Илм

Шайх Албоний зиддиятлари (биринчи қисм) 

4883

Ислом – одоб динидир. Бизнинг динимизда одоб ўта эҳтиром қилинади. Одоб ҳақида жуда кўплаб китоблар ёзилган. Динда собитлик мусулмоннинг одобига ҳам боғлиқ. Агар диндор кимсада одоб бўлмаса, ўзидан катталарни ҳурмат ва ўзидан кичикларни иззат қилмаса, жуда ҳам хунук ҳолат юзага келади. Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусулмон кимса ўзидан ёши улуғ кимсани «Мендан кўра кўпроқ ибодат қилган» дея, ўзидан ёши кичик кимсани эса «Мендан кўра камроқ гуноҳ қилган» дея ҳурмат қилиши лозим».

Ҳозирги давримизда бир тоифа мусулмонлар борки, улар одобида яхшигина қусур кўзга ташланади. Албатта, уларнинг ҳаммалари ҳам шундай дейишдан йироқмиз, чунки ораларида комил одобли, бошқаларни ҳурмат қилувчилар ҳам бор. Лекин уларнинг баъзиларида, айниқса, ёшроқ тоифаларида катталарга, уламоларга, ўз диндошига бўлган катта беҳурматлик борлиги ачинарли. Ижтимоий тармоқлардаги ўзларига эргашмаган, яъни улар тутган йўлда бўлмаганларга кўрсатилаётган беодобликлар, Ислом умматининг ҳаммага манзур уламоларига, хоссатан, ақида ва фиқҳий мазҳаб улуғларига нисбатан айтилаётган таъна-дашномлар, ҳақорату сўкишлар кўпчилигимизга маълум. Оддийгина фейсбук тармоғида бўлаётган ҳолатларда бу яққол акс этиб турибди. Фейсбукда ўзларига ёқмайдиган ҳар қандай олим ёки оддий инсонни, у Исломга умрини бағишлаган, у тутган йўл барча мусулмонларга манзур бўлган, фақатгина бир тоифага баъзи масалаларда зид бўлса, у зотни ширку куфрда, фисқу фужурда айблаш, унга эргашган мусулмонларни залолату бидъатда айблаўлари оддий ҳолга айланди. Минг йилдан ортиқ вақтдан бери мусулмонлар тутган йўлни бошланганига унчалик кўп бўлмаган ва аксар мўътамад уламолар ёқламаган йўл ила таъна қилиш, айблаш учун ўта мутаассиб бўлиш керак.

Яширмайман, бу тоифага мансуб дўстларим, шогирдларим талайгина. Уларни муваҳҳид мусулмон деб биламан, диндошим дея ҳурмат қиламан. Шогирдларимни, гарчи баъзи масалаларда турлича йўл тутсак-да, мусулмон ўлароқ яхши кўраман. Бу мақола ёзилишдан муддао ҳам мусулмонларни тафриқага солиш, кимларнидир айблаш эмас, балки мусулмонларни бир-бирларини ҳурмат қилиши, уларни иттифоқ ва одобга чақириш, Исломнинг энг забардаст олимларига ва барча мусулмонларга исломий ҳурмат билдириш, шунингдек, талайгина сўровлар боис, бир мусулмон олим ҳақида нафсга берилмай, илмга хиёнат қилмай маълумот беришдир. 

Ҳозирда интернет илм денгизидир. Интернет маълумотларида шайх Албоний номи жуда ҳам кўп учрайди. Қайси тилдаги диний маълумот қидирилса, асосан, ҳадисга доир масалаларда «Албоний саҳиҳ деган, Албоний заиф деган» каби маълумот келтирилади. Ҳатто мавъизаларда ҳам шундай талқин қилинади. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни саҳиҳ ва заифга, ҳасан ва мавзуъга ажрата оладиган даражада буюк олим бўлганми? Бу зот интернетда тақдим қилинаётганидек ҳадис илми даҳосими? Сиҳоҳи ситта китобларининг аксарини текшириб саҳиҳ ва заифини ажратиб чиққанми? Аср муҳаддиси, илм денгизи бўлгани ҳақиқатми? Шу ҳақида маълумотлар келтирамиз. Мақсад эса ҳақни изҳор қилиш, мусулмонларни огоҳ этиш, хоссатан интернетдаги ҳамма маълумотлар ҳам асосли бўлавермаслигини билдириш. Шунингдек, Ислом оламидаги икки ақидавий ва тўрт фиқҳий мазҳаб уламоларига таъна тошлари отувчиларнинг энг ишонган олимлари аслида шундайин буюк илм соҳиби бўлишганми ёки шундай кўрсатилаяптими, гап шу ҳақида.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадис илми билан шуғулланган, аммо ўзи эътироф қилишича, бирон бир муайян устозсиз ва бирор бир ўқув юртисиз мустақил ўрганган. Бу киши шу вақтгача ҳеч бир мусулмон олими қилмаган ишга журъат қилган. Яъни уммат иттифоқ қилган олти саҳиҳ ҳадис тўпламларидан тўрттасини саҳиҳ ва заифга ажратган. Қолган икки саҳиҳга ҳам хоҳласа, имкони ва қудрати борлигига ишора ҳам  қилган. Аммо, бу қилган иши мўътамад уламолар тарафидан қораланиб, унинг бу китоблари таҳқиқ қилинди ва мингдан ошиқ ҳадисларни бир-бирига зид ҳолатда, яъни бир китобида заиф деса, худди шу ҳадисни бошқа китобида саҳиҳ деб ёзганини исботлаб китоблар ёзилди.

