Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний камтарликларидаги салобат

18:45 20.04.2019 3018

Уч-тўрт кундан бери диёримиз зиёрати ва зиёфатида юрган шайх, муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийни ким эканлари ҳақида кўп сўрашмоқда. Танитиш учун анъанавий йўлдан оғмоқчиман.

Шайхнинг "Буҳусун фи қазоё фиқҳийя муосира", яъни "Замонавий фиқҳий муаммолар хусусида баҳслар" китоблари диёримиз аҳли илмлари орасида севиб ўқиладиган ишончли китоб ҳисобланади. "Байлар фиқҳи" китоби эса ҳозирда савдо-сотиқ илмини, хусусан, Ислом иқтисоди ва молиясини тушунишда энг муҳим китоблардан саналади. Унда яна "Ислом савдоси қонунлари" ҳам ишлаб чиқилган. Шайх Усмонийнинг бу китоблари дунё қонунчилари томонидан ҳам чуқур ўрганилади. Шайхнинг мазкур китобларидан Azon.tv’даги "Динда саволим бор" кўрсатувида ҳам бот-бот фойдаланмоқдамиз.

Шайх Муҳаммад Тақий ҳозирги дунё иқтисодий-молиявий инқироз ёқасида турган бир пайтда, жаҳонга муқобил иқтисодий система – Ислом иқтисоди асосларини таклиф этяптилар. Бу асослар Давосдаги халқаро иқтисодий форумда ҳам бир неча бор мубоҳаса этилган. Шайхнинг яна бир кучли жиҳатлари дунё қонунчилигини яхши билишлари ва Ислом фиқҳи билан уни моҳирона муқояса қилишларидир.

Бу қисқа таништирувда у кишининг ҳадис ва фиқҳ илмига қўшган ҳиссалари, аҳли илмдан иборат хонадон аҳллари ҳақида гапирмадим. Бу жиҳатларни таъриф этмакка қалам қосирлик қилади. Шунчалик фазл эгаси бўлишларига қарамай, бугун у кишида менга кўринган энг ёрқин фазилат – камтарликларидан кўп мутаассир бўлдим.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!