Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (48-қисм) 

351

117. Олийҳиммат инсон баъзи илмларни билмай қолишни ўзига ор санаб, унга инсонлар олдида айбини очиб қўядиган ҳолат деб қарайди. Ҳиммати паст кишига инсонларнинг таънаю дашномларининг мутлақо аҳамияти йўқ, бунга парво ҳам қилмайди, ҳар қандай савол берилишидан қўрқмайди ҳам. Чунки у билмаслигини айтишдан тортинмайди. Олийҳиммат киши эса буни кўтара олмайди. Зеро, олийҳиммат кишига илм ўрганиш йўлида толиқиш том маънода роҳат бағишлайди. Ҳиммати паст кишига илм олиш, ақл ишлатиш роҳат эмас, машаққат ва чарчоқ келтиради. Дунё энг олий даража, юксак мартаба учун мусобақалашадиган жойдир. Шунинг учун олийҳиммат киши катта муваффақиятларни қўлга киритишда қусурга йўл қўймаслиги лозим. Унинг мақсади – ғолиб бўлиш! Агар мабодо шунча ҳаракат қилишига қарамай, оти тойса ҳам ақлдан озмайди, маломат қилинмайди.

118. Менга Роббим томонидан юксак марраларга интилишим учун олийҳимматлилик неъмати берилган. Манa, олтмиш ёшга кирган бўлсам ҳам, ҳануз орзуларимга эришганим йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таолодан умримни узоқ (у зот саксон тўққиз йил яшаганлар), жисмимни бақувват қилиб, орзуларимга етказишини сўрайман. Лекин воқелик менинг орзуимни инкор қилаётгандек, гўё тилга кириб, менга: “Ҳаётда ҳамма нарса сен ўйлагандай бўлавермайди”, деяётгандек бўлади. Шунда мен унга: “Барча нарсага қодир бўлган Зотдан одатда иложсиз туюлган нарсаларни ҳам қила олишга қувват сўрайман”, деб айтаман. Ҳимматимга назар солиб, унинг ғаройиблигини кўрдим. Боиси шуки, ета олмаслигим аниқ бўлган илмларга ҳам ҳаракат қилавераман. Чунки мен турли-туман илмларга эга бўлишни хоҳлайман. Барча фанларни чуқур ўрганишни истайман. Аслида буларни бажаришга инсон умри етмайди. Менга йўлиққан бир фанни ниҳоятда чуқур ўрганган ҳимматли кишининг бошқа фанни яхши билмаслигини кўраман. Шу сабаб “Унинг ҳиммати мукаммал эмас экан-да”, деб қўяман. У худди фиқҳни билмайдиган муҳаддис, ҳадисни билмайдиган фақиҳга ўхшайди. Менинг фикримча, кишида барча илмларни мукаммал эгаллаш учун ғайратнинг йўқлиги унинг ҳиммати паст эканлигидан дарак беради.

119. Сўнгра барча ўрганганларимга амал қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўяман-да, Бишри Ҳофийнинг тақвосига ўхшаш тақвога, Маъруф Кархийнинг зоҳидлиги каби зоҳидликка интиламан. Буни айни дамда кўп китоб мутолаа қилиш, одамларга дарс бериш ва улар ичида аралашиб юриш билан биргаликда амалга ошириш жуда қийин. Яна одамларнинг қўлига қараб қолмасликка интиламан. Уларга меҳр-мурувват кўрсатишни истайман. Ҳолбуки, илм билан машғул бўлиш пул топишга йўл қўймайди, айни пайтда одамларнинг берган нарсасини миннат қилишини эса олийҳиммат инсон кўтара олмайди. Сўнгра фарзанд кўришни хоҳлайман. Шу вақтнинг ўзида китобларни таҳқиқ этишга ҳаракат қиламан. Токи мендан кейин ўрнимни босадиган мана шу икки нарса қолсин дейман. Лекин бу иккиси ҳам ёлғизликни севувчи қалбни машғул қилади. Кейин ёқимли нарсалар билан роҳатланишни истайман. Мол-дунёнинг камлиги бунга имкон бермайди. Бордию мол-дунё кўп бўлганда ҳам, у фикрни жамлаб, ҳимматни олий қилишга халақит қиларди. Шунингдек, жисмимга фойда берадиган таом ва ичимликлар тановул қилишни истайман. Чунки бадан кўнгилхушликка, яхшиликка ўрганиб қолган.

Мол-дунё оз бўла туриб, бундай истакларнинг ҳаммасига эришиб бўлмайди. Хулоса қилиб айтганда, юқорида санаб ўтганларимнинг барчаси бир-бирига қарама-қарши бўлган нарсаларни бир жойда жамлашни исташдир.

120. Дарҳақиқат, ўзларининг олийҳимматлиликлари ҳақида гапирадиган одамларни кўрдим. Ўйлаб қарасам, улар фақат битта фандагина олийҳиммат экан. Улар ўзлари биладиган илмдан муҳимроқ бўлган нарсалар борасида ҳимматлари паст эканлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Розий айтади:

Мадор кетиши ҳам бир мусибатдир,
Жисмингнинг турииши шунчаки эрмак.
Юмуш бажаролмай юрагинг ҳижил,
Ҳимматга душмандир бу ҳолинг, демак.
Қарасам, унинг энг катта орзуси бошлиқ бўлиш экан!

Абу Муслим Хуросоний ёшлик чоғида деярли ухламасди. Ундан бу ҳақда сўраганларида “Соф зеҳнли, олийҳиммат бўлиш, олий ишларга интилувчи нафсга эгалик қилиш, шу билан бирга, оддий қора халқ каби ҳаёт кечириш учун”, деб жавоб берган эканлар.

Бир куни ундан бутун истакларини нима қондира олишини сўрашди. У:
– Мол-дунёга эга бўлиш, – деб жавоб берди. Шунда унга:
– Ундай бўлса, унинг кетидан тушинг, – дейишди. У эса:
– Унга фақат қийинчилик билан эришилади, – деди.
– Унда қийинчиликларни босиб ўтинг, – дейишди. У:
– Ақл қўймайди-да, – деди.
– У ҳолда нима қиласиз? – деб сўрашди.
– Ақлимдан ақлсизликни яратиб оламан ва у билан фақат ақлсизлик билан эришиладиган нарсаларга интиламан. Ақлимни эса фақат унинг ёрдамида амалга ошириладиган ишларни бажариш учун ишлатаман. Чунки ҳафсаласизлик йўқликнинг инисидир, – дея жавоб берди.

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

697 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1276 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

350 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

551 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

583 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

766 22:55 13.06.2021
« Орқага