Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (65-қисм)

829

184. Довуд ибн Алий.

Қози Ибн Халликон “Вафаётул аъён” китобида зоҳирийлар имоми Довуд ибн Алий Исбаҳоний Бағдодий Зоҳирий ҳақида (201-270/817-884) қуйидагиларни келтирган:

“У ўз даврида Бағдоднинг энг илмли кишиси бўлган. Абу Абдуллоҳ Маҳомилий айтади: “Рамазон ҳайити намозини шаҳар масжидида ўқидим. Кейин ўзимга-ўзим: “Ҳозир Довуд ибн Алийнинг ҳузурига бориб, уни ҳайит билан табриклайман”, дедим. Олдига борсам, бир лаганда ҳар хил кўкат барглари ва шарбат чиқиндиси аралаштирилган кепак еб ўтирган экан. Уни байрам билан табрикладим. Унинг аҳволига ҳайрон қолиб, дунёдаги барча нарса аслида ҳеч нарса эмаслигини англадим. Кейин унинг олдидан чиқиб, саховатли, яхшилик қилишни севадиган кишилардан бирининг ҳузурига бордим. Одамлар у кишини Журжоний дейишарди. У менинг олдимга бошяланг, оёқяланг ҳолда чиқиб, “Қозини нима ташвишга солди?”, деди. “Муҳим иш”, дедим. “Нима иш экан?” сўради у. “Қўшнинг Довуд ибн Алийни, унинг қай даражада илмли эканини биласан. Кўп хайр-саховат қилувчи инсон бўлатуриб, унинг аҳволидан ғафлатда қолдингми?” деб, кўрганларимни унга айтиб бердим. Журжоний шундай деди: “Довуд феъли тор одам! Кеча кечки пайт кам-кўстига ишлатсин деб уникига минг дирҳам чиқартириб юборган эдим, қайтариб юборибди. Яна хизматчимга: “Унга шундай дегин: “Менга қандай назар билан қараяпсан? Биров сенга мени муҳтож, ҳеч нарсаси йўқ дедимики, буларни юборибсан?” дебди”.

Маҳомилий айтади: “Мен бундан ҳайрон бўлиб, Журжонийга “Ўша дирҳамларни менга бер, ўзим олиб чиқиб бераман”, дедим. У менга пулларни бериб, хизматчисига “Бор, яна битта хамён олиб кел”, деб буюрди. Кейин унга ҳам минг дирҳам солиб, “Буниси биз учун, буниси қозининг эътибори учун”, деди. Мен унинг икки минг дирҳамини олиб, Довуднинг уйига келдим. Эшикни тақиллатиб, уйига кирдим. Бир муддат ўтиргач, дирҳамларни чиқариб, олдига қўйдим. Шунда у: “Сирини сенга омонат қилиб айтган кишига жавобинг шуми? Мен сени илм омонати сабабли олдимга киргизган эдим. Қайтариб олиб бор, мен бунга муҳтож эмасман”, деди. Унинг олдидан қайтар эканман, шу онда дунё кўзимга арзимас нарса бўлиб кўринди. Журжонийга бўлган воқеани айтиб берган эдим, “Мен бу пулни Аллоҳ таолонинг розилиги учун берган эдим. Энди улар ҳаргиз қайтариб олмайман. Буларни иффатли, яхши кишиларга ишлатишда қозининг ўзи бош-қош бўлсинлар”, деди”.

Имом Довуд Зоҳирий раҳматуллоҳи алайҳнинг тутган йўли менга қуйидаги мисраларни эслатди:

Агар сен хуш кўрган анави инсон,
Олтинлар, зарларга бўлса беписанд.
Демакки, дунёнинг сенга ҳар қачон
Олтину тупроғи баробар албат.

185. Довуд ибн Алий.

Юқорида зикри келтирилиб ўтилган зот – фақир, камбағал, ҳеч нарсаси йўқ бўлишига қарамай, қалби хотиржам, кучли сабр эгаси бўлган имом Довуд ибн Алий Зоҳирий билан содир бўлган ғаройиб воқеалардан бири шуки, у зот катта олимлардан бирини фақирлиги учун таҳқирлаган эди. Бироқ, ўша олим зот ўз илми билан уни уялтириб қўйди. Бу нарса Имом Довуд учун ажиб дарс бўлди.

Қози ибн Халликон айтади: “Ривоят қилинишича, Довуд ибн Алий Зоҳирийнинг дарс ҳалқасига ҳар куни тўрт юз нафар яшил тайласон кийган олимлар  ҳозир бўлар эди. Бу ҳақда Довуд Зоҳирийнинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир куни дарс ҳалқамга Басра аҳлидан Абу Яъқуб Шурайтий келди. Унинг эгнида иккита хирқа бор эди. У ҳеч ким таклиф қилмаса ҳам, юқорига чиқиб, менинг ёнимга ўтирди ва: “Эй йигит! Мендан истаган саволингни сўра”, деди. Мен ундан жаҳлим чиққандай бўлиб, менсимаган ҳолда: “Ҳижома ҳақида батафсил айтиб беринг-чи”, дедим. У “Баракалла!” деб, “Ҳижома қилувчи ҳам, қилдирувчи ҳам (рўзада) оғзини очади” ҳадисини ривоят қилиб, уни мурсал, муснад ва мавқуф ҳолда ривоят қилган кишиларни ва бу ҳадисдан ҳукм олган фақиҳларни ҳам айтиб берди.

Кейин яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижома қилдиришлари, ҳижома қилувчига хизмат ҳақи бериш ҳақида, агар бу иш ҳаром бўлганида ҳақ берилмаслиги ҳақидаги ҳадисларнинг санадидаги ихтилофларни ҳам ривоят қилди. Сўнгра яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳўкиз шохи билан ҳижома қилдирганлари ҳақидаги ҳадисни турли йўллар билан ривоят қилиб, ҳижома қилиш ҳақидаги саҳиҳ ҳадисларни ҳам айтиб берди. У яна сўзини давом эттириб, “Фаришталар жамоаси олдидан бирор марта ўтмадим...”, “Умматимнинг (дардига) шифоси уч нарсада...” каби саҳиҳдан пастроқ – ҳасан даражадаги ҳадисларни ҳам ривоят қилиб берди.

У яна: “Фалон куни ва фалон соатда ҳижома қилдирманглар” каби заиф, яъни мавзуъ ҳадисларни ҳам айтиб ўтди. Кейин табибларнинг барча вақтда ҳижома қилиш мумкинлиги ҳақидаги сўзларини зикр қилиб, сўзини “Ҳижома биринчи Исфаҳон (Довуд ибн Алийнинг юрти) томондан чиққан”, деган жумла билан якунлади. Шунда мен унга: “Аллоҳга қасамки, бундан кейин ҳеч қачон ҳеч кимни ҳақорат қилмайман”, дедим”.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

1021 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1557 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

507 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

772 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

703 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

889 22:55 13.06.2021
« Орқага