўлим: Уламоларнинг илм йўлида уйқу, роҳат-фароғатни тарк этганлари баёни.

Учинчи бўлим: Уламоларнинг фақирликка, оғир ва аламли ҳаёт кечиришга мажбур бўлиб, кийим-кечак, кўрпа-тўшакларини сотганлари, бу борада сабр-тоқат кўрсатганлари ҳақидаги хабарлар.

Тўртинчи бўлим: Уламоларнинг иссиқ пайтларда очлик ва сувсизликка чидаб, сабр қилганлари ҳақидаги хабарлар.

Бешинчи бўлим: Уламоларнинг доимий кийимсиз яшаганлари, бегона юртларда пул ва нафақаларининг тугаб қолгани ҳақидаги хабарлар.

Олтинчи бўлим: Уламоларнинг китобларидан айрилиб қолганлари, йўқотиб қўйганлари ёки мусибат етган вақтда китобларини сотганлари, ёхуд ўз кийимларини сотиш эвазига китобларини қўлга киритганлари ҳақидаги хабарлар.

Хотима: Бу саҳифаларда ҳақиқат, насиҳат ва ваъзлардан иборат фойдали маълумотларни қисқа ҳолда келтирдим.

Уламолар ҳаётида содир бўлган воқеалар ичида яна бир муҳим бўлим мавжуд бўлиб, уларни ҳам ушбу саҳифаларга киритиш лозим эди. Лекин мен бундай қилмадим. Чунки бу бўлимнинг ўзи алоҳида бир мустақил тарихдир. У ҳам бўлса, золим ҳокимлар тарафидан уламоларга етказилган азиятлар ва ҳурриятдан маҳрум этилиб, натижада қоп-қоронғи зиндонларга тушганлари ҳақидаги бўлимдир. Бу жуда ҳам муҳим ва кенг қамровли мавзу бўлиб, бир қанча саҳифаларда алоҳида баён этишга муносибдир. Улар ҳақидаги маълумотларни ўрганган киши бу катта ҳажмли китоб даражасига етишига амин бўлади.

Мен келтириб ўтган бўлимлар менинг нуқтаи назаримдаги тартиб эди, холос. Уларда келган маълумотлар бир-бирига бевосита алоқадор. Масалан, биргина олимларнинг пули тугаб қолиши ҳақида келтирилган хабарлар уларнинг кийимсиз қолиши, очлик ва хаёт қийинчиликларини сабр билан енгганлари ҳақидаги хабарлар билан ўзаро боғлиқдир. Шунингдек, ҳар бир бўлимда бошқа бўлимга ҳам тааллуқли бўлган маълумотларни кузатишимиз мумкин. Чунки инсоннинг тана аъзолари бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Тананинг бир аъзосида пайдо бўлган касаллик, шубҳасиз, бошқа аъзога ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди.

Сўзимнинг интиҳосида Аллоҳ таолодан бу саҳифаларни қабул этиши ва уни манфаатли қилишини сўрайман! Аллоҳ таоло ҳидоят ва тавфиқ эгасидир!

Байрут

1391 йил 15 Жумодул охир

1971 йил 8 Август

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда

Таржимонлар: Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев ва Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (23-қисм)

43 14:28 26.02.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (22-қисм)

263 20:00 25.02.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (21-қисм)

189 19:00 23.02.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (20-қисм)

188 20:00 22.02.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (19-қисм)

206 18:05 20.02.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (18-қисм)

323 21:05 19.02.2021
« Орқага