Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

474

194. Абу Наср Форобий.

Тарихчи, адиб Салоҳиддин Сафадийнинг “Ал-Вофий бил вафийёт” китобида Ислом файласуфларидан бири, ҳаким, тенги йўқ аллома Абу Наср Форобий Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган: “У 260/874 йилда Хитой чегаралари яқинидаги Фороб шаҳрида туғилиб, 339/950 йилда Дамашқда вафот этган. Форобий дунёдаги энг зоҳид инсон эди. Подшоҳ Сайфуддавла унга ҳар куни тўрт дирҳам берилишини жорий қилган эди. У Дамашқдан Миср томон йўлга отланиб, кейин яна Дамашққа қайтди. Бир ривоятга кўра, у Ҳаррондан қайтгач, Бағдодда яшади. У Арастунинг ёзган асарларини ўрганишга қаттиқ киришиб, файласуфликда энг олий даражаларга эришди”.

Ривоятларда келишича, Арастунинг нафс ҳақидаги китобининг бир нусхасига Абу Наср Форобийнинг ёзуви билан “Бу китобни икки юз марта ўқидим”, деган сўзлар битилган экан. У яна “Арастунинг “Табиий эшитиш” номли китобини қирқ марта ўқидим. Лекин яна такрор қилишга муҳтожман”, деб айтар эди.

У юнон тилини ва бошқа кўплаб тилларни яхши билар ва ўзи ҳақда “Етмишдан ортиқ тилни яхши биламан”, дер эди. Ундан: “Бу тилни (яъни юнончани) сиз яхши биласизми ёки Арастуми?”, деб сўраганларида: “Агар уни кўрганимда, шогирдларининг энг каттаси бўлар эдим”, деб жавоб берган эди.

Ибн Сино айтади: “Шайх Абу Наср Форобийни қидириб, сафарга чиқдим. Бироқ уни топа олмадим. Уни учратганимда эди, ундан бирор нарсани ўрганар эдим!”. У яна сўзида давом этиб, шундай деган: “Арастунинг “Табиатдан кейинги нарса” китобини ўқидим, лекин ичидаги гапларни тушуна олмадим. Муаллифнинг мақсади менга қоронғулигича қолди. Китобни (тушуниш учун) қирқ марта ўқиганим сабабли ёд бўлиб ҳам кетди. Мен уни тушунишдан умидимни узиб, бу китобни тушунишнинг иложи йўқ, деган фикрга келдим. Бир куни аср намозидан кейин қоғозфурушлар орасида юрган эдим, бир даллол сотиладиган китоб борлиги ҳақида жар солиб қолди. Менга китобни сотиб олишни таклиф қилган эди, уни менсимай, ичидаги илмдан ҳеч қандай манфаат йўқ деб ўйлаб, рад қилдим. Шунда у: “Сотиб ол, сенга уч дирҳамга бераман”, деди. Китобни сотиб олиб, қарасам, у Абу Наср Форобийнинг асарларидан бири бўлиб, мен тушунмаган китобнинг мақсадлари ҳақида ёзилган экан. Дарҳол уйга қайтиб, тезлик билан китобни мутолаа қилишга киришдим. Ўша оннинг ўзидаёқ китобдаги мақсадлар очилиб, унинг асл мазмунини англай бошладим. Бундан жуда хурсанд бўлиб, эртасига фақирларга кўп нарсалар садақа қилдим”.

195. Вазир Муҳаллабий (Ҳасан ибн Муҳаммад Аздий).

