Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Шайх вафот этганига беш йил бўлди...

2718

Бугун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратимиз дунёдан ўтганларига беш йил тўлди.

Қаранг, дарров беш йил ўтибди. Ҳазратимизни эслайлик.

2014 йилнинг 9-апрелида Ҳазрат Самарқандга ташриф буюрган эдилар ва гўзал суҳбат қурган эдилар. Вафотларидан ўн бир ой муқаддам бўлган ўша суҳбатнинг бир қисмини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Ёшлар ҳақида
Турли оқим ва фирқаларга қўшилиб қолаётган ёшларимиз ҳақида суҳбатлашамиз.

Ён-атрофдаги мамлакатларда “Ҳизбут таҳрир”, “Ваҳобийлик” каби оқимлар кучайган. Россияда оқимман, фирқаман деганининг ҳаммаси бор. Бошқа ерларда тазйиққа учраган турли оқимларнинг вакиллари бориб, ўша ерга жойлашган. Собиқ Иттифоқнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам кўплаб ёшлари ишлаб, пул топиб келгани Россияга оқиб бормоқдалар. Буни кўрган ҳов, четдаги пулдор ғайридинлар, уларнинг нуфузли ташкилотлари ўз вакилларини юбориб, ана шу тажрибасиз, дин асосларини мукаммал билмайдиган, диннинг ўзини ҳам яхши тушунмайдиган ёшларни ўз таъсир доираларига тортмоқдалар. Икки оғиз ширин сўзлари, берган беш-тўрт сўм пулларига алданган ёшлар ё бошқа динга ўтиб кетмоқда ё уларнинг айтгани рост экан, дея адашиб, мусулмон бўлдим, деб, ҳижрат қилсам, жаннатга кирар эканман, энг зўр мусулмон бўлишим учун жиҳодга боришим керак экан, деб турли юртларда бўлиб турган қонли урушларга кириб кетишаяпти.

Битта мисол. Номини айтмайман, битта қишлоқдан қирқ битта эркак тўпланиб, ишлаб, пул топиш, уй қуриш, машина олиш, тўй қилиш мақсадида Россияга кетибди. Ана, битта “ақлли” одам буларни мақсадига тез етказишнинг йўлини кўрсатибди. Тез бой бўлишдан ташқари, ҳақиқий мусулмон бўлиб, жаннатнинг “путёвка”сини ҳам нақд қилиб олишларини айтиб, уруш бўлаётган жойга олиб борибди. Ҳали бой бўладиган, жаннати бўладиган ерга етиб бормай туриб, булар минган автобуснинг устига битта бомба тушиб, ҳаммаси қирилиб кетибди. Бир қишлоқ эркаксиз, хотинлари эрсиз, болалари отасиз қолибди. Шу воқеани келиб, менга айтиб беришди. Кимга керак бунақа бой бўлиш, бунақа мусулмон бўлиш?

Россияга ҳам, Украинага ҳам, ҳатто Кореяга ишга борган ёшларимизнинг ҳам бошларини айнитишаяпти. Кореяга ишлагани борган болалар насроний динига ўтиб кетишаяпти. Кореядан келган бир йигит мана бундай воқеани айтиб берди. Булар ишлайдиган каттакон заводнинг эшиги ёнига ўзбекча гапирадиган одамлар ҳар куни келиб, христиан дини таълимотлари ўргатиладиган ўзбек тилидаги китобларни бизнинг ёшларнинг чўнтакларига суқишар экан. Уларга эргашиб, дин шу экан, деб чўқиниб юрган ёшларимиз ҳозир анчагина экан ўша ерда.

Россияда черковга хизматчи бўлиб ишга кириб олган ўзбеклар бор экан. Бизга бу ҳақда хабар берганлар уларнинг исми шарифларини, юртимиздаги манзилларини ҳам билишади.

Аммо ўз дини – Исломни яхши билган, англаган, аҳкомларига амал қилган ёшларимиз ҳам талайгинаки, уларни ҳеч ким тўғри йўлдан оздира олаётгани йўқ. Ҳатто ўша Кореяда ишлаётган ёшлардан ҳам бир гуруҳи бизга мурожаат қилиб, бизнинг интернет сайтларимиздан Ислом динининг ҳақиқатини англаётганликларини айтиб, намоз ўқиш қоидаларини ўргатишимизни илтимос қилишди. Ичларида бир киши намоз ўқир экан-у, бошқаларга ўргата олмаётган экан. Биз уларга керакли қўлланмаларни юбордик ва секин-аста улар динларини, ибодатларини мукаммалаштириб боришди. Натижа шуки, яқинда ўша ёшларнинг вакиллари қабулимга кириб, Кореяда масжид қуриб олишганини айтишди. Масжиднинг суратларини кўрсатишди. Ҳалол таомлар таёрлайдиган ошхона қуришганини айтиб, унинг ҳам суратларини кўрсатишди. Бизнинг китобларимиздан кутубхона қилишибди, унинг ҳам суратларини кўрсатишди. Булар бизнинг сайтларимиздан намозларни ўрганиб, бир-бирларига ўргатиб, ибодат қилиб юришган экан. Шу орада бир ҳайит бўлиб қолибди. Ҳайитни масжидда ўқимиз, деб, йиғилишса, бир неча автобус бўлишибди. Қизиғи, булар борган масжиднинг қавми буларча эмас экан. Бу келганларнинг ичида масжиднинг қавми билинмай ҳам кетибди. Ҳамма ҳайрон бўлибди. Бунча одам қаердан келди, бунча намозхон йўқ эди-ку, дейишибди. Ҳайит намозидан кейин булардан қаерлик эканини сўрашибди. Булар Ўзбекистонликлар эканини айтишибди. Қаердан келганликларини сўрашибди.

