Иймон

Шайтоннинг яширин йўллари

1554

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:
إن كيد الشيطان كان ضعيفا
“Албатта шайтоннинг ҳийласи заифдир”. Нисо сураси 76-оят. 

Дарҳақиқат, шайтоннинг васваса ва ҳийлалари жуда заифдир. Уни даф қилиш учун Аллоҳни эслаб, Ундан паноҳ сўраш кифоя, лекин инсоннинг бошқа бир душмани ҳам бор, у эса ҳавойи нафс ва қалб касалликларидир. Агар булар бўлмаганида шайтон инсонни васваса қилиш тугул унга яқинлаша олмас эди. Умар р.а. ҳавойи нафсларини жиловлаган, камолотга етган инсонлардан бўлганлари учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в):
إن الشيطان ليفرق منك يا عمر 
“Шайтон сендан қочади, эй Умар”
(Муснади Аҳмад) дедилар. 

Бошқа бир ҳадисда эса: 
إيها يا بن الخطاب والذي نفسي بيده ما لقيك الشيطان سالكا فجا قط إلا سلك فجا غير فجك 
“Қандингни ур, Ибн Хаттоб! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон йўлда кетаётиб, сени учратиб қолса, албатта, ва албатта сенинг йўлингдан бошқа йўлга юради”
, дедилар. (Саҳиҳи Бухорий 3294 ҳадис) дедилар.

Инсон қалби қанчалик кир бўлса, шайтон ҳам шу даражада васваса қила олади. У Аллоҳ томон юриб камолотга етган сари шайтоннинг ҳийлалари, васваса қилиш йўллари ҳам ўта махфий, нозик ва пухта бўлиб боради. Шунинг учун ҳам биз бу йўлларни билиб олиб, улардан огоҳ бўлишга муҳтожмиз. 

Руҳий тарбия уламолари айтишадики, шайтони лаъин инсонни васваса қилишда фойдаланадиган асосий йўллар  еттитадир. Ушбу етти асосий йўлдан турли-туман бошқа йўллар ажралиб чиқади. Уларнинг баъзилари очиқ-ойдин, баъзилари эса махфий. Яна баъзиси кўриниб турсада заиф,  баъзиси махфий бўлсада жуда кучли. Шунинг учун ҳам уларни шайтоний йўл эканини англаб етиш ўта мушкулдир.

Биринчи йўл: “Амалдан буриб юбориш”

Тоат-ибодат қилмоқчи бўласан, лекин шайтон сени бундан буриб юбормоқчи бўлади. Мисол учун бомдод намозини жамоат билан масжидда адо қилмоқчи бўласан, у эса сени васваса қилиб:

“Аллоҳ таоло кечиримли зот, ухлайвер”, - дейди. Ёки бирон кишига эҳсон қилмоқчи бўласан, у эса васваса қилади: “Сен ўзинг шу молга муҳтожсан-ку!”, ёки “Бу одам эҳсонга ҳақли эмас!”, - дейди. 

Бундай ҳолатда Аллоҳдан паноҳ сўраб истиоъоза айт ва нафсингга жойлашиб улгурган васвасани муоложа қил. “Мен бу амалга муҳтожман, агар амал қилмасам, унда Аллоҳ таолонинг ҳузурига нима билан бораман?”, дегин. Инсон “Мен бу амалга муҳтожман” деганда шайтон кетади, чунки у сен муҳтож бўлган нарсада сен билан тортиша олмайди. 

Иккинчи йўл: “Ортга суриш”

Аллоҳ таолонинг розилигига сабаб бўлувчи амални қилмоқчи бўлиб турганингда шайтон маккорона йўл тутиб: “Сен бу амалга муҳтожсан, лекин ҳозир мавриди эмас, эртага қилсанг ҳам бўлади” - дейди. Намозларни жамоат билан масжидда ўқишни бошламоқчи бўласан, “Эртадан ўқишни бошла” дейди, ҳаж қилишни ният қиласан, “Бу йил фалон-фалон ишларинг бор, кейинги йил ҳаж қил”, - дейди. 

Бундай вазиятда сен ўз нафсингга тўсатдан келиб қолувчи ўлимни эслат. Ўлим келар кун сенга маълуммики, бугун эмас, эртадан унга тайёргарлик кўрсанг? Ҳар бир куннинг ўз амали бор.

Бугунги куннинг ўз амаллари, эртанинг ўз амаллари бор. Бугуннинг вазифаларини эртага бажарсанг, эртанинг амалини қачон қиласан?

