Шимолий Африкадаги Вандаллар қироллигининг асосчиси – Қирол Гейзерих

19:00 08.02.2019 479

«Шимолий Африканинг роман тилли ҳудудларида яшаган арийчи насронийларни ҳам тилга олиб ўтмоқ даркор. Аслини олганда, ўша насронийлар вандаллар пайдо бўлганидан суюнишган. Чунки улар ҳам арийчи бўлишган. Кейинчалик, вандаллар бу ҳудудлардаги христианларнинг ҳолатини яхшилашган».

Профессор Томас Р. Мартин,
Муқаддас крест коллежи

Вандаллар қироллиги. Вандаллар – европалик герман қабиласи. Уларнинг азалий келиб чиқиши Европа шимоли, Швециянинг жанубий қисмини эгаллаган Скандинавия ҳисобланади. Ушбу халқ V аср бошида Исо (а.с.)нинг муваҳҳидлик таълимотига эргашган бошқа герман халқлари каби уни қабул қилган. Бунга герман тарғиботчиси Вульфилнинг саъй-ҳаракати сабаб бўлган. V аср бошига келиб вандаллар Германиядаги, ўша даврда Рим империсининг шимолий чегараси сифатида хизмат қилган Рейн дарёси соҳилларигача кўчиб келишган. Бу ерда уларга вандаллар каби якка худоликка эътиқод қилган аланлар қабиласи келиб қўшилган.

Совуқ ва очлик Рейн соҳилига кўчиб келган одамларнинг аҳволини баттар ёмонлаштирди. Бундан ташқари, Осиёдан бостириб келаётган хун қабилалари шарқ томондан хавф туғдирарди. Бу омиллар вандалларни Германия томон ўтишга мажбур қилди. Дарёни кечиб ўтган вандаллар ва аланлар Германия, демакки, Рим империяси ҳудудига қадам босишди. Бу ерда тринитарчи римликларнинг аёвсиз қаршилигига мубтало бўлгач, бошпана қидириб яна ғарб томон йўл олишди. Ниҳоят, 409 йили Пиреней яриморолига етган вандаллар ушбу яриморолнинг жанубидаги Бетик вилояти сарҳадлари яқинида ўрнашиб, қўним топишди. Кейинчалик ушбу вилоят вандал қабилалари яшаётганига ишора тарзда Вандалусия деган ном олди. Шу тариқа ҳудуд бугунги кунгача ўзининг Андалусия номини сақлаб келмоқда.

Андалусияга етган вандал қабилалари ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бани-башар тарихидаги энг буюк ҳукмдорлардан бири – қирол Гейзерихнинг ҳокимияти остида бирлашишди. Қабиласи Европа бўйлаб дарбадар кезиб юрганда бўлажак арийчи қирол ёш бола бўлган. Оғир ҳаётнинг барча машаққатларини бошпана қидириб юрган қабиласи билан тенгма-тенг баҳам кўрган бола иродаси кучли, бақувват шахс бўлиб улғайди. Халқига қўшилиб саргардон юрган ёш Гейзерих ўз рақибларини қийноққа солишга даъват этган жиноятчи Августиннинг таълимотига мувофиқ черков амалдорлари муваҳҳид христианларни қийноққа солишганини ўз кўзи билан кўриб борди. Тринитарчи римликлар томонидан содир этилган зўравонликлар ёш йигитчанинг қалбида адолатсизликка нисбатан муросасизлик туйғусини, инсон қиёфасидаги бундай махлуқлардан қасос олиб, ўз халқини уларнинг зулмидан халос этиш истагини уйғотди.

Улғайиб, қироллик мартабасига эришган Гейзерих ўз халқига ҳарбий санъатнинг сир-асрорларини ўргатишга киришди, сўнг Андалусия жанубида кемасозлик ишларини бошлаб, бўлажак флотга асос солди. Узоқ йиллар давом этган жанговар таълимот ва тайёргарликдан сўнг, 429 йили вандалларнинг кемалари муваҳҳид арийчи қирол Гейзерих қўмондонлиги остида кейинчалик Гибралтар  номини олган бўғозни кечиб ўтиш учун денгиз сафарига чиқди. Тариқ ибн Зиёддан фарқли ўлароқ Гейзерих қўмондонлик қилган вандаллар бўғозни Андалусиядан Африка шимолига сузиб ўтишди ва у ерни босиб олган рим қўшинларини тор-мор келтиришди. Вандаллар бир қатор муҳорабаларда тринитарчи рим қўшинлари устидан кетма-кет ғалаба қозонишди. Шундан сўнг улар ушбу замин халоскорлари сифатида берберлар томонидан қарши олинди. Аҳолининг аксарият қисмини ташкил этган берберлар вандаллар келганидан суюнишди. Ушбу ҳолат замондошимиз, тарихшунос олим, Муқаддас крест коллежи профессори Томