Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (64-қисм)

872

182. Ҳажжож ибн Шоир.

“Тазкиратул ҳуффоз” китобида Ҳажжож ибн Шоир ҳақида шундай дейилган: “Ҳажжож ҳофиз, асрининг ягонаси, барча ишонадиган кишилардан эди. Тўлиқ исми Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф ибн Ҳажжож Сақафий Бағдодийдир. Ундан Абу Довуд, Муслим, Бақий ибн Махлад, Абу Яъло, Ибн Абу Ҳотам ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган. У 259/873 йилда вафот этган. 

Солиҳ Жазара айтади: “Мен Ҳажжож ибн Шоирнинг қуйидаги сўзларини эшитганман: “Онам мен учун юзта нон тўплаб берди. Мен уни бир халтага жойлаб, Мадоиндаги Шабобанинг  ҳузурига қараб йўл олдим. Унинг дарвозаси олдида юз кун яшадим. Мен ҳар куни битта нонни Дажла дарёсининг сувида ивитиб тановул қилардим. Нон тугагач, у ердан кетдим”.

183. Яъқуб ибн Шайба Садусий.

Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” китобида имом, ҳофиз, аллома, ундан-да гўзалроқ “Муаллал муснад” тасниф этилмаган “Муснадул-кабирил-муаллал” деб номланган китобнинг муаллифи Яъқуб ибн Шайба Садусий Басрий ҳақида (182-262/798-876) шундай дейилган: “Абул Ҳасан Аҳмад ибн Юсуф ибн Буҳлул айтади: “Отам менга шундай дедилар: “Менга Яъқуб ибн Шайба (ўзини назарда тутиб) айтди: “Шундай инсон борки, ҳайит байрами яқинлашганда унинг юз динордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Шу орада унга дўстларидан бири хат ёзиб, “Дўстим, мана, ҳайит ҳам келиб қолди. Лекин бизнинг уйда болаларга ҳадя қиладиган ҳеч нарса йўқ” деб, боларларга ҳадя сотиб олиш учун бирор нарса бериб туришни сўрайди. У юз динорни бир ҳамёнга солиб, оғзини муҳрлаб, дўстига жўнатиб юборади. Ҳамён дўстига етиб борганидан кейин кўп ўтмай унга ҳам бошқа дўстидан мактуб келади. Дўсти унда ҳайит байрамида бир оз қийналиб қолганини айтиб, ўзи аввалги дўстидан сўраганидек, бирор нарса бериб туришини илтимос қилади. Ҳамён қўлида турган киши ҳам унинг ичини очмасдан, муҳрланган ҳолатида дўстига жўнатиб юборади.

Ҳамённинг асл эгаси бўлган учинчи киши динор берган дўстига хат ёзиб, аҳволини айтади ва ҳайитда ишлатиш учун бирор нарса беришини сўрайди. Дўсти ҳам ҳамённи шундайлигича, ичини очмасдан муҳри билан юборади. У (биринчи сўраган) дўстига жўнатиб юборган муҳрланган ҳамёнини ўзига қайтиб келганини кўргач, уни олиб, ҳамён берган дўсти томон йўлга чиқади. Ундан: “Менга юборган ҳамённи қаердан олган эдинг?” деб сўрайди. У: “Байрам келганда болаларга бергани ҳеч нарсамиз йўқ эди. Шунинг учун фалон дўстимизга мактуб ёзиб, харажат қилиш учун бирор нарса беришини сўрадим. У менга мана шу ҳамённи юборибди. Сенинг мактубинг келгач, ҳамённи сенга жўнатиб юбордим”, деди. У: “Қани тур, кетдик”, деди ва икковлон ҳамённи олиб, иккинчи дўстларининг олдига бордилар. Бир оз суҳбатлашдилар, кейин ҳамённи очиб, ичидаги динорни учга тақсимладилар”.

Абул Ҳасан айтади: “Отам менга: “Ўша уч киши – Яъқуб ибн Шайба, Қози Абу Ҳассон Зиёдий ва яна бир киши эди, учинчиси ёдимдан кўтарилибди”, деганлар”.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

1022 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1559 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

507 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

772 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

704 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

890 22:55 13.06.2021
« Орқага