Аҳли ирфон

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат. Мутаассибликда айбловлар

697

– Кавсарийга қарши тоифалар уни “олимлиги таассублигининг соясида қолиб кетган” деб айблашади. Уларга кўра, Кавсарий илми ҳадисда ва илми рижолда Ибн Ҳажар кабидир. Лекин мутаассиб ҳанафийлиги илмининг обрўсига путур етказади.

Кавсарийни илмда енголмаганлар энди турли-туман бўҳтонлар билан талабаларни ҳам ундан узоқлаштирмоқда. Афсуски, бу тарғибот маълум даражада ўз таъсирини ҳам кўрсатган. Қаерда кутубхона ёки китоб дўконларига бормай, учратган талабаларимдан Кавсарий ҳақида сўрасам, унинг асарларини ўқимаганлари етмагандек, “у мутаассиб ҳанафий”, дейиш билан кифояланмоқда. Бу ҳолат араб мамлакатларининг университетларида диний таълим бераётган ўқитувчиларда ҳам учраб турибди. Бу каби айбловларга фикрингизни билмоқчи эдим.

– Аввало, таассуб нима? Шуни таҳлил қилишимиз лозим. Олимларга кўра, таассуб деб ҳақиқат бошқа томонда бўлса-да, бошқа бир кишининг гапи ёки қарашини олишга айтилади. Мисол учун, Абу Ҳанифа ва Шофеъий бирор масалада ихтилофга боришса – шахсан ўзим толиби илмман, ҳанафий бўлиб ўсганман, ҳанафийман – Абу Ҳанифа шундай-шундай деяпти-ю, лекин Шофеъий эса унга тескари нарсани гапиряпти. Мавзуга алоқадор барча далиллар Шофеъий томонда эканлигини кўриб-билишимга қарамай, Абу Ҳанифанинг қарашини далилсиз оладиган бўлсам, бу таассублик ҳисобланади. Таассуб айнан мана шу нарсадир. Бу маънодаги таассуб фисқ ҳисобланади. Агар биз олимларимизни мутаассибликда айблайдиган бўлсак, мисол учун, Нававий, Шерозийни мутаассиб шофеъийлар, Марғинонийни мутаассиб ҳанафий, дейдиган бўлсак, биз уларни фосиққа чиқарган бўламиз. Уларга бўҳтон қилган бўламиз. Мусулмон инсон шундай қилиши мумкинми? Албатта, йўқ! Бунинг энг яхши чораси “фалончи олим мазҳабини қаттиқ ушлаган”, дейиш. Ҳа, олимларимиз маълум бир мазҳабга тобе бўлиб етишганлар. Чунки маълум бир мазҳабнинг қарашлари қабул қилинган жойларда яшаганлар.

Сизга шундай мисол келтираман: сиз турксиз, мен эса сурияликман. Сиз Туркиянинг одатларига ўргангансиз. Мен эса бошқа мамлакатникига. Сиз ўз одатларингизга кўра иш қилсангиз, мен ҳам ўзимникига кўра иш қиладиган бўлсам, ташқаридан бизни кўрган бошқа одам на сизга, на менга ўргана олади. Яна иккимиз ҳақимизда гапирадиган бўлсак, бошқа-бошқа мамлакатларда улғайганимиз учун сиз ейдиган нарсалар бошқа, меники бошқа бўлади. Сиз ўз юртингизникини яхши кўрасиз, мен ўзимникини. Меникини сиз ёқтирмайсиз, сизникини мен. Бу нарсани танқид қилиш асло тўғри бўлмайди. Ақл ҳам бунга қаршидир.

Нега?

Чунки иккимиз ҳам маълум одатлар атрофида, турли одамлар орасида етишдик. Илм ҳам худди шундай. Олимларимиз маълум бир одат ва мазҳабларда етишдилар, ёшликларидан бошлаб, 20-30 ёки 50-60 йил давомида ўша мазҳабларга эргашиб яшадилар. Маълум бир ўлчов, тушунча, руҳ, ақл, етишиш, одатлар... Буларнинг барчаси қандай қилиб бир онда ўзгариши мумкин?.. Унинг қон-қонига сингиб кетган нарса, энди ундан қандай қилиб ажралиши мумкин? Агар бирор мазҳабга боғланган бўлса, унга ҳурмат кўрсатилади. Бунинг Исломга зид томони йўқ. Лекин бу ерда яна бошқа бир нуқта бор, у ҳам бўлса, олимларимизнинг уфқлари нақадар кенг эканлигини кўрсатади: ҳақиқатан, бир ҳанафий олим шофеъийни ҳурмат қилади; шофеъий ҳам ҳанафийни ҳурмат қилади. Шу боис ҳам “Фақат бизнинг мазҳабимиз ҳақ!” дейиш ҳар икки томонда ҳам нотўғри деб қабул қилинган. Худди шу тарзда “Бошқа мазҳаблар хато, адашган” деган сўзни ишлатиш ҳам нотўғри ҳисобланади. Уларнинг тўғри топганлари бизни адаштирмагани сингари уларнинг хатолари ҳам бизни тўғри қилиб қўймайди. Бироз олдин ҳам айтиб ўтганимдек, таассубнинг илмий маъноси далили бор олимнинг сўзини қўйиб, далилсиз бўлиб якка қолиб кетишдир. Далилга қарамай, тўғрини қўйиб, маълум бир шахсларнинг қарашларини олишдир. Бошқа бир кишининг қарашини Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатига алмашишдир. Бу эса айни пайтда фисқдир. Лекин менда аниқ бир далил бўлса, сенда ҳам ўзинг тўғри деб билган далил бўлса, бунга далилларга асосан қарашларни ҳимоя қилиш дейилади, таассуб дейилмайди. Фалончи олимнинг ёки фалон мазҳабнинг қарашларида собит туриш ёки турли қарашга эга бўлиш ҳаром бўлмагани сингари, фисқ ёки хато ҳам бўлмайди.

Мисол учун, фиқҳда кўп нарсалар ихтилофли. Баъзан далил, баъзан далилнинг далолати зонли (гумонли) ҳисобланади. Бу каби нарсаларда олимларимиз кучли эканлигига ишонилган далилни қабул қилишлари ёки далил далолатининг янада очиқ бўлганини олишлари таассуб эмас, аксинча илм омонатига садоқат ҳисобланади. Олим бўлишлари айнан шуни тақазо қилади. Шундай экан, Кавсарийга мутаассиб айбини қўйганлар ё таассубнинг маъносини тўғри билмайди, ёки улар бўҳтончи.

Иҳсан Шеножакнинг Муҳаммад Аввома билан суҳбати
Абдуллоҳ РАҲИМБОЕВ таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат. Кавсарий, Абу Ғудда, Аввома

435 23:05 24.08.2019

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат. Мустафо Сабри домла

687 22:05 13.08.2019

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат. Асарлари

476 22:05 10.08.2019

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат. Саҳоба ҳақида мулоҳазалар

638 22:05 08.08.2019

Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат – уламоларга кўра Кавсарий... (2 қисм)

437 22:00 30.07.2019
« Орқага