Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шеър айтишнинг одоби бор

543

Халқимиз азалдан шеъриятга ошно бўлгани учун ҳам кўплаб шоирлар чиққан. Биз доимо шеър ёдлаб ёки ўқиб юрамиз-у аммо унинг одоби, динимиздаги кўрсатмалари ҳақида кўп ҳолларда эътибор бермаймиз. Шеър айтиш одоби хусусида гапирганда Абу Ҳомид Ғаззолий “Тил офатлари” китобида ажойиб маълумотларни келтириб ўтган.

Умуман олганда, шеър ёзиш ёки шеър ўқиш ҳаром эмас, агар у бузуқ маъно ва ножўя сўзлардан иборат бўлмаса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Шеърда ҳикмат бор”. Ҳа, шеърдан ё мақтов, ё мазаммат ёки ёр васфини таърифлаш мақсад қилинади. Баъзан шеърга ёлғон ҳам қўшилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қорнингизнинг ириб кетадиган даражагача йирингга тўлиши шеърга тўлишидан яхшироқдир” (Муслим ривояти). Бу ҳадисдан инсон кўп кераксиз ва ўзида беҳаё сўзларни ҳамда мазмуни жиҳатдан ахлоқсиз бўлган шеърларни ёдлаб олгандан кўра, унинг қорнига ириб кетадиган даражадаги йиринг тўлгани яхши, деган маъно оламиз.

Олим инсонлардан бирига шеър ҳақида савол берилганида, айтди: “Шеърдан кўра зикрни хуш кўраман. Чунки, Аллоҳнинг зикри шеърдан яхшироқдир”. Бунда инсон шеър ўқишидан кўра кўпроқ Аллоҳнинг зикрида бўлиши маъқул эканлиги, зикр инсонга кўпроқ манфаат келтириш ҳақида англаймиз. Шеър фақат кўнгилни чоғ қилиши мумкин, аммо зикр қалбга таскин бериш билан бир қаторда кўплаб савобга эришиш учун ҳам хизмат қилади. Абу Ҳомид Ғаззолий ўз китобларида шундай келтиради “Расули акрам Ҳассон ибн Собит Ансорийга кофирларни ҳажв қилишни буюрдилар: “Кофирларни ҳажв қил, Жаброил сен билан биргадир”, “Шеър билан ҳажв қилинг. Чунки, мўмин жони ва моли билан жангга киради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, мўминнинг шеърлари кофирларга гўё ўқ бўлиб ёғилади”- деганлар.

Инсон шеър ўқиганда, ёки ёзганда шеърдаги муболаға ёлғонга йўйилмаслиги лозим, масалан:

Ҳеч вақо йўқ қўлида жонидан бўлак, 
Тиласанг, уни ҳам беришга мойил.
Ҳақдан қўрқ, очилган кафтида турган —
Жонини сўрама ундан, эй сойил.

Шеърда энг юқори даражадаги саховат таърифланяпти. Агар таърифланаётган шахс ҳақиқатда сахий бўлмаса, у ҳолда шоир ёлғончидир. Агар у сахий бўлса, муболаға санъатига кўра, унинг саховатини шоир бўрттириб ифодалаяпти. Муболаға муболаға ўрнида қабул қилинади, қандай айтилса, шундай тушунилмайди. Шунинг учун ҳам шеърда ёлғон ишлатилмаслиги, бор нарсалар, инсон қўлидан келадиган ишлари ҳақида ёзилмоғи шарт. Шеърият инсонни кўнглини кўтаради, ғамларни бир дам бўлсада унутишга ёрдам беради. Фақат буни меъёридан чиқмаслик лозим.

Ҳатто Расули акрам олдиларида ҳам байтлар ўқилган. Бу борада Абу Ҳомид Ғаззолий «Тил офатлари» китобида шундай ҳикоя қилади: “Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушларини ямар, мен эса ғазал ўқиб ўтирардим. Бир пайт Расулуллоҳга қараб, пешоналари терлаётганини кўрдим ва ҳайратланиб қолдим: тердан нур тараларди. Шунда Расулуллоҳ:

— Нимадан бунча ҳайратланяпсан? — дедилар.

— Эй Аллоҳнинг расули! Сизга боқиб, пешоналарингиздан тер чиқаётганини, терингиздан нур таралаётганини кўраяпман. Агар Сизни Абу Кабир Ҳузалий кўрганида эди, албатта Сиз унинг шеърига қанчалик муносиб эканингизни билган бўларди.

—  Эй Оиша, Абу Кабир Ҳузалий нима дерди? — дедилар Сарвари олам.

—  Ушбу байтларни айтган бўларди:

Ҳар қандай ғубордан пок, 
Мусаффо, дарддан йироқ. 
Юзларига боқсанг гар, 
Порлар бамисли чақмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлидагиларни қўйиб, ўрнидан турдилар. Кейин ёнимга келиб, пешонамдан ўпдилар ва:

— Оллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин, эй Оиша, мени жуда қувонтирдинг, — дедилар” деб ёзади.

Ҳақиқатдан ҳам ҳаётда бор ҳақиқатни шоир ўз шеърида таърифласа, бу шеър кўпчиликка манзур бўлади. Эшитувчилар ундан ибрат олади ёки қалбида илиқлик уйғонади. Абу Ҳомид Ғаззолий яна шундай ҳикоя қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн жангида тушган ўлжаларни тақсимлар экан, Аббос ибн Мирдосга тўрт туя беришларини буюрди. Аббос ибн Мирдос бу тақсимотдан норози бўлиб, шикоятини шеър билан баён қилди. Шунда Расули акрам: “Унинг тилини тийиб қўйинглар” (яъни уни рози қилинглар) — дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аббос ибн Мирдосни олиб келиб, унга ўлжадан улуш олишини айтди. Аббос юзта туяни танлади ва тақсимотдан энг рози киши сифатида қайтди. Шунда Сарвари олам:

— Яна шеър айтасанми?  сўрадилар Аббосдан.

— Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Шеър айтмасам, нимадир тилимда ўрмалагандай бўлади, ҳатто у чумоли каби тилимни чақиб олади. Кейин шеър айтишдан бошқа иложим қолмайди,  дея жавоб берди Аббос ибн Мирдос.

Шунда Расули акрам жилмайиб дедилар:

— То туя бўкиришини қўймас экан, араблар шеър айтишни ташламайди” деб келтиради Имом  Ғаззолий “Тил офатлари” асарида. 

Чиндан ҳам араблар шеър айтишга уста халқдирлар. Муқаддас динимизни бизнинг ўлкаларга араблар тарғиб қилиш билан бир қаторда уларнинг шеърга ошнолиги ҳам тарғиб қилинганини, биз қанчалик шеъриятга ҳавасман эканлигимиздан кўришимиз мумкин.

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қаддингни ростла!

1436 22:00 15.05.2021

Дил аро ёдинг мужассам...

756 07:00 06.05.2021

Рамазонда рўза тутганлар

687 20:00 03.05.2021

Хуш келдинг қалбимга, моҳи Рамазон!

687 18:30 12.04.2021

Комил Алламжонов: “Шеърлар тўқиб юрганимиз билан биримиз икки бўлмайди...”

1100 10:27 16.02.2021
« Орқага