Ибн Халликоннинг “Вафаётул аъён” китобида адиб, олим, шоир, котиб, сахий ва доно вазир Ҳасан ибн Муҳаммад Аздий Муҳаллабий Басрий (291-352/904-963) ҳақида маълумотлар келтирилган. У “Муҳаллабий вазир” номи билан машҳур эди. Китобда у ҳақида қуйидаги маълумотлар бор:

“У подшоҳ Муиззуддавла Абул Ҳасан Аҳмад ибн Бувайҳнинг вазири эди. У ҳақдаги машҳур сўзларга кўра, унинг ўзи ҳам қадри баланд, бағри кенг, олийҳиммат, сахий киши эди. Адаб ва унинг аҳлига меҳр кўрсатишда ғоят эътиборли эди. У Муиззуддавланинг ҳузурига келишидан олдин муҳтожлик ва камбағалликнинг оғир қийинчиликларини бошидан ўтказган. Бир куни сафарга чиқиб, қаттиқ қийинчиликка дуч келди. Гўшт егиси келди, лекин бунга имкони йўқ эди. Шунда қуйидаги шеърни битди:

Бундай яшашимда топмадим маъно,
Гар ўлим сотилса, ўзим харидор.
Келса лаззат бўлиб бошимга қазо,
Жирканч бу ҳаётдан қутқарса, алҳол.

Узоқдан кўринса бирорта қабр,
Ундан кейингиси меники дейман.
Машшақатлар учун тугамиш сабр,
Ўлим келишининг ғамини ейман.

Ўшанда у билан бирга Абдуллоҳ Суфий (бир ривоятда Абул Ҳасан Асқалоний) исмли дўсти ҳам бор эди. Дўсти бу мисраларни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олди-да, уни пишириб, дўстига берди. Шундан сўнг улар бир-биридан ажралиб, бошқа-бошқа томонга кетишди.

Орадан вақт ўтиб, Муҳаллабийнинг ҳолати яхшиланиб, Бағдодда Муиззуддавлага вазирлик даражасига кўтарилди. Сафарда гўшт сотиб олиб берган дўстига эса ҳаёт ўз машаққатларини намоён қила бошлади. Унга Муҳаллабийнинг вазир бўлганлиги ҳақидаги хабар етиб борди. Шунда у дўстига қуйидаги байтларни ёзди:

Эслатгин сен унинг унутганларин,
Ўлимга харидор бўлганин эслат.
Ажалнинг келишин хўп кутганларин,
Сабру паймонаси тўлганин эслат.

Вазир унинг номасини ўқигач, ўша ҳолат эслади. Унда сахийлик ҳиссиёти уйғониб, ўша пайтнинг ўзидаёқ етти юз дирҳам олиб келишини буюрди. Ҳамёнга муҳр босаётганда “Aллoҳ йўлидa мoллaрини эҳсoн қилувчилaр (сaвoби) мисoли гўё бир дoнгa ўxшaйдики, у ҳaр бир бoшoғидa юзтaдaн дoни бўлгaн еттитa бoшoқни ундириб чиқaрaди. Aллoҳ xoҳлaгaн кишилaргa янaдa кўпaйтириб (сaвoб) бeрaди” оятини ёзиб қўйди. Сўнгра дўстини чақиртириб, унга ҳадялар берди ва муносиб ишга тайинлади.

Муҳаллабий кўрган машаққатларидан кейин вазирликка тайинлангач, қуйидаги байтларни ёзди:

Менинг фақирлигим замонани ҳам
Марсия битмоққа айлади мажбур.
Истаган нарсамни қилганча карам
Берди, бошқасидан чекинди масрур.

Сочим оқартирган жиноятларин
Кечирмоқлик учун бу ажиб фурсат.
Ҳаётнинг ўтган у ҳикоятларин
Ёпдим, очмасликни қилганча ният.

У кишига тегишли баъзи шеърлар бўлиб, уларни қийинчилик дамларида баъзи бошлиқларга атаб ёзган эди. Бир ривоятга кўра, бу шеър Абу Нувосга тегишли дейилади:

Бошимга тушган бу фақирликдан ҳам
Оғирроғи борми, айт-чи, биродар.
Ҳатто маййит ҳам тирилмас, чамам,
Ночорлигим таклиф этилса агар.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

959 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1510 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

707 23:05 15.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

674 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

855 22:55 13.06.2021
« Орқага