Шайх Али Тантовий: Мутолаа

17:20 21.02.2018 2062

Ўтган асрнинг энг сўзга бой, гапга уста, фасоҳатли ва машҳур адибларидан бири шубҳасиз бу шайх Али Тантовий раҳматуллоҳи алайҳдир. У зотни қанчалик иқтидор соҳиби бўлганлигини китобларини мутолаа қилган кишилар яхши билади. Шайхнинг одати китоб ва мақола ёзишда замонанинг энг ўткир, аҳамиятли, муҳим ва муаммоли масалаларини қаламга оларди. Улар мана қанча вақт ўтган бўлса-да, ҳали долзарблигини йўқотган эмас. У зот сўзга усталиги билан бирга ўз фикрини тиниқ ва мисоллар орқали тушунтириб берарди.

Мен ҳам шайхнинг ёзганларидан ўқиб кўп баҳра олганман. Бир куни у зотнинг “Мутолаа” номли мақоласини ўқиб қолдим. Мақолани мароқ билан ўқир эканман, китоб мутолаасига бўлган рағбатим янада ошди. Ундан қаттиқ таъсирландим. Уни она тилимизга таржима қилиб, китоб шайдоларига тортиқ қилишни мақсад қилдим. Дарвоқе, мақола 1966 йилда ёзилган.

Мақолада тилга олинган баъзи фикрлар муаллиф яшаган замон ва шароитга боғлиқдир.

Ёш фарзандларимизга тавсия қилинадиган китоблар уларнинг иқтидори, ҳолатига қараб танланиши мумкин.

Мақола муаллифи ҳақида ўн ёшидан бирга ўсган дўсти Муҳаммад Соввоф қуйидагиларни айтади: “Тантовий бетакрор ёзувчи эди. У қўлига қалам олганида хоҳласа йиғлатар, хоҳласа кулдирарди”.

Сиз ҳам мақолани ўқиб, хоҳласангиз қимматбаҳо бойликка эга бўлгандек кулиб, шодланинг, хоҳласангиз кўзга ёш олиб, китобга бўлган қизиқишингиз йўқлигини эътироф этинг!!!

 

*

Барча ёқимли нарсаларни тажрибада синадим. Китоб билан холи қолишдан кўра ҳузурбахшини топмадим. Инсонларнинг ўзига хос истак ва қизиқишлари бор. Мутолаага бўлган рағбат ва қизиқиш уларнинг энг афзалидир. Бу гаплар ўқувчи, ўқитувчи, табиб, уйидаги аёл, мусофир ва муқимларга тегишли.

Агар ўқувчи мактаб дарсларига чекланиб, китоб мутолаа қилмаса олим бўла олмайди. Мактаб дарслари нима ўзи? Ўқувчининг мактабда ўқийдиган нарсалари мисоли тўй қилишни истаб, тўй таомини танлаш мақсадида ошхонага кирган кишига ўхшайди. Ундан бир луқма, бундан бир луқма тотиб кўради. Ранги ёқса уни сотиб олади. Ўқувчи мактабда ўзи қизиққан, табиати мойил бўлган фанни билиш учун тарихдан, математикадан, грамматикадан ва кимёдан бир луқма тотиб кўриб, кейин уни қабул қилади. Агар ўқувчи мактабдаги дарсга чекланса ҳеч нарса ҳосил қилмайди. Чунки бир луқма очни тўйдирмайди.

Ўқувчилар мутолаага одатлансинлар. Уни енгил, осон китоблардан бошласинлар.

Бир дўстим бор зди. Менга уни ёшлигида мутолаага одат қилдириш чиройли кўринди. Унга саккиз жилди “Қисосу Антара”ни олиб бердим.

“Қисосу Антара” – гўзал услубда ёзилган, унда чавандозлик, одоб ва араблар ҳақида жуда кўп хабарлар бор манбадир. Гарчи китобда ҳақиқат уйдирмага, воқелик хаёлларга аралашиб кетган бўлса-да, бугунги кундаги қиссаларга ўхшамайди.

У китобнинг ҳаммасини, саккиз жилдни ўқиб чиқди. Кўп жойини ёдлаб ҳам олибди. Кейин унга Воқидийнинг қаламига мансуб “Футуҳу Шом”ни келтириб бердим. У тарих ва қиссалар аралаш китобдир. Уни ҳам ўқиб чиқди. Кейин мутолаа қилишда аста-секин кўтарилиб, катта китобларни ўқий бошлади.

Ўқувчилар мутолаани танлаб, услуби фасоҳатли, олий мақсадли, маъноси чуқур ҳикоя китобидан бошласин. Бутун жаҳон адабий ҳикояларининг кўпи таржима қилиб бўлинган. Манфлутийнинг ёки унинг услубида қилинган таржималар ёҳуд Зайёт ва бошқа таржима қилинган гўзал ривоят китоблари шулар жумласидандир.

