Ахлоқ

Шифокор кундалигидан: Исён

1446

Бугунги иш куним ҳам қолганларидан фарқсиз якунланиши мумкин эди, агар…

Қабулим оҳирлаб қолганида Мухлиса исмли қизалоқни олиб келишди.

Беш ёшли беморимнинг томоғи қизариб, бир оз йўталаётган ҳам эди. Қизчани кўрикдан ўтказиб, керакли муолажаларни ёзаётган чоғим унинг анчайин асабий экани диққатимни тортди.

Мухлиса кўйлагига қадалган пушти тугмачани тишлаб торта бошлагач ойисини саволга тутдим:

- Уйда уруш-жанжал бўлмайдими?

- Тушунмадим, духтир?!

Саволим оддий ва тушунарли бўлгани ҳолда, қизчанинг ойисини таажжубга солиб қўйгани менга ғалати туюлди. Қизча бўлса пайтдан фойдаланиб, столим устидан қалам ва қоғоз олиб индамай расм чиза бошлади.

Беихтиёр унинг чизгиларига кўз ташладим.

Қоғоз юзида аввал мўжазгина уйча пайдо бўлди. Унинг томи, кичиккина деразаси ҳам чизилди. Аммо уй атрофида одам шакли йўқ эди.

Нима учун қизча ўзи, ойиси ёки дадасининг расмини чизмади? Балки ҳали одам шаклини чизишга қийналар? Ёки…Кўнглимга келган савол билан онасига мурожаат қилмоқчи эдим, беихтиёр

Мухлисанинг ҳаракатлари яна диққатимни тортди. У ўзи чизган уй деразасини қора ранг билан бўяб ташлади. Бўяса ҳам майли, дераза тагидаги қоғоз қаламдан тешилгандагина тинчланди.

- Ҳаммаси тушунарли,- дедим қизчанинг ойисига. – Деразани бўяб ташлаганига қаранг! Мурғак гўдак ўз қобиғига кириб олган. Расмда сиз ҳам, отаси ҳам йўқ. Ҳаттоки, ўзини ҳам топа олмаяпти.

Шу вақт ғалати ҳодиса юз берди. Мухлиса уй томи тепасида омонат ўтирган қизча шаклини чиза бошлади. Қизиғи, қизчанинг қанотлари ҳам бор эди. Унинг юз-кўзлари ҳам чизилгач, Мухлиса титроқ бармоқчалари билан расмни силай бошлади. Кўзидан бир томчи биллурдек ёш узилиб расмдаги қизчанинг кўйлакчасига томди. Катталар ҳайратланиб турганимизда Мухлиса, ўзи чизган қизчага қараб чуқур ҳўрсинди. Уни ўпиб, “Хайр, сингилжон!” деди ўпкаси тўлиб.

Онаси аввал ҳайрон бўлди, сўнг нимадир ёдига тушди шекилли, қизини маҳкам қучиб, иззиллаб йиғлаб юборди.

- Демак, сен ўшанда ҳаммасини тушунгансан. Кечир! Кечир мени болажоним!

Бир оздан сўнг аёл ҳаммасини гапириб берди.

Унинг айтишича, қизча унинг ягона фарзанди. Бир йил муқаддам яна ҳомиладор эканини билиб қолган. Хомилани олдириш ёки қолдириш ҳақида турмуш ўртоғи билан баҳслашаётганида

Мухлиса ёнларида бўлган. Аммо улар “тўрт ёш бола нимага ҳам ақли этади” деб эътибор беришмаган.

- Ҳозир буниси ортиқча! Духтир қиз дебдику! Ана, биттаси етади! Тушуняпсанми, етади!!!

Доимо қувноқ юрадиган қизча шундан сўнг бутунлай ўзгарган.

Ҳомиладан осонгина қутулган она, ҳукмга имзо чеккан ота буни сезмаган.

Қизчани болалар руҳшуноси ҳузурига олиб боришни маслаҳат бердим… Аммо ўзим ҳам шу тобда руҳшунос ёрдамига жуда муҳтож эдим.

“Болаларда учрайдиган кўп сурункали ҳасталиклар руҳий зўриқиш оқибатида келиб чиқади” десам, баъзи ота- оналар киноя билан қарашади. “Буларда асаб нима қилсин?” дейдиганлари ҳам учраб туради.

Эҳ катталар! Болажонларимизни ўзимиз касал қиламизу, кейин мурғак вужудларини дорихонага айлантириб даволайверамиз. Меҳрни ўз тарозимизда ўлчаб берамиз! Болаларнинг қалбига- ўзлари чизган уйчалардаги деразалар орқали қараш лозимлиги ёдимиздан чиқиб қолади.

Ўша куни уйга қайтишда касалхона ёнидаги дўконга кирдим. Ҳар доим ишхонага фақат қора қалам олар эканман. Бу сафар рангли қаламларга қўл узатдим. Чунки, кичкинтойлар чизган расмларда камалак жилоларини кўргим келади...

Қудратуллоҳ Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кузда коронавирус яна қайтадими? – АҚШ бош шифокорининг фикрлари

749 15:30 31.03.2020

Испанияда 12 мингдан зиёд тиббиёт ходимига коронавирус юқди

544 10:00 31.03.2020

"Бу уруш": Шифокор русларни уйда қолишга чақирди

1670 23:00 27.03.2020

Яманликларнинг ичгани суви йўқ, қўлини қандоқ ювсин?..

914 11:30 27.03.2020

Карантин қачонгача давом этади?

10701 10:30 24.03.2020

Италиялик доктор мактуби

2989 07:30 23.03.2020
« Орқага