Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (47-қисм) 

373

113. Олийҳиммат бўлиш.

Юқорида зикр қилиб ўтилган воқеа ва хабарларда ғайриоддий қатъиятлар, баъзи олимларнинг инсонларнинг хаёлига ҳам келмайдиган фазли, улуғлиги, қандай қилиб илм чўққисига кўтарилгани, боқий қолувчи ажр ва доимий зикр этилиш шарафини қўлга киритиш борасидаги олийҳимматлиликларини кўрдингиз. Қуйида келадиган хабарларда ҳам шу каби фазилатларга гувоҳ бўласиз. Мазкур қатъият соҳиблари инсоний ва жисмоний жиҳатдан биздан бошқача эмас эдилар. Балки улар бизлардан олийҳимматлиликда, қатъиятда, қийинчилик ва оғирликларга бардош беришда ажралиб турар эдилар. Улар қўлга киритган ютуқлар ҳозирда биз учун имконсиз бўлган ёки фақат уларнинг ўзларигагина берилган самовий мўъжиза ёки уларга берилиб, бизга берилмаган кароматлар сабабли ҳам эмас эди. Уларнинг бундай даражага етишишлари, олий мартабаларни қўлга киритишларининг боиси уларнинг олийҳимматли эканликлари, олдига қўйган мақсад йўлида метиндек сабр-бардошли бўлганларидир.

114. Олийҳимматлилик ҳақида “Сайдул хотир” китобида келган сўзлар.

597/1201 вафот этган имом Абул Фараж Абдурраҳмон ибн Жавзийнинг “Сайдул хотир” номли ниҳоятда ажойиб, фойдали китобида олийҳимматлилик ҳақида бир нечта жумлалар бор. Муаллиф бу асарида ўзидаги олийҳимматлилик ҳақида сўз юритади. Мен ана шу жумлаларни тўплаб, қуйидаги сатрларда келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим. Шоядки, бу насиҳатлар талабаларнинг ҳимматларини олий даражаларга етакласа ва азму қарорларига, орзуларига эришишда туртки бўлса. Зеро, қатъият қатъиятни келтириб чиқаради.

115. Ақлнинг комил эканлиги аломати.

Ақлнинг комил эканлигининг аломати олийҳиммат бўлишдир. Паст нарсаларга рози бўлиш пасткашликдир. Бир шоир айтади:

Олий мақомларга лойиқ зотлар бор,
Пастликни хоҳлагай пасткаш ҳамиша.
Нафсинг улуғликка бўлганида ёр, 
Жисминг чарчоқ билан дардкаш ҳамиша.

Инсон олийҳимматлилигидан каттароқ нарса билан синалмаган. Чунки кимнинг ҳиммати олий бўлса, олий ўринларни ихтиёр қилади. Зеро, баъзан мақсадларни амалга ошириш учун вақт етмайди, баъзан имконият бўлмайди. Натижада инсон қийинчилик ва азоб ичида қолиб кетади. Аллоҳ таоло мени ҳам олийҳимматликдан бир оз насибадор қилган. Шунинг учун ҳам мен азобдаман. Лекин “Қанийди, ундай бўлмаса эди”, деб айтмайман. Инсонда ақл қанча кам бўлса, ҳаёт унга шунчалик ширин бўлиб кўринаверади. Ақлли инсон эса ақлсизлик эвазига кўпроқ лаззатланишни танламайди. Кимга олийҳимматлик берилган бўлса, ҳимматининг олийлиги миқдорича азобланади. Шоир бу борада қуйидагиларни айтади:

Олий мақомларга лойиқ зотлар бор,
Пастликни хоҳлагай пасткаш ҳамиша.
Нафсинг улуғликка бўлганида ёр,
Жисминг чарчоқ билан дардкаш ҳамиша.

116. Айтиб ўтганларимизнинг хулосаси шуки, кимнинг ҳиммати олий бўлса, барча илмларни мукаммал ўрганаман, деб қасд қилади, баъзилари билан чекланишга рози бўлмайди.

Табиийки, инсон танаси барча илмларни мукаммал ўрганишни кўтара олмайди. Шунинг учун кўпроқ амал қилишни мақсад қилиб олади ва тунда қоим, кундузи соим бўлишга киришади. Ваҳоланки, бир вақтнинг ўзида бор кучини ҳам илм олиш, ҳам амал қилишга сарфлаш қанчалар мушкул иш! Шунингдек, олийҳиммат инсон мол-дунёга парво қилмайди, энг зарур бўлган эҳтиёжлари учунгина ундан фойдаланади. Керак бўлса, энг зарур нарсадан ҳам кечиб, ўзгаларга илинишни яхши кўради, бу борада бахиллик қила олмайди. Ундаги сахийлик борини беришга ундайди. Чунки нафсидаги улуғворлик паст кетишига йўл қўймайди. Лекин масаланинг яна бир томони бор: агар у мана шундай саховатпешаликда давом этаверса, натижада ўзи муҳтож бўлиб, фақирга айланиб қолиши мумкин. Бу эса ўзига ҳам, оиласига ҳам ташвиш келтиради. Саховатпешаликдан тўхташига табиати йўл қўймайди. Умуман олганда, у мазкур бир-бирига қарама-қарши икки нарсани жамламоқчи бўлади. Бунинг эса иложи йўқ. Шунинг учун ҳам у икки ўт орасида қолиб кетади. Нима қилишини билмай, эсанкираб қолади. Шу билан бирга, бутун амалларини холис Аллоҳ таоло учун қилиш кераклигини мулоҳаза қиладиган бўлса, мушкулоти янада зиёда бўлади. Ҳиммати паст кишининг олийҳиммат инсон олдидаги даражаси қандай ҳам бўларди! У қаерда-ю, бу қаерда! Агар ҳиммати паст киши фақиҳ бўлиб, ундан бирор ҳадис ҳақида сўралса, “Билмайман”, деб айтади. Мабодо муҳаддис бўлса, фиқҳий масала ҳақида сўралса, “Билмайман”, деб жавоб беради. Агар уни “илмсиз” дейишса, бунга ҳам парво қилмайди.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

697 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1276 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

350 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

551 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

583 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

766 22:55 13.06.2021
« Орқага