Шайтон қаерда?

06:57 24.02.2018 3242

Шайтон даргоҳдадир, Маккададир. Тўрт деворни ошолмасми. Уни тош деворлар сақлар эканми?

Бир вақтлар Аллоҳ валийларидан бири бўлган Боязид Бистомий ҳазратлари ҳажга борди. Тавоф ва ибодатларни бажариб бўлиб “Масжид-ул Ҳаром”дан чиқар экан, не кўз билан кўрсинки, масжид эшиги олдида, қўли ва елкасига от юганларини осганча Шайтон турган эмиш. Бистомий “Бунинг не иши бор бу ерда”, деб хаёл сурди. Шайтоннинг олдига келиб, “Бу ерда нима қиляпсан”, деди. Шайтон эса “Менинг уловларим ичкарида тавоф қилишяпти. Чиқишларини кутяпман. Чиқишлари билан юганлаб, елкаларига минганча қайтиб кетаман”, дермиш. Ҳазрат Бистомий эса “Мен ҳам кутаётганларинг орасида борманми”, деб сўради. Шайтон истеҳзо билан тиржайиб ҳазратнинг қулоқғига эгилди ва дедики “Сенга югансиз ҳам минаман”.

Кунлар ўтди. Ҳазрат ҳаж арконларини бажариб, уйга қайтиш учун йўлга чиқди. Кўп саҳрою дала-даштлардан ошди. Бир куни бир анҳор бўйига келди, анҳорни кечишга чоғланар экан, бир дарахт остида букчайиб ўтирган қарияга кўзи тушди. Олдига бориб, ким эканлигини сўради. Қария, “Мен ожиз бир инсонман. Ҳаж қилиб келяпман, аммо бу анҳордан ўтолмаяпман”, деди. Ҳазрат Бистомий почаларини шимариб, қарияни елкасига опчиганча сувни кечишга тушди. Анҳорнинг ўртасига борганда қария энгашиб ҳазратнинг қулоғига пичирлади: “Сенга югансиз ҳам минаман дегандим-ку”...

Шундай экан, шайтон қаерда? Уни даргоҳдан ёки Маккадан қидир. У менга минолмас дея кибрланма, сенга югансиз ҳам минади. Истасанг Боязид бўл. Бу ерда сўз даргоҳни ҳам, Маккани ҳам аслида инсоннинг ичида эканини англамоқдир. Аллоҳ еру осмонларга сиғмадим, мўмин қулимнинг қалбига сиғдим демадими? Демак не қидирсанг даргоҳдан ёки Маккадан эмас, ўзингдан қидир. Ўз қалбингдан қидир...

Муҳаммад Али ЮСУПОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!