Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Саҳифалар” (61-қисм)

943

175. Абу Нуайм Фазл ибн Дукайн.

Амир Санъоний “Тавзиҳул афкор” китобида шундай дейди: “Ҳадис айтгани учун ҳақ олишга рухсат берган кишилардан бири Абу Нуайм Фазл ибн Дукайндир (130-219/747-834). У Бухорий, Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳувайҳ, Ибн Муборак ва бошқа бир қанча муҳаддисларнинг устози эди. У зот ҳадис айтгани учун ҳақ олар эди. Бу шу даражада эдики, агар талабаларда муаллимга берадиган бутун танга бўлмаса, синиқларини ҳам олаверарди, яъни дирҳамнинг кичик ва катта бўлаги ўртасидаги арзимас фарқни ҳам оларди ва: “Одамлар мени ҳадис айтганим учун ҳақ олишимни маломат қиладилар. Уйимда ўн уч киши бору, бир дона ҳам нон йўқ”, дер эди”.

176. Абу Усмон Аффон ибн Муслим Басрий.

Ибн Жавзий “Маноқиби имом Аҳмад ибн Ҳанбал” китобида Қуръонни махлуқ дейиш масаласидаги синовда бунга қўшилмаган уламолар учун алоҳида боб ажратган. Ана шундай уламолардан бири сифатида имом Бухорийнинг шайхи Абу Усмон Аффон ибн Муслим Басрийни (134-220/751-835) ҳам айтиб ўтган: “Аффон ибн Муслим “Қуръон мақлуқми?” деган масалада биринчилардан бўлиб қаттиқ синовга учраган”.

Сўнг Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи Қосим ибн Абу Солиҳгача етиб борадиган санади билан ривоят қилиб шундай дейди: “Қосим айтади: “Иброҳим ибн Ҳусайн ибн Дизилнинг шундай деганини эшитганман: “Аффон ибн Муслим Қуръоннинг махлуқлигига доир масалада сўровга чақирилганда мен унинг эшагининг юганини ушлаб турганман. У боргач, унга ўша сўзни айтиш буюрилди. Бироқ у бош тортди. Унга: “Сенга маош бериш тўхтатилади”, дейишди. Унга ҳар ой минг динор берилар эди. Шунда у “Сизларнинг ризқингиз ва ваъда қилинган нарсалар осмондадир” оятини ўқиди. Уйига қайтгач, воқеадан хабар топган аёллари ва уйидагилари уни маломат қилишди. Чунки унинг уйида қирққа яқин киши яшар эди. Шу пайт кимдир унинг эшигини тақиллатди. Аффон ибн Муслимнинг ўзи айтади: “Уни ёғфурушга ўхшатдим, ёнида минг дирҳам солинган ҳамён бор экан. У менга: “Эй Абу Усмон, Аллоҳ динни собит қилганидек, сени ҳам собит қилсин. Мана бу сенга ҳар ой бериладиган нарса”, деди”.

Ҳофиз, имом Аффон ибн Муслим Аллоҳ таолонинг “Сизларнинг ризқингиз ва ваъда қилинган нарсалар осмондадир” деган оятига таянган ҳолда султоннинг ҳадясидан юз ўгириб, Раҳмоннинг ҳадясини кутиши устозим шайх Исо Баёнунийдан эшитиб, ёдлаб олган икки гўзал байтимни эслатиб юборди. Кейинроқ бу икки байт андалуслик шоир, “Маржул куҳл” лақабли Муҳаммад ибн Идрис Балансийга тегишли эканлигини билдим. Аллома Хайриддин Зириклий “Аълом” китобида бу икки байт Балансийга тегишли эканлигини айтган. Улар қуйидагича:

Ризқинг ортингдаги соянг мисоли,
Югуриб толмагай изингдан асло.
Уни қувмоқликка бўлмагин рози,
Юз бурсанг, эргашур ўзи доимо.

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

1044 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1582 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

524 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

816 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

726 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

910 22:55 13.06.2021
« Орқага