Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

582

190. Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Муҳаммад ибн Ҳорун Руёний, Муҳаммад ибн Наср Марвазий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ.

Хатиб Бағдодий “Тарихи Бағдод” китобида Муҳаммад ибн Жарир Табарий ҳақида, Ҳофиз Заҳабий “Тазкиратул ҳуффоз” китобида Муҳаммад ибн Ҳорун Руёний ҳақида, Тожиддин Субкий “Табақотуш-шофиъийятул-кубро” китобида Муҳаммад ибн Наср Марвазий ҳақида ва улардан бошқа табақот ва тарих олимлари Мисрдаги Муҳаммад исмли бир неча кишиларининг (фақирликдан) оч қолгани ҳақида қуйидагиларни келтирадилар: “Абул Аббос Бакрий айтади: “Илм талабида сафар қилиш Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Наср Марвазий ва Муҳаммад ибн Ҳорун Руёнийларни тахминан 256/870 йилда Миср диёрига жамлади. Улар кимсасиз, фақир эдилар. Ниҳоят, озуқа бўладиган ҳеч нарсалари қолмагач, уларга очлик зарар етказди. Бир куни кечаси улар ҳадис ёзадиган уйда тўпланиб, очликдан қутулиш учун бирор чора ўйлай бошладилар. Шунда ўзаро қуръа ташлаб, қуръага кимнинг номи чиқса, бориб, тиланчилик қилади, деган фикрда тўхталдилар. Қуръа Муҳаммад ибн Исҳоқнинг чекига тушди. У шерикларига: “Менга бир оз вақт беринглар, таҳорат олиб, истихора намозини ўқиб олай”, деди ва таҳорат олиб, намоз ўқишга киришиб кетди. Шу пайт Миср волийси Аҳмад ибн Тулун томонидан юборилган ҳарам оғаси шамларни кўтарган ҳолда келиб, эшикни тақиллатиб қолди. Улар эшикни очишгач, отидан тушиб, “Муҳаммад ибн Наср қай бирингиз?” деб сўради. Улар “Мана бу одам” деб, унга ишора қилишди. У ёнидан ҳамён чиқариб, Муҳаммад ибн Насрга берди. Ҳамёнда эллик динор пул бор эди. Сўнгра у: “Муҳаммад ибн Жарир қайсингиз?” деб сўради. Улар “Мана у”, дейишди. Унга ҳам эллик динор пул солинган ҳамён берди. Кейин “Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма қайсингиз?”, деб сўради. Улар: “Мана у, намоз ўқияпти”, дейишди. Муҳаммад ибн Исҳоқ намозини ўқиб бўлгач, унга ҳам эллик динори бор ҳамён берилди. Ниҳоят, ҳарам оғаси “Муҳаммад ибн Ҳорун қай бирингиз?” деб сўради. “Мана у”, дейишгач, унга ҳам аввалгиларга берилган ҳамёндан берди. Охирида: “Кеча амир чошгоҳ пайтида ухлаб, туш кўрибди. Тушида бир шарпа келиб, “Бир неча Муҳаммадлар очликдан биқинларини ушлаб ўтиришибди”, дебди. Шунинг учун амир сизларга мана шу ҳамёнларни юборди. Агар бу пуллар тугаса, унга маълум қилсангиз, яна беришга қасам ичди”, деди”.

191. Абу Жаъфар Термизий.

Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” ва Заҳабийнинг “Сияру аъломин-нубало” китобларида Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Шофеий Термизий ҳақида (201-295/817-908) қуйидагилар келтирилган: “У зот йигирма тўққиз йил ҳадис ёзиб, имом Шофеийнинг шогирдлари қўлида фақиҳ бўлди. Бағдодда яшаб, ҳадис ривоят қилди. Ундан Аҳмад ибн Комил, Ибн Қонеъ, “Ал-муҳаддисул фосил байнар-ровий вал-воъий” китобининг муаллифи Абу Бакр ибн Халлот Ромаҳурмузий, Абул Қосим Табароний ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган.

Дорақутний у зотни ишончли, омонатдор ва ибодатгўй деган. Аҳмад ибн Комил у киши ҳақида шундай дейди: “Ироқда шофеий уламолар ичида ундан илмлироқ, тақводорроқ одам йўқ эди. У ниҳоятда фақир бўлгани учун кам таом ер ва мана шу фақирликка ниҳоятда сабрли киши эди”.

Иброҳим ибн Сарий Зажжож айтади: “Абу Жаъфарга овқат учун бир ойга тўрт дирҳам пул кифоя қилар эди. У бирор инсондан бирор нарса сўрамас эди”. Муҳаммад ибн Мусо ибн Ҳаммод Барбарий айтади: “Унинг ўзи (яъни Абу Жаъфар) менга хабар беришича, йигирма етти кун беш дона дон билан кун кечирган экан. “Буни қандай қилдингиз?” деб сўрасам, “Ёнимда ўша донлардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Мен уларнинг эвазига шолғом сотиб олиб, ҳар куни улардан бир донасини таом ўрнида едим”, деб жавоб берди”. У зот (ана шундай ночор ҳолатда яшаган бўлса ҳам, Аллоҳнинг фазли ила) 94 ёшида вафот этди.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

697 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1276 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

350 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

551 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

766 22:55 13.06.2021
« Орқага