Сўнг ҳикоя китобларидан одоб китоблари масалан: Жоҳизнинг “Албухало”, Ибн Муқниънинг “Калила ва Димна”сини ўқишга ўтадилар. Кейин Ибн Жавзийнинг “Сойдул хотир”, Муҳосибийнинг “Ар риаяту лиҳуқуқиллаҳ” каби фойдали китобларни, кейин илм китобларини ўқийдилар.

Ўқийдиган нарсаларнинг энг яхшиси Қуръондир. Ўқиётганларини тушуниш шарти ила (ўқийдилар). Фаҳм ва тадаббур билан қисқа сураниларни ўқиш фаҳм ва тадаббур қилмай хатм қилишдан яхшироқдир. Қуръон – қалбнинг ҳидояти, икки дунё дастури ва саодати сабабининг асоси бўлишдан ташқари гапдаги фасоҳатнинг ҳам асосидир. Бу асрдаги фасоҳатли насроний олимлар ҳақида эшитгансиз. Улар бу даражага Қуръонни ўрганиш билан етганлар. Шайх Носиф Ёзижий, ўғли Иброҳим Ёзижий ва Форис Хурий кабилар. Булар насронийдирлар. Биз бу китобга (бошқалардан кўра) ҳақлимиз!

Ўқувчи ҳар куни беш саҳифа ўқиш билан мутолаага кўниксин. Уни ҳеч тарк қилмасин. Мен ярим асрдан буён кунлик ўрта ҳисобда йигирма балки элликдан кам бўлмаган саҳифа китоб ўқийман. Ўзингиз ҳисобланг. Кунлик йигирма саҳифанинг йиғиндиси эллик йилда қанчага етади? Уч миллиондан кўпроқ.

Ҳайрон бўлманг. Бундан ортиқ ўқийдиган инсонлар кўп. Масалан: Аққодни биламан, у ундан ҳам кўп ўқийди.

Ўтган уламолар ичида ўқиганлари эмас, ёзганлари эллик минг саҳифага етганлари бўлган.

Ўқувчилар орасида давлат стипендияси ёки отасининг нафақасидан пулга эга бўлганлари бор. Ўша пулдан ҳар ой беш ёки ўн риёлни китоб сотиб олишга ажратсин! Сотиб олинаётган китобларни чиройли танловига кўра, дарсида мукаммалик бўлмаганини билади. Олдида кичкина кутубхона пайдо бўлади. Пули йўқ бўлса уммумий кутубхоналар бор. Унда китоб мутолаа қилиш бепул. Ўшаларга борсин.

Муҳими яхши китоб танлаш. Китоблар овқатга ўхшайди. Уни фойдали ва зарарлиси бор. Баъзиси фойдали озуқа ва баъзиси ўта ёғли, фойдаси кўп, лекин нафс хушламайдиган бўлади. Ширин, иштаҳа очувчи таом бўлади, лекин у фойдали бўлмайди. Баъзи овқатлар заҳри қотил бўлади. Яна заҳарли лекин ширин парда билан ўралган бўлади. Ким устидаги мазасига алданса ичидаги заҳри уни ўлдиради! Ким топган нарсасини аччиқ-чучук, иссиқ ва совуқлигини аралаштиб еса меъда ва овқатни ёмон ҳазм қилиш дардига йўлиқади. Ким ҳамма нарсани ўқийверса унда ақлий ҳазмни бузилиши пайдо бўлади.

Китобларнинг жаннатга киргизадигани бўлади. Дўзахга киргизадигани бўлади. Ўқувчи ҳушёр бўлсин. Ишончли устоз ва уламолардан сўрасин. Бўлмаса мутолаани тарк қилган яхши.

Ёшлигимизда, бизнинг замонда бу телевизор, радио деган нарсалар бўлмаган. Ўша нарсалар ҳали ихтиро қилинмаганди. Овозли видеолар бўлмаган. Бизнинг овунчимиз фақат китоб бўларди. Бунақанги расмли нашрлар йўқ эди. Вақт ўтказиш учун енгилроқ нарса ўқишни истасак “Қисосу Антара”, “Ҳамзату ал баҳлаван”, “Ал маликату затул ҳимма”, “Сийроту Бани Ҳилол” ва шунга ўхшаш чавандозлик ҳикояларини ўқирдик. Сўнг одоб китобларини ўқишни бошлардик. “Ал ағоний”ни (йигирма нечадир жилдли) ҳаммасини икки ёзги таътилда ўқиб чиққанман. Мен ўшанда ўрта мактабнинг биринчи синфида ўқирдим. Ундаги ҳамма нарсани тушунмаганман, ярмини ҳам тушунмаганман. Лекин, ўқиганман. Ундаги хабарларнинг кўпи хотирамда муҳрланиб қолган. Анча вақт бўлгани, хотирам заифлашгани билан ҳамон ёдимда туради.

