"Шайх ҳазратлари менинг иймонга келишимга сабабчи бўлдилар..."

19:00 05.04.2019 1957

Бир вақтлар намоз ўқийдиган, соқол қўйган одамларни кўрганимда уларга қўрқув билан қараб турардим. Ростини айтсам, менда исломофобия шаклланган эди.

Вилоятдан Тошкентга ўқишга келдим, дунё қарашим, фикр доирам кенгая бошлади. Тошкентда тез-тез намоз ўқийдиган одамларни кўриб қолардим, ўзимча уларни асосий вақтларини таҳорату намозга сарфлашади, худдики уларни бундан бошқа қиладиган ишлари йўқдай туюларди.

Соқол қўйган одамларни кўриб қолсам, тасаввуримда улар «радикал», мақсади ёмон одамлардек гавдаланар эди. Аслида айни акси эди. Бундай фикрлашимга асосий сабаб ижтимоий муҳит ва телевидение сабаб бўлган бўлса керак, деб ўйлайман.

Шу тарзда ҳаётим давом этарди. Бир куни лицейдан уйга газелда қайтаётган эдим. «Самарқанд Дарвоза» супермаркетига етганимда турнақатор тирбандликда қолиб кетдик. Шунда машина ичидагилар атрофга қарай бошлашди, айримлари тушиб қаергадир югуриб кетишди. Ўтирганлар, «Шайх, Шайх», деб гапира бошлади. Бирлари у кишини дунёда 5 та энг катта Ислом уламоларидан эди, деди. Яна бирлари, Ҳазратнинг жойлари жаннатда бўлсин, деди. Тушундимки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф исмли киши вафот этган ва уларнинг жанозалари ўқиладиган вақт экан.

Бу қандай инсон? Одамлар фақат у ҳақида гапиряпти, Самарқанд дарвоза чорраҳасидан кўкчага қараб кетган машиналар ва оломоннинг кўплигини кўриб бу инсон ким экан, шунча киши йиғилган, деган мулоҳазалар билан уйга қайтдим. Энди мени бир савол қийнар эди. Нега мен у кишини танимайман. Нега телевидениеда кўрмаганман. Шунча катта Шайх бўлса, нега матбуотда кўриниш бермаган. Шу каби саволлар ичида тезда интернет орқали у кишининг исмларини ёздим. Гоогле у киши ҳақларида бир дунё маълумот чиқарди.

 

Вақти-вақти билан, уйда ҳеч ким йўқлигида интернетга кириб, у киши ҳақида видеолар ва бошқа маълумот ўргана бошладим. Бошида Ҳазратнинг видеоларини кўриб, дарров айтилган гап сўзларни эшитиб, ақлим инкор қилар эди. Бунга сабаб, Исломга ва мусулмонларга бўлган қўрқувим эди. Мен ўзимни ўша вақтлари, «мусулмонман» деб юрардим. Лекин эътиқодли мусулмонни дунёдан ортда қолган инсон сифатида тасаввур қилардим. Орадан анча вақт ўтди. Islom.uz портали орқали Шайх ҳазратларининг мақолалари, видеоларини кўриб, Ҳазратнинг айтаётган гаплари айни ҳақиқат эканини қалбан ҳис қилдим. Аллоҳ таолога ҳамд айтдим.

Аллоҳ Ҳазратимиздан рози бўлсин! Мен у киши сабабли иймон халоватини топдим. Ўзлигимни англадим.

Яратган бизларни илмда уларга муносиб авлод бўлишимизни насиб қилсин!

Аллоҳ таоло зурриётларимиздан Ҳазратимиз каби олимларни кўп чиқарсин!

Исмоил Сафаров

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!