Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Шайх ҳазрат сабоқларидан: Кераксиз сўз

2674

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир», дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Бутун умри давомида ушбу ҳадиснинг тирик тимсоли бўлган, исломи ҳам шунга яраша гўзал бўган зотлардан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Инсоннинг Исломи гўзал ва ҳуснли бўлиши ундан аҳамиятли бўлмаган барча нарсаларни тарк этишни тақозо қилади. Ҳаром қилинган нарсаларни, шубҳали нарсаларни, макруҳ нарсаларни, мубоҳларнинг ортиқчасини ва ҳожати йўқ нарсаларни тарк қилишни тақозо этади. Ушбу нарсаларнинг барчаси Исломи гўзал бўлган ва эҳсон даражасига етиб, «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар у Уни кўрмаса, Аллоҳ уни кўриб тургандек ибодат қилиш»га эришган банда учун «маа лаа яъни» нарсалардир.

Ким Аллоҳ таолога қалби билан яқин бўлиб, У Зотни кўриб тургандек ёки Аллоҳ таоло унга яқинлигини ва уни кўриб, билиб, ҳисобини қилиб турганини ҳис этиб ибодат қилса, унинг Исломи гўзал бўлади. Ана ўшанда мазкур банда Исломда аҳамиятсиз саналган барча нарсаларни тарк қилади ва Исломда аҳамиятли саналган барча нарсалар билан машғул бўлади.

Ушбу мақомга эришган банда Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш мақомига ва ҳаё қилиниши лозим бўлган нарсадан ҳаё қилиш мақомига эришади.” (“Дин насиҳатдир”)

Ҳазратнинг нафақат асарлари балки ҳаёт тарзлари, турмушлари мусулмон кишига тўла ибрат манбаи эди. Улуғлар вақтнинг қадрини бошқалардан кўра яхшироқ тушунишган. Уларнинг улуғлиги ҳам шундандир балки. Ҳазратнинг қисқа умрлари мобайнида кун тартиблари қатъий белгилангани, бирор вақтни ҳам зое қилмасликлари, вазифаларини ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглашларини оила аъзолари хотирлашади: “Қуръони каримни кўп ўқир ва эшитар, озгина фурсат бўш бўлиб қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар”.
 
Шайх ҳазратларининг шогирдларидан бири Исҳоқжон домла Бегматов у зот билан боғлиқ қуйидаги хотирани эслайдилар:

Бир куни суҳбатимиз чоғида таажжубланарли ва афсусланарли воқеани ачинган ҳолда сўзлаб бердилар: «Тунда, чамаси соат ўн иккиларда уйдагилар: «Сизни телефонда сўрашяпти», деб қолдилар. Дарс қилаётган эдим. «Шунчалик муҳиммикин дарсдан қолдириб? Ярим кечада телефон килаётган ким экан ўзи?» деб сурадим. Уйдагилар: «Фалончи ҳожилар экан, нихоятда муҳим саволлари бор экан, ҳозир шунинг жавобини билмасак бўлмайди, дейишяпти» деган жавобни беришди.

Ноилож, дарсни колдириб, телефонни олдим. Салом аликдан сўнг мени безовта қилган ёшлари улуғ ҳожи акани танидим. У киши ўта муҳим саволи борлигини айтиб, уни сўрашга ижозат олди. Саволи шу мазмунда эди: «Ҳазрат, ҳозир бир жойда ҳожилар йиғилишиб, «гап»да ўтирибмиз. Суҳбатимиз асносида бир саволнинг жавоби муаммо бўлиб қолди. Ҳамманинг фикри иккига бўлиниб қолди, ечим топилмаяпти. Охири келишган ҳолда сизни ярим тунда безовта қилиб бўлса ҳам шу саволни сўрашга қарор қилдик. Саволимиз қуйидагича: аёл кишининг тунда ётоғида гулли лозим кийиб ётишига рухсат борми ёки йўқми? Бир гуруҳимиз «рухсат» десак, бошқаларимиз «бу мумкин эмас» дейишяпти. Шунинг ечимини ўзингиз топиб бермасангиз бўлмайди».

Бу саволдан бир муддат ўзимга келолмай қолдим. Ўзимни қўлга олиб, у кишига шундай дедим: «Эй ҳожи ака, бир гуруҳ ҳожи акалар бир жойга тўпланиб, ярим тунда бошларингизни қотирган қаёқдаги тутуриқсиз «муаммо» билан бошқаларни ҳам безовта қилишдан уялмайсизларми? Қачонгача аёллар лозимининг ичида ўралашиб юрасизлар? Бунинг ўрнига бирор фойдали иш ёки дунё ва охиратингизга манфаатли бўлган машғулот билан шуғулланиш вақти келмадими? Сизлар аёлларнинг ётоқда қандай лозим кийиши ҳақида соатлаб тортишиб ётганингизда бошқа дин вакиллари Ойга чиқиб, сайёрани ўзаро тақсимлаб олишяпти. Қанчалаб ихтиро ва кашфиётлар қилишяпти. Ўз тараққиётлари билан бутун дунёни қўлга олишяпти. Дунёнинг бутун халқини ўзларига бўйсундиряпти. Сизлар нима қиляпсизлар, нима ҳақида бош қотиряпсизлар? » деб қаттиқроқ гапирдим, анча-мунча танбеҳ бердим.

Шайх ҳазратлари билан турли сафарларга чиқилганида ҳам йўлда ортиқча гурунгга берилмас, асосан зикр билан машғул бўлар, агар илмий мавзуларда сўз очилсагина суҳбатга қўшилар эдилар, дея хотирлашади яқинлари. 

«Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса, умрни бекор ўтказишдир». («Руҳий тарбия» 1-жуз)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни эмланишга чақирди

133 23:45 23.07.2021

Эронда сув таъминотидаги узилишлар намойишларга сабаб бўлди

104 23:10 23.07.2021

Кандован – қоядаги афсонавий қишлоқча

401 21:55 23.07.2021

Ўзбекистонга яна уч турдаги вакцина келтирилиши мумкин

449 21:10 23.07.2021

Европа Иттифоқи афғонистонлик қочқинлар оқимини тўхтатиш учун маблағ ажратади

295 20:05 23.07.2021

Ўлим жазоси берилган ўн икки киши сабабли Мисрга босим ўтказилмоқда

604 19:20 23.07.2021
« Орқага