Мутолаа ўқувчи ва ўқитувчини биринчи навбатдаги зарурий ишидир. Ўқитувчи мактабда таълим берадиган нарсаларга чекланиб, билимини чуқурлаштириш, илмини ошириш учун мутолаа қилмас экан карвондан ортда қолиб кетади. Ўқувчилар орасида дарсини ёдлаб оладиган бўлади. Мутолаа табиблар учун, аниқланган касалликларни, даволаш йўлларида учрайдиган нарсаларни ва янги дориларни билиш учун зарурийдир. Дин пешвосига дунёда содир бўладиган нарсаларда Аллоҳнинг ҳукми қандай бўлишини билиш учун зарурийдир. Дунё олимларига дини ҳукмлари ва сир-асрорларини билиш учун зарурийдир. Бирор юрт тараққиёти даражасини билишни истасак, унда сотилаётган китоблар сонига қарайлик.

Бир талаба менинг олдимга арабий шеър ёдлашга кўп қийналишидан қаттиқ шикоят қилиб келди.

– Сени қийнаётган нарса нима, – дедим.

– Бир йилда икки юз байт ёдлашга қийналдим, – деди у.

Бир мудҳиш иш бўлгандай “икки юз байт”, деганда овозини кўтариб, қошини чимириб, кўзларини катта-катта очиб, ҳарфларига урғу берди.

Унга: “Ҳаммод Ровий кўпроқ ёдлар эди”, дедим.

– Ким у Ҳаммод Ровий?

– Уни билмаслигинг қизиқ. Ҳаммод Ироқда яшар эди. Куфа ҳокими уни халифа Ҳишом ибн Абдулмалик муҳим иш учун чақираётганини етказди. Ҳоким Ҳаммодга йўқлигида оиласига, Дамашққа халифани олдига сафар қилгани сарфлашга беш минг дирҳам берди. Халифа чақирган муҳим иш: Ҳишом таҳорат олганда ходим унинг қўлига ибриқ-идишдан сув қуярди. Шунда Ҳишом “ибриқ” сўзи келган шеърий байт ёдига келди. Байтни эслолмай сўраш учун уни чақирганди. Ҳаммод байтни унга айтиб берди:

Чақирдилар сабоҳда бир ичимлик,

Аёл келди муғанний, ўнгида идиш.

Кейин ундан сўради (гувоҳ ҳам бор эди):

– Эй Ҳаммод, қанча шеър ёдлагансан?

– Билмайман, эй амирал мўминин. Лекин, алифбо ҳарфларининг ҳар бирига таниқли юзта шоирнинг юзта қасидасини айтиб бера оламан.

– Қани айт, – деди Ҳишом.

У халифа зериккунча шеър айтди. Кейин уни эшитадиган кишини вакил қилинди. Ёддан икки минг икки юз қасида ўқиди.

Агар ўша қасидалардан камида йигирма байт ўқиса, қирқ тўрт минг байт бўлади. Сен эса икки юз байт ёдлашни кўп санаяпсан!

Хотира бу – араб ёки ислом хотирасини бошқалардан ажратиб турувчи биринчи белгидир. Чунки барча илмлар хотирадан нақл қилинган ва ривоят этилган. Илмни ёйиш ва таълиф қилиш фақат иккинчи аср охирларида бошланган.

Муҳаддисларнинг хотираси мўъжизадир. Улар орасида Дорақутний каби юз минг ҳадисни санади билан ёдлаганлари бўлган. Санад нималигини биласизми? У ҳадисни ривоят қилиш йўлидир. Яъни уларнинг: бизга палончи пистончидан ҳадис айтиб берди, деганларидек. Мана шу санаддир. Улар орасида ўнг минг, ундан ҳам кўп ровийлар исмларини ёдлаганлари бор. Ўнлаб ҳадисларни бир марта эштиб, ёдлаб оладиганлари бўлган.

Шофеъий Имом Моликнинг олдига бориб, унинг ҳалқасида ўтирди. Молик ҳадис айтарди, талабалар ёзардилар. Шофеъийнинг қалам ва қоғози бўлмаган. Тупиги билан бармоғини хўллаб, тирсагига ёзарди. Ёзишни нашр қилиш учун эмас, ҳадисларни ўз хотирасида сақлаб қолиш мақсадида қиларди. Уни кўрган Молик масхара қиляпти деб ўйлади. Шофеъий айтдики:

– Эшитган нарсаларимни ёдлаш учун ёзяпман. Ҳохласангиз уни қайтариб бераман.

