Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (63-қисм)

500

180. Абу Усмон Мозиний Бакр ибн Муҳаммад ибн Усмон Басрий.

“Муъжамул удабо”, “Вафаётул аъён” ва “Ал-Вофий бил вафаёт” китобларида араб тили илмининг имоми, наҳв ва сарф олими, Сибавайҳдан кейин наҳв фанининг билимдони, сарф илмини наҳв илмининг ичидан ажратиб, у ҳақда китоб битган, бундан олдин наҳв илмини ҳам мукаммал ўрганган Абу Усмон Мозиний Бакр ибн Муҳаммад ибн Усмон Басрий (249/863 йилда вафот этган) ҳақида шундай маълумотлар келади:

“Мозиний ниҳоятда тақводор киши эди. Бир яҳудий юз динор эвазига ундан Сибавайҳнинг китобини ўрганиб олмоқчи эди, у бош тортди. Шогирди Мубаррид унга: “Сизга фидо бўлай, камбағал бўлсангиз ҳам, қийналиб турсангиз ҳам бу фойдани рад қиласизми?” деди. У: “Бу китобда Аллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръондан уч юздан ортиқ оят бор. Мен Аллоҳнинг Китобини ўша зиммийдан рашк қилдим, шунинг учун рози бўлмадим”, деб жавоб берди.

Мубаррид айтади: “Иттифоқо, халифа Восиқнинг ҳузурида бир жория Аржийнинг қуйидаги шеърини хиргойи қилади:

Зарар бера кўрманг ҳеч дўсту ёрга,
Бегона бўлса-да, саломи борга,
Сиздан етказилган зарар зулмдир,
Саломдек муаттар каломи борга.

У ердагилар “рожулан” калимасининг эъроби ҳақида тортишиб, баъзилар уни насб қилиб ўқилади деса, яна баъзилари рафъ қилиб, дейди. Жория эса устози Мозиний унга насб қилиб айтгани учун насб бўлади, деб қаттиқ туриб олади. Халифа Восиқ уни Басрадан Бағдодга олиб келишга буюрди.

Абу Усмон айтади: “Халифанинг олдига келган эдим, “Қайси қабиладансан?” деб сўради. “Мозин уруғидан”, дедим. У: “Мозинларнинг қайси биридан: Тамимнинг Мозиними, Қайснинг Мозиними ёки Робийъанинг Мозиними, ё Яманнинг мозиними?” деди. “Робийъанинг Мозинидан”, дедим. Шундан сўнг у мен билан менинг қавмим тилида гаплаша кетди. Масалан, “Исминг нима?” “масмук” деган сўзни “басмук” деб айтди, чунки менинг қабиламда “мим”ни “бе”га, “бе”ни “мим”га алмаштириб айтишарди. Унга исмимни қавмим шевасида айтишни истамадим. Чунки исмимни ўз қавмим шевасида айтадиган бўлсам “Макр” дейишим керак эди. Унга: “Исмим Бакр, эй амирал мўминин”, дедим. У нима учун бундай деганимни тушуниб, кулиб қўйди. Кейин у “Аржийнинг “Эй кўп зулм ўтказувчи…” деган сўзи ҳақида нима дейсан? “Рожулан”ни насб қиласанми ёки рафъми?” деди. Мен: “Насб қилсак тўғри бўлади, амирал мўминин”, дедим. У: “Нима учун?” деди. “Чунки “мусобакум” сўзи масдар бўлиб, “исобатикум” маъносида”, дедим. Шунда Язийдий деган наҳв олими менга қарши чиқа бошлади. Мен: “У сизнинг “Инна зорбака Зайдан” деган сўзингиз каби, “рожулан” ҳам “мусобакум”нинг мафъули бўлиб, насб бўляпти. Бунга далил жумла “зулм” деган сўзгача бир-бирига боғлиқ. Мана шунда жумла тўлиқ бўляпти”, дедим. Восиқ менинг гапларимга таҳсин айтди. Кейин: “Болаларинг борми?” деб сўради. “Ҳа, амирал мўминин. Битта қизим бор”, дедим. У: “Келишингдан олдин, хайрлашаётганингда нима деган эди?” деб сўради. Мен шундай дедим:

“У Аъшонинг қуйидаги шеърини айтди:

Сафарим олдидан жажжи қизгинам
Кетманг, отажон, деб жовдирар кўзи.
“Гўё етимдекман энди ўзгинам”, – 
Титраб чиқар эди аламли сўзи.

