Шерзод Шерматов: «Чет элда таълим олган кўпчилик ёшлар Ўзбекистонга қайтиб келгач, турли хил сабаблар туфайли давлат ишини ташлаб кетишга мажбур бўлган»

13:30 13.06.2018 604

Давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этиш ва уларни чет элга кетиб қолишларининг (утечка мозгов) олдини олиш учун нима қилиш керак?

“Умид” фонди бўйича интервью беришни сўрашган эди, интервью сабабли ушбу Фонд орқали чет элда ўқиб қайтган "умидчилар" билан ишлашда йўл қўйилган хатоларни эслашга тўғри келди.

Чет элда таълим олган кўпчилик ёшлар Ўзбекистонга қайтиб келгандан кейин турли хил сабаблар туфайли давлат ишини ташлаб, ҳатто чет элга қайтиб кетиб қолган эдилар. Албатта, уларнинг орасида чет элдаги янги очилган яхши имкониятлар маҳлиё этиб қолиб кетганлари ҳам бўлган, лекин аксарияти ўқишни битириб яхши ният билан Ўзбекистоннинг ривожига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида қайтган.

Хўш, нега улар давлат ишига киргандан кейин, кўпчилигининг ҳафсаласи пир бўлиб, бу ишни ташлаб кетган? Бунинг асосий сабаблари:

1) "Умидчилар" ўқишни битириб келгач, аксарият ҳолларда уларни мутахассислиги ва хоҳишига қараб эмас, балки комиссиянинг қарорига қараб иш жойларига тақсимланган. Масалан, Фонд бозорида деривативларни бошқаришни ўқиб келган мутахассис вилоят ҳокимиятига жўнатилган. Деривативлар эса ҳатто ҳозирги кунгача Тошкентдаги Фонд биржасида ҳам жорий этилмаганлигини инобатга олсак, қанчалик бу “распределение”нинг хато эканини тушунса бўлади.

2) "Умидчи" борган ишхонасида ойлик маош пастлиги, шароит йўқлиги эса оилани ҳалол боқиш учун бошқа ишларни излашга ундаган. Ундан ташқари уни мутахассис сифатида қабул қилмасдан, балки ўзига хавф сифатида кўрадиган раҳбарларга дуч келгани эса энг катта салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Бундай ҳолатда унинг раҳбари имкони борича бу мутахассисга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, уни бошқа ходимлар орасида камситиб, топшириқларни муддатида бажарилишига тўғри йўл кўрсатмасдан “подставка” қилиш даражасигача борган. Шунинг учун ҳам, бу каби масъулиятсиз, иғвогар ва ёлғончи “раҳбар”лар туфайли бошида жуда катта ниятлар билан Ўзбекистонга қайтиб келиб мамлакатимиз ривожига чин дилдан ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган кўпчилик "умидчилар"нинг умиди пучга чиққан.

Ҳозирги кунда давлат ишида фаолият юритиб келаётган ва юқори лавозимларга кўтарилган "умидчилар"нинг аксариятининг омади айнан у ишлаётган жойида уни мутахассис сифатида қадрлайдиган раҳбарга учрагани туфайлидир. Бундай раҳбарлар уларга қўшимча шароит ҳам яратиб берган ва имкони борича қўллаб келган.

Президентимиз томонидан бугунги кунга келиб, малакали мутахассисларнинг нафақат чет элга чиқиб кетишларининг олдини олиш, балки чет элда юрган ҳамюртларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича вазифа белгиланган ва бу йўналишда қатор давлат ташкилотлари ишлаётганини инобатга олиб, улар айнан ушбу хатоларни қайтармаслик чораларини белгилашлари зарур.