– Қайтар, – деди Молик.

У дарснинг ҳаммасини қайтариб берди.

Бухорийнинг Бағдоддаги ҳикояси ғаройиб бўлган.

Бухорий Бағдодга бориб, дарс учун ўтирди. Бир йигит унинг ўткир хотирасини баъзи муҳаддисларга билдиришни истади. Улар юзта ҳадисни матнларини санадлари билан аралаштириб, яъни бу матн санадини нариги матн санадига қўйиб айтдилар. Ўн киши ҳар бири ўнтадан аралаштирилган ҳадисларни ёдлаб келишди. Бухорий дарс қилишга ўтирганди. Уларнинг биринчиси ўрнидан туриб: “Мана бу ҳадис ҳадис ҳақида нима дейсиз”, деб аралаштирилган ҳадислардан бирини келтирди. Бухорий “билмайман”, деди. Иккинчи, учинчи то ўнинчиси ҳақида сўради. У “билмайман”, дерди. Биринчи киши бўшаб ўтирди. Иккинчи киши туриб биринчиси каби иш қилди. Учинчи, тўртинчиси то юзта ҳадис айтиб бўлинди. Бухорий “билмайман”, дерди. Инсонлар ажабланди. Оламон уни жоҳил киши деб ўйлади. Чунки юзта ҳадисдан сўралганда ҳеч нарса билмади. Барчаси (саволлардан) фориғ бўлганларида Бухорий биринчи кишига “Ўрнингдан тур”, деди. У ўрнидан турди. “Сен сўраган биринчи ҳадисни мана бундай ривоят қилдинг. Унинг жавоби бундай бўлади. Иккинчи ҳадисни мана бундай ривоят қилдинг. Унинг жавоби бундай бўлади”... То юзта ҳадисни хато ва тўғрисини қайтариб айтиб берди.

Бухорийнинг ҳадисларни тўғрисини ёдлагани эмас, балки хатоларини ҳам ёдлаб қолгани ғаройибдир.

Абулъало Муъаррийнинг ҳикояси бундан ҳам ғаройиб қисса. Уни ишончли тарихчи Ибн Адим ривоят қилган.

Муъаррий масжидида ўтирар эди. Масжид ёнида икки румлик киши румий тилда гаплашар эди. Муъаррий рум тилини билмасди. Бироздан кейин бир нарса ҳақида тортишиб қолишди. Ишни қозигача олиб боришди. Бири ҳужжат келтиришни талаб қилди.

– Биз билан ҳеч ким йўқ эди. Бироқ, масжидда бир шайх гапимизни эшитиб ўтирарди. Уни чақиринг, – деди. Қози Муъаррийни чақирди ва унга савол берди.

– Мен иккиси айнан нима ҳақида гаплашганини билмайман. Лекин, сизга сўзларини қайтариб бераман.

Уларнинг рум тилида қайтариб айтиб берди. Бу ҳикоя, агар тўғри бўлса, энг ғаройиб, ажойиб ҳикоядир.

Мутанаббиъни ҳикояси:

У ҳажми кичик китоб сотиб олгани тўхтади. Китобга қараб турарди.

Сотувчи:

– Олмоқчи бўлсанг пулини тўла. Ёдламоқчи бўлсанг тик туриб ёдлай олмайсан.

– Уни ёдлаган бўлсам нима қиласан?

Сотувчи:

– Агар ёдлаган бўлсанг у сенга.

– Ушла, қараб тур, – деди Мутанаббиъ.

Уни ўқиб берди. Қарасаки, уни ёдлаб бўлганди!

Ғаззолий...

Ғаззолий айтади: Фойда олган устозларимдан бири қароқчи бўлган. Бир марта йўлимизни тўсиб, карвондаги ҳамма нарсани олиб қўйди. Менинг таълиқотимни ҳам (таълиқот – уламолардан эшитган нарсаларни ёзиб қўядиган эслатма дафтардир).

“Ундан фойдаланардим”, деди Ғаззолий.

– Молим ва матойимга афсус қилмайман. Аммо таълиқотимга...

– Таълиқотинг нимаси?

– Барча илмим ёзилган дафтардир.

Қароқчи кулиб юборди.

– Дафтар кетса сендан кетадиган илм қанақаси?!

Ғаззолий:

– Бу дарсдан сергак тортдим. Китоб кетса кетиб қолмаслиги учун эшитган ҳамма нарсани ёдлайдиган бўлдим.

Шунинг учун айтадилар:

Сандиқ ичидаги эмасдир илм,

Илм дейилур, қалбдаги билим.

 

Равшанбек ЎРИНБОЕВ

“Ҳазрати Билол” жомеъ масжиди имом-хатиби

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!