Масжидлари йўқлигини билиб, “Уят бўлибди-ку”, дейишиб, Корея ҳукуматидан ўзларининг номидан ҳалиги ўзбек ёшларига масжид қуриш учун рухсатнома олиб беришибди. Кейин ўзлари ёрдам бериб, пул қўшиб, ҳашарлашиб, масжид қуришибди. Масжид ёнидан ҳалол ошхона ва кутубхона ҳам қуришибди. “Энди бизга битта имом топиб беринг”, деб келишибди. Мен уларга ёрдам беришга ваъда бердим ва ҳукуматнинг одамларига бу ҳақда айтдим. Улар бундан жуда хурсанд бўлишди. “Сизга раҳмат, шу нарса жуда керак эди. Кореяга борган ёшларимиз диний билимга эга бўлмаганларидан бошқа динларга, оқимларга кириб кетаётган эди. Ўз динимиз ва ўз мазҳабимизда ибодат қилишса, биз жуда хурсанд бўламиз, албатта, уларнинг айтганини қиламиз, ҳар қандай ёрдамга тайёрмиз”, дейишди. Биз ўзимиз у ерда имомлик қила оладиган кишининг номзодини ҳам таклиф қилдик. (Бугун ўша масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазрат номи берилган ва бу масжидда Ҳазратимизнинг шогирди имомлик қилмоқда экан.)

Россияда ҳам одамларимиз масжидлар қуришди. Биз у ерда китобларимизни рус тилида чоп этиш мақсадида бир нашриёт ҳам очдик. У ердаги ўзбекларнинг талаби билан 2-3 мингта намоз китобини ўзбек тилида ҳам чоп этишди. Яна айрим китобларга буюртма беришган экан, уларни ҳам чоп этишаяпти.

Ўша ерда ҳам ўз мазҳабимизда намоз ўқишаяпти, Қуръон ўрганишаяпти, илм олишаяпти. Аммо турли бузғунчи оқимларга қўшилиб олганларнинг ҳоли нима бўлаяпти? Эшитаяпмиз, улар ўша ерда ҳам уруш-жанжал қилишаяпти экан. Россия ҳукумати ҳам уларни қувиб, таъқиб қилаяпти. Энг ёмони, қувилиб, Ўзбекистонга келгани ҳам жўнгина келаётгани йўқ. Ўша, ўзи топган ақидасини кўтариб келаяпти. Кўпини ҳукумат чегарадаёқ ушлаяпти. Аслида, уй қиламан, тўй қиламан, деб кетган одамлар на уйга, на тўйга етадиган пул олиб келмаётгани етмагандай, бошига, яқинларининг бошига балони кўтариб келаяпти. Ким уни топиб келаётган китоблари, қўлланмалари билан Ўзбекистонга киритади? Ҳеч ким. Қайтанга ушлашади, жазолашади. Ўзлари жазолангани етмагандек, ота-онасини, ака-укалари, фарзандларини ташвишга, гумонга, хавотирга қўйишади.

Четга ишлагани кетаётган болаларга қаттиқ тайинлаш керак, бориб, тўғри юрсин, боргач, христиан бўлиб олмасин! Камига қайтиб келгач, қавму-қариндошларини ҳам христианликка даъват қилмасин! “Ҳизбут таҳрир”га кирмасин! Турли фирқаларга кирмасин! Диндор бўлсин! Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлсин! Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бўлсин! Ҳанафий мазҳабида бўлсин! Тариқатда бўлсин! Яхши инсон бўлсин!

Ана шу масалада ҳаммамиз сергак бўлишимиз керак. Ана шунда ҳамма ишимиз яхши бўлади, хайрли, баракотли бўлади. Шунда ҳаммамиз хурсанд бўламиз.

***

Аллоҳим! Ҳазратимиздан қолган уммон янглиғ илмни ўрганиб, унга амал қилиб, Ўзингнинг розилигингни топишни, жаннатларда Шайх Ҳазрат билан дийдорлашишни Ўзинг бизларга насиб қилгин!

Каримберди Тўрамурод,
Шайхнинг мухлиси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: “Қуръон оятларининг насх қилиниши...”

88 11:02 29.10.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: “Қуръон оятларининг насх қилиниши...”

192 16:05 28.10.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Қазо ва қадар недир?»

760 12:05 13.10.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф:«Уч нарса иймоннинг аслидандир»

1343 16:05 12.10.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Суннат шуки...

527 16:35 07.10.2020

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Қайнотани дада дейиш...» (биринчи қисм)

2473 11:20 05.10.2020
« Орқага