Бу ерда яна бир муҳим омилни эътиборга олиш керак бўлади. Аввалги “умидчилар” янги битириб келган, чет давлатда бор йўғи ўқиши давомида яшаган ёшлар бўлса, бугун биз чет давлатлардан қайтишини истаётган юртдошларимиз бугунга келиб, чет давлатда нуфузли ташкилотларда ўз ўрнига эга бўлган, узоқ йиллар мобайнида яхши шарт-шароитларда яшаб, ишлаб ва яна катта даромад топаётган тайёр кадрлардир. Табиийки, уларга нисбатан муомала ва эътибор ҳам у ишлаб келган давлатникига сал бўлса-да мосроқ бўлиши керак.

Жумладан:

1. Малакали мутахассисларни лавозимга тайинлаётганда унинг қобилияти ва тажрибасидан келиб чиқиб иш тутиш ва унга тегишли шароит яратиш;

2. Ишхонадаги раҳбарларининг ахлоқий тўғрилиги ҳамда қанчалик бу мутахассис ушбу раҳбар остида яратилган муҳитга мос келишини олдиндан таҳлил қилиш. Ахлоқсиз, эскича фикрлайдиган раҳбарнинг қўл остига замонавий дунёқарашга эга мутахассисни тайинлаб қўйилса, аксарият ҳолатда у бундай деградацияни истамаса, ишини ташлаб кетишга мажбур бўлади;

3. Лавозимга тайинланганидан кейин ҳам уларнинг ушбу муҳитга қандай мослашаётгани, уларнинг таклифлари қанчалик ҳаётга жорий этилаётганини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш. Агарда ушбу идорада унинг раҳбари қўл остидаги янги мутахассисларга “қўлингдан ҳеч нарса келмайди, чет элда ўқиди ёки ишлади дегани ақлли дегани эмас”, “я начальник, ты дурак” қабилида ўзини тутадиган бўлса, ундай раҳбарга тегишли чоралар кўриш ёки дарҳол чет элдан келган мутахассисни ундай носоғлом муҳитдан ажратиб, жамиятга каттароқ фойдаси тегадиган жойга ўтказиш зарур бўлади.

Акс ҳолда, Президентимиз ташаббуси билан қандай машаққатлар билан хориждан таклиф қилинган ҳамюртларимиз Ўзбекистонга келганидан пушаймон бўлиб яна чет элга қайтиб кетадиган бўлса, ушбу сиёсатнинг имиджига жуда салбий таъсир қилиши турган гап. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан тузилган “Умид” жамғармасидан ҳам умидлар катта эди, лекин жойлардаги ижрочи “раҳбарча”ларнинг масъулиятсизлиги ва баъзи ҳолатларда ҳақиқий зараркунандалиги туфайли, шунча сармоялар эвазига шаклланган тайёр юқори малакали кадрлар давлат хизматини ташлаб кетишларига сабаб бўлган.

Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган даврда, давлат ва жамият бошқарувида инновацияларни жорий этиш учун энг асосий омил айнан юқори малакали кадрларни жалб этиш. Ўзини ҳурмат қилган юқори малакали кадр эса ўз қадрини билгани туфайли тушунмайдиган раҳбар билан узоқ муддат бирга ишлай олмайди. Натижада ушбу кадрни тайёрлаш (ёки қайтариш) учун сарфланган қанчадан-қанча сармоя бекорга сарф бўлган бўлади.

P.S. Нима чет элда ўқиган бўлса “шоҳи борми?”, нега уларга алоҳида эътибор қаратиш керак экан, дейилиши ҳам мумкин. Лекин ҳозирги глобаллашув даврида чет эл дипломига ва иш тажрибасига эга одам исталган давлатда юқори маошли яхши лавозимларда ишлаш имкониятига эга ва шунинг учун ундай мутахассисга алоҳида эътибор қаратишга мажбурмиз. Етарли малакасиз ҳамда “хўп бўлади, хўжайин” ёки “икки карра икки сиз айтган сон бўлади” деб, ўзининг фикрига эга бўлмаган “мутахассис”лар билан мамлакатимиз ривожи бўйича қўйилаётган юқори марраларга эришишнинг имкони йўқ.

Facebook саҳифасидан олинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!