Илм

Шайтоннинг улови

1086

Динда ҳаддан ошиш шайтоннинг уловидир. Шайтони лаъин мусулмон бандани йўлдан уриш ва уни залолатга бошлаш учун икки йўлдан фойдаланади ва мусулмон банда ана шу икки йўлдан қайси бирига юрса ҳам шайтон учун фойдалидир:

Агар мусулмон банда ғайратсиз ва камчиликка йўл қўйиб юрадиган кишилардан бўлса, шайтон уни хорлашни кучайтиради, зиммасидаги мажбуриятларни бажармасликни унга енгил бир иш қилиб, ҳаром амалларга қўл уришни чиройли қилиб кўрсатади. Натижада мусулмон ана шу ишлари билан Аллоҳ ва Расулининг итоатидан йироқлашиб кетаверади.

Агар мусулмон банда ғайрат-шижоатли ва олий ҳиммат кишилардан бўлса, шайтон у қилаётган амалларни унга камдек қилиб кўрсатади, дин олиб келган ишлардан кўра кўпроғини қилишни зийнатлаб кўрсатади. Натижада бу иши билан уни динда ҳаддан ошишга ва бидъат ишларга қўл уришга олиб бориб қўяди. Ана шу йўлни баркамолликка етиш учун энг қулай йўлдир, деган васвасага солиб қўяди ва унинг динини бузади.

Шунинг учун ҳам динимиз бир қанча оят ва ҳадислар орқали динда ҳаддан ошишдан огоҳлантириб келган. Жумладан:

– шариат чегараларини лозим тутишга буюради ва ундан ошиб ўтишдан қайтаради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”.[ Бақара сураси, 229–ояти]

 Ва яна:

 “Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир”.[ Ҳуд сураси, 112–ояти]

Динда ҳаддан ошиш ҳам туғёнга кетиш ва Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилишга киради.

– шунингдек, динда ҳаддан ошиш ва унда ўзига оғир қилиб олишдан ҳам қайтарган:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг” [Нисо сураси, 171–ояти].

Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”, деганлар [Ибн Можа, Насоий ва Аҳмад].

Яна: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”. [Бухорий]

Ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳ ал-Борий” асарида юқоридаги ҳадисни шарҳлай туриб, шундай деган: “Киши диний амаллар борасида ҳаддан ошиб, енгилликни тарк қилар экан, ожизлик қилиб, амал қилишдан тўхтаб қолади учун ҳам дин ундан ғолиб келади”.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а): “Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Шундай экан унинг ичига енгиллик билан кириб боринг. Ўзингизни Аллоҳнинг ибодатидан нафратлантириб қўйманг”, деган [Ибн Муборак “Аз-Зуҳд вар-рақоиқ”да ривоят қилган].

– шунингдек, оят ва ҳадисларда динда ҳаддан ошганларнинг оқибати ҳалокат экани баён қилиб ўтилган:

Пайғамбар (с.а.в) уч бора такрорлаб: “(Динда) чуқур кетганлар ҳалок бўлсин!”, деганлар [Муслим].

Имом Нававий “Шарҳу Муслим”да: “Динда чуқур кетганлар”– ҳаддан ошганлар, сўзлари ва амаллари билан чегаралардан тажовуз қилганлардир, деган.
 
Алоуддин Ҳофий

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Инглиз католик черкови: «Жанна д'Арк – шайтон!»

3423 22:00 07.03.2020

Кўпчилик ҳақми ё озчилик?

1197 07:40 09.02.2020

Икки тоифа инсонга... таассуф ва шайтоннинг зурриёдлари

1429 12:20 08.02.2020

Керак бўлса шайтоннинг ўзи ёрдам қилади...

2276 12:20 03.02.2020

Шайтоннинг яширин йўллари

1554 19:20 21.01.2020
« Орқага