Ислом

Шайтонни ҳаётингиздан узоқ тутинг

1080

Воиз: Умар Сулаймон

Барчангиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шайтонни ҳақорат қилмаслик ҳақидаги ўгитлари ҳақида билсангиз керак. У зотнинг марҳамат қилишларича, агарда уни ҳақорат қилинадиган бўлса, у катталашиб кетади. У ўзининг кибридан уйингиздан ҳам катталашиб кетади. Сарвари Коинот бизни уни ҳақорат қилиш ўрнига «Бисмиллаҳ», деб айтишга тарғиб қилганлар. Агарда Аллоҳ таолонинг зикри қилинадиган бўлса, у пашшадан ҳам кичик бўлиб қолади.

Шундай қилиб, Пайғамбаримизнинг ўгитларига қулоқ тутсак, у зоти бобарокот бизга шайтонни қандай қилиб қуролсизлантириш ва кучсизлантириш ҳақида махсус таълимотлар берадилар.

Шулардан бири (50/4) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, у киши айтадилар:

«Расулуллоҳдан қуйидагиларни эшитдим: «Ким уйига кираётганида ва таом пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон шерикларига: «Сизларга ётоқ ҳам, овқат ҳам йўқ», деб айтади. Ким уйига кираётиб, Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон шерикларига: «Ётоқларингизга етишдингиз», дейди. Таом пайтида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон шерикларига: «Овқатга ҳам етишдингиз», дейди» (Имом Муслим ривоятлари).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо агар бирортаси аёлига қўшилаётганда: «Бисмиллоҳи, ё Парвардигоро, мени шайтондан ва шайтонни Сен бизга ато этадиган фарзандимиздан йироқ қилгил!» – деса, Аллоҳ таоло уларга фарзанд тақдир қилган бўлса, шайтон унга мутлақо зарар етказа олмайди», дедилар.

 Субҳаналлоҳ! Сиз ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Киши ҳаттоки аёли билан яқинлик қилаётганда ҳам шайтоннинг мавжудлигидан ва унинг фитнали режасидан огоҳ бўлиши талаб этиларкан.

Юқорида айтиб ўтганимиз дуони ўқигач, агарда мана шу жуфтликка Аллоҳ таоло айнан ўша онда фарзанд ато этадиган бўлса, ўша фарзанд шайтоннинг зараридан омонда бўлади.

Бундан ташқари, «Бисмиллаҳ» дея Аллоҳ таолони зикр этиш билан биргаликда Қуръони Карим сураларидан бирортасини овоз кучайтиргичда уй ичида баланд овозда қўядиган бўлсак ҳам шайтонни уйдан қувиб солишга кифоя қилади. Аммо ўзингиз ҳам Қуръонни тиловат қилиб туришингиз керак. Шунчаки, суранинг mp3 шаклини эшиттиришнинг ўзи билан кифояланиб қолмасдан, гарчи уни тинглашни ўзи ҳам жуда фойдали бўлса-да, барибир Қуръонни ўзингиз тиловат қилишингиз керак. Чунки Қуръонни тиловат қилиш ва Аллоҳни зикр қилиш бу фақатгина уйни шайтондан тозалаш эмас, балки сизнинг тилингиз ва қалбингизни ҳам поклаш ҳисобланади.

Пайғамбаримиз бу борада Қуръоннинг энг узун сураси ҳисобланадиган Бақара сураси ҳақида шундай дейдилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз: «Уйларингизни қабрга айлантирманглар. Бақара сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди», дедилар.

Бу дегани Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон учиб қочиб чиқиб кетади. Айниқса, Бақара сурасининг саййидаси ҳисобланадиган Оятал курсий ҳақида Расули Акрам алоҳида тўхталиб ўтганлар.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», дедилар.

Ушбу ҳадис ан-Нўъмон ибн Башир томонидан ҳам ривоят қилинган.

Бу ерда оладиган хулосамиз шуки, Аллоҳ субҳанаҳу таолони зикр қилиб, қалбингизни У зот ёди билан тўлдирар экансиз, шайтон қалбингизга ҳатто мўралай олмайди. Бундан ташқари, фикру хаёлингизни У зотни зикри билан, У зот ризолигига қандай эришиш, ўз илмингиз билан қай тарзда хизмат қилиш, У зотга мақбул бўлган хайрли амаллар билан машғул бўлишлик ва ҳ.к. билан ўз-ўзингизни банд этар экансиз, буларнинг барчаси ҳаётингизда шайтонга ўрин ҳам қолдирмайди. Шайтон учун ҳаётингизда ҳеч қандай бўшлиқ яратманг! Унга ҳаётингиздан жой берманг! Агарда ўзингиз унга жой берсангиз, у бу жойни дарҳол эгаллаб ўзиники қилиб олади. Бу эса унинг учун айни муддао бўлади. Агарда сиз унга на қалбингиздан, на фикру хаёлингиздан, на уйингиздан ва на оилангиздан жой бермас экансиз, шайтон учун сизнинг хонадонингизда ҳеч қандай ўрин қолмайди.

Аллоҳ таолодан бизни шайтондан ҳимоя қилишини сўрайман.

Таржимон:  Умму Муҳаммадийн

Манба: https://youtu.be/2_8_rwQ8hR8

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тафаккур ёхуд ғайридиннинг Ислом ҳақидаги фикрлари

1739 08:00 13.11.2019

Мусулмонлар қачон ривожланади?

708 11:00 12.11.2019

Фарзандини олим қилмоқчи бўлган оналар...

930 19:00 11.11.2019

Ҳазрати Умар ўғрининг қўлини кесмади...

1119 17:00 08.11.2019

«Тур ўрнингдан, янги ҳаёт бошлаймиз!»

559 08:00 07.11.2019

Ҳасаддан қандай қутулиш мумкин?

569 22:05 28.10.2019
« Орқага