Илм

Шайх Абдулҳамид Кишк – “Минбарлар чавандози”

1910

Ал-Азҳар мактабларидан бирига ўқишга кириб, 8 ёшида ҳофизи Қуръон бўлган бу зот ўша пайтдаёқ касалликка чалиниб, кўзлари ожиз бўлиб қолган. Гарчи бу ҳолат инсонни тушкунликка тушириб, мақсаддан оғиштирса-да, аммо, у киши касалликка тан бериб тўхтамади. Аксинча, бу ҳолат бўлажак олимни янада кўпроқ таълим олишига туртки бўлди.

Шайх Абдулҳамид Кишк Азҳардаги Усулуд-дин факултетида таълим олиб, буюк олим бўлиб етишиб чиқди ва имом сифатида Миср бўйлаб маъруза қилишга тайинланди. 1964 йилда Қоҳирадаги Айнул-Ҳаят масжидига имом бўлди ва Мисрдаги ижтимоий муаммолар ҳамда ислом номидан бўлаётган ҳар қандай юришлар ҳақида дадил туриб, қўрқмасдан гапира бошлади. Шайхнинг мардонавор ҳаракатларига нисбатан қарши чиққан кимсалар ҳам у кишини бу ишларидан қайтара олишмади. Шунга қарамай, 1966 йилда Кишк 2 йилга қамалди ва у ерда азобланди.

1968 йили шайх озод этилганидан кейин ҳам бошини баланд тутиб, аввалгидан ҳам кўра танқидчироқ ва ҳимматлироқ бўлди. Бундай ишларидан кейин кўп марта қамалиб, яна озод этилган бўлса-да, у кишининг 10 йил давомида 2500 дан ортиқ маърузалари ёзиб олинган. Абдулҳамид Кишкнинг маърузалари машҳур бўлганлиги сабабли, одамлар оқими кўплигидан масжидни ўша даврда 3 марта кенгайтиришга тўғри келган. Шайх мавъиза қилишликда ўта моҳир эди. Унинг маърузаларида нафақат диний, балки биз биология, анатомия, зоология, физика, астрономия ва шунга ўхшаш бошқа фанларни ҳам қамраб олинар эди. Ушбу фанлар Қуръон ва ҳадисларни илмий жиҳатдан исботлашга ёрдам беришини атрофдагиларга уқтирар эди. Абдулҳамид Кишк маърузалари кўпчиликнинг қалбига етиб борди. Ҳатто араб тилини тушунмайдиган инсонлар у кишининг гапириш оҳанглари ва услубларини эшитиб, ислом динига қизиқа бошлашди. Баъзилари бу борада изланиб, мусулмон ҳам бўлишган. Шайхга берилган “Минбарлар чавандози” (Фарисул Манабир) лақаби у кишининг маҳоратларининг даражасини айтиб турар эди. Шайх тириклигида Ал-Азҳар уламоларининг кўплаб танқидларига учраган, аммо йиллар ўтиб у кишининг қандай инсон эканлигини тушунган авлод ҳурматларини жойига қўя бошлади. Вафотларидан бир неча йил ўтиб Ал-Азҳар университети, Даъват факултетида "Шайх Абдулҳамид Кишкнинг даъват услублари" номли дарслар қўйилди ва шу мавзуда илмий ишлар, магистратура ва докторлик ишлари ёқланиб келинди.

1981-1982-йилларда шайх Абдулҳамид Кишк яна қамалди, лекин бу сафар у кишига маъруза қилишни таъқиқлаб қўйишди. Шайх бу билан жим бўлиб қолмаган. У 1996 йилгача 115 га яқин китоб ва рисолалар ёзди, буларнинг ичида тафсир китоблари ҳам бор.

Шайх ўзининг ноанъанавий жума мавъизалари ҳамда мусулмонлар орасидаги адолатсизлик ва зулмларга қарши гапирган гаплари билан бутун ислом умматида шуҳрат қозонди. Унинг араб тилидаги маърузалари бутун дунё бўйлаб ҳалигача айланмоқда ва бу маърузалар кўп инсонларнинг ҳидоятига сабаб бўлмоқда. Бу шоядки у кишига Аллоҳнинг раҳматидирки, жума куни Исро ва Меърож ҳақида сўзлаган маърузадан сўнг саждада вафот этди.

Шайх ўз мавъизалари давомида бир неча марта тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлигини гапириб ўтган. Унга ўлим соати яқинлашганида ҳам Расулуллоҳни тушларида кўради. Бу тушни фарзандлари ва аёлига айтиб беради. Тушида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуларни кўрганлигини айтади. У шундай туш эди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга Умарга салом бер, дедилар, мен салом бердим. Кейин ерга ўлик ҳолимда йиқилдим (ўлдим демоқчилар), сўнгра Расулуллоҳ мени ювдилар", - дейди.

Шунда, Абдулҳамид Кишкнинг аёллари: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: " Ким тушида ўзи ёқтирмайдиган нарсани кўрса, уни бировларга айтмасин", деганларини биламиз", - дейди. Шайх эса жавобан: "Мен бу тушни ёқтирмайман деб сенга ким айтди? Аллоҳга қасамки мен иш қандай бўлган бўлса шундай бўлишини хоҳлайман", - дейди. Сўнгра, жума намозига чиқиш учун таҳорат олади. Масжидга чиқишдан олдин уйида 2 ракаат нафл намозини ўқийди. Жума намозига чиққач, иккинчи ракаатида саждада вафот этади. Бу воқеа ҳижрий 25 ражаб жума куни, 1417 йили 63 ёшдалигида содир бўлди (милодий 6 декабр 1996 йил).

У кишининг бизга берган илҳомлари, инсонларга бўлган муҳаббат ва ҳурматимизни оширади. Аллоҳ шайх Абдулҳамид Кишкдан рози бўлиб, ўз раҳматига олсин ва умматга шу инсондек олимларни қайтарсин.

Али Заиров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

 “Минбарлар чавандози”: Шайх Абдулҳамид Кишк роҳматуллоҳи алайҳ

3005 06:00 02.08.2019
« Орқага