Шайх Али Ҳасан Саққоф ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Шайх Албоний суннат ва тавҳид душмани дея таъна қилиб айблаган, ҳақорат қилган уламолар ўз асрида ва ҳозирги асрдаги энг улуғ ҳадис олимларидир. Буни Албоний хоҳлайдими ёки йўқми улар умматнинг улуғ олимлари бўлиб қолишаверади”.

Албонийнинг аввалги уламоларни таъна қилиб айблаши

Шайх Албоний ҳадис илми билан шуғулланиши асносида жуда ҳам кўплаб олимларга  таъна қилган, уларни айблаган ва масхара қилган. Бу уламолар эса, дунёдаги барча мусулмонлар уларнинг илмидан истефода қиладиган улуғ олимлар бўлишган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтирамиз.

Ҳофиз имом Суютий раҳимаҳуллоҳ

Шайх Албоний имом ҳофиз Суютий раҳмаҳуллоҳни бир неча айблар ила таъна қилган.  “Силсилаи заифа”, 4/182 да  ибн Жавзийга эргашиб хато қилганликда айблаган.  ”Силсилаи заифа”, 4/386 да эса: “Сўнгра эса, Суютий бир-бирига зид сўзлаган”, деб ёзган.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ

Албоний  раҳимаҳуллоҳ “Ғоятул маром” китоби 35-бетида имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳга таҳқиқи ва назари озлигини таъна қилиб айблаган.  “Силсилаи заифа” 3/416 да эса  беодобларча ҳофизлар Мунзирий, Ҳоким ва Заҳабий раҳимаҳумуллоҳни  унинг наздида заиф ҳисобланган ҳадисни саҳиҳ деганлари учун айблаган. 

Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ  ҳофиз Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳни ҳам айблаган. “Саҳиҳ силисиласи” 1/193 да  “Ушбу ҳадисни Ибнул Жавзий ўз “Мавзуот”ларига киргизиб адашган. Бу эса уни танақузи (зиддият)ига мувофиқдир”, дея таъна қилган. 

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадис илмидаги уммат устунларига таъна тошлари отишда давом этади. Навбат ҳадис илмидаги энг кўп мурожаат қилинадиган китоб соҳиби имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳга. “Силсилаи заифа” 3/267 да бундай дейди: “Ибн Ҳажар бу ҳақида янглишган. “Таҳзиб” да Аби Ҳотим сўзини таржиҳ этиб тобеин деган. “Тақриб”да эса бу кимсани кичик саҳобий деган. Бу эса таноқуз (зиддият) дан бошқа нарса эмас”.

Имом Субкий раҳимаҳуллоҳ

Имом ҳофиз Субкий раҳимаҳуллоҳни шайх Албонийдан бошқа бирон кимса таассубда айбламаган. “Силсилаи заифа”  2/285 даги ҳадис тахрижида бундай деган: “Сўнгра Субкий Ҳофиз ибн Тоҳир каби сўз айтган. Аммо у буни мазҳабий таассубга биноан айтган бўлиб, бу ерга унинг бу сўзлари ва тассубини келтиришдан катта фойда йўқ”. 

Имом Муновий раҳимаҳуллоҳ

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ таъналаридан имом Муновий раҳимаҳуллоҳ ҳам омонда қолмаган. “Силсилаи заифа”  2/345 да  “Бу Муновий таассубидир”, дея, 4/34 да эса “Муновийнинг ажиблиги шундайки, мен уни таърифлашга сўз тополмайман, у кўпинча ўзига ўзи қарши бўлади”, деб ёзган.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

 

Шайх Албоний ҳақидаги мақолага раддияларни ўқиб...

Шайх Албоний зиддиятлари (учинчи қисм)

Шайх Албоний зиддиятлари (иккинчи қисм)

 

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Албоний ҳақидаги мақолага раддияларни ўқиб...

1637 13:30 09.08.2020

Шайх Албоний зиддиятлари (учинчи қисм)

1363 13:00 08.08.2020

Шайх Албоний зиддиятлари (иккинчи қисм)

1738 15:23 07.08.2020
« Орқага