Дейдики: хотиржам бўламиз ҳар вақт,
Ота, ёнимизда сиз турган чоғда.
Ўзга бир шаҳарга кетсангиз фақат,
Жафолар тортамиз сизсиз бу ёқда.

Восиқ деди: “Менимча, сен ҳам Аъшонинг мана бу сўзларини айтган бўлсанг керак:

Туянинг устига минар эканман,
“Отамни асра” деб дуо қилди у.
“Аллоҳим, қизимни асра”, дерканман, 
Дуоим ёр бўлсин, кўрмасин қайғу.

“Мўминлар амири тўғри айтди. Мен ҳақиқатдан ҳам қизимга шу шеърни айтдим ва унга Жарирнинг қизига айтган шеърини ҳам қўшиб қўйдим:

Шериги йўқ бўлган Аллоҳга ишон,
Ҳам кўмак берувчи шоҳга. бегумон.

Шунда Восиқ: “Иншааллоҳ, муваффақиятга ишонгин” деб, менга минг динор беришни буюрди ва ҳурмат билан кузатиб қўйди”.

Мубаррид айтади: “Мозиний Басрага қайтганида менга: “Эй Абу Аббос, биласанми, Аллоҳ учун юз динорни рад қилган эдик, уни бизга минг қилиб берди”, деди”.

181. Абул Валид Абдулмалик ибн Қатан Маҳрий Қайравоний.

Қифтийнинг “Инбоҳур-рувот ъалаа анбаҳин-нуҳот” китобида араб тили ва наҳв олимларининг шайхи, шоир, адиб, хатиб Абул Валид Абдулмалик ибн Қатан Маҳрий Қайравоний (256/869 йилда туғилган) ҳақида қуйидагилар келтирилган:

“У ҳам уламоларнинг одатига кўра камбағал, қўли калта бўлган. У овқатланишда тежамкорлик қилмас, пулнинг келадиган ва кетадиган жойи кўп бўлгани учун бирор дирҳам ҳам, динор ҳам ушлаб турмас эди. То вафот этгунича шу ҳолида қолди. Абу Абдуллоҳ Доруний айтади: “Бир куни Абул Валид Маҳрий билан бирга қассоблар олдидан ўтдик. Улардан бири унинг олдига келиб, “Эй Абул Валид, сен менга зарар келтирдинг. Чунки пулларимнинг барчаси сенда. Сендаги пулларни олишдан бошқа чорам йўқ”, деди. Абул Валид ундан узр сўраб, сабр қилишни илтимос қилди ва пул бера олмаслигини айтди. Шунда олдимизга бир киши келиб, “Шайхнинг қанча қарзи бор?” деди. У: “Ўн динор”, деди. Ўша киши: “Мен тўлайман. Юр мен билан, бериб юбораман”, деди. У бирга кетди. Мен уни Маҳрийнинг биродарларидан бўлса керак деб ўйладим. Маҳрий эса “У киши буни мен сабабли қилган бўлса керак”, деб ўйлабди. Уйига борганимизда менга: “Менинг номимдан дирҳамларни тўлаб юборган киши ким эди?” деб сўради. Мен: “Билмайман, лекин сиз уни танисангиз керак деб ўйлаган эдим”, дедим. У: “Уни суриштир-чи”, деди. Сўраб билсам, у румлик атторлардан экан. Мана шундай, қадимда инсонлар илм ва адабни улуғлаган бўлсалар, ҳозиргилар бунинг аксини қилмоқдалар”.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

255 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

588 22:55 13.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (65-қисм)

633 22:00 12.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (64-қисм)

555 22:05 11.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (62-қисм)

709 21:55 09.06.2021
« Орқага