Учинчи йўл: “Риё”

“Мен бу солиҳ амални бажаришга муҳтожман, уни бугуноқ амалга ошираман” деб қасд қилганингда, шайтон энди сени тинч қўяди деб ўйлайсанми? Йўқ, у учинчи йўлдан келиб сени васваса қила бошлайди: “Бу ишни бугуноқ қилишинг лозимлигига мен ҳам қўшиламан, лекин, агар бу амалингни бошқаларга ҳам кўрсатиб қилсанг улар сендан ўрнак олишади ва улар ҳам шу савобли амални бажаришади, шунда далолат қилувчига бериладиган ажрга эга бўласан, мўминларни ислоҳ қилган бўласан” ёки “Масжидга ҳаммадан илгари бор, инсонлар сени намоз ўқиётган ҳолда кўриб, ўрнак олишсин” - дейди. 

Бундай васвасанинг иш беришининг сабаби, сен амалингни Аллоҳ таоло кўриб тургани билан кифояланмадинг. Агар Аллоҳнинг буюклигини чиндан ҳис қилганингда, халқнинг назари сен учун аҳамиятсиз бўлиб қоларди. Бу амал махфий ширк дейилади. Бу ҳолатнинг муолажаси узоқ тафаккурни талаб қилади.

Тўртинчи йўл: “Шошқалоқлик”

Амаллар пухта бўлиши учун бутун вужудинг билан унга юзланишингни талаб қилади. Вужудинг амал қилсаю, қалбинг бошқа бир иш билан машғул бўлса, сенинг амалинг руҳсиз жасад каби бўлиб қолади. Шайтон сени шошқалоқликка ундаб, айнан мана шуни, амалингга нуқсон киритишни умид қилади. Қуръон тиловат қилаётганингда, сени васвасага солиб: “Қанча кўп ўқисанг шунча кўп савоб оласан, шунинг учун тезроқ ўқиганинг яхши” - дейди. Сен эса оятларни тадаббур қилиш ўрнига, кўзинг ўқилган бетлар сони ортидан югуради. Тиловатнинг мағзи бўлган Аллоҳни эслаш, тафаккур қилиш маъноси йўқолади. Бу васвасанинг муолажаси амалнинг асл моҳияти борасида тааммул қилишингдадир. Ахир, сен зотдор тулпорни топиб келишга буюрилсанг, уни ўлик ҳолда олиб бормайсанку?!

Бешинчи йўл: “Ужб”

Амални ихлос билан, кечиктирмасдан, шошмасдан, пухта, риёдан холи ҳолатда бажарганингда, шайтон шу амалингни ҳам ҳабата қилиб юбора оладиган васвасани олиб келади. У сени ўз амалингга фахр билан, ўзгалар амалига паст назар билан қарашга чақиради. Бу билан сен гўёки Аллоҳ таолога миннат қилаётгандай бўласан. 

Бу ҳолатни ислоҳ қилмоқчи бўлсанг ўзингни Аллоҳга муҳтож бир ҳақир банда эканингни, Аллоҳнинг тавфиқи бўлмаганида бу ишни ҳаргиз қила олмаслигингни тафаккур қил. Аслида, бу амални сен вужудга келтирдингми ёки Аллоҳ?! 

Учта гуноҳ бор, улар барча гуноҳларнинг асосидир

Олтинчи йўл: “Ақида борасидаги васвасалар” 

Солиҳ амалга шошилганингда, шайтон кўпчиликнинг заиф нуқтаси бўлган томондан келади: “Барчанинг тақдири, борар жойи дўзах ёки жаннат экани ёзиб қўйилган бўлса, унда сенинг амалинг нимани ўзгартира олар эди? Ўзингни қийнаб ўтирма, бундан ҳеч наф йўқ. Ахир борар жойинг жаҳаннам бўлса солиҳ амалнинг фойдаси йўқ, агар жаннатий бўлсанг маъсиятнинг зарари йўқ” - дейди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун Аллоҳдан ҳусни хотима ато этишини сўраб ихлос билан амал қилишинг даркор. У зот каримдир, унга ёлворган бандасининг дуосини қайтармайди. 

Еттинчи йўл: “Нозик жиҳатлар”

Бу йўл аввалги йўлларнинг барчасини қамраб олади, лекин улардан фарқли ўлароқ ҳар бирида ўта нозик жиҳатларини ишга солади. Бу йўлдан келган васвасани тушуниш ўта мушкул бўлади. Бу эса алоҳида мавзудир. 

Ҳабиб Али Жифрий

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Инглиз католик черкови: «Жанна д'Арк – шайтон!»

3423 22:00 07.03.2020

Шайтоннинг улови

1087 23:20 11.02.2020

Кўпчилик ҳақми ё озчилик?

1197 07:40 09.02.2020

Икки тоифа инсонга... таассуф ва шайтоннинг зурриёдлари

1429 12:20 08.02.2020

Керак бўлса шайтоннинг ўзи ёрдам қилади...

2276 12:20 03.02.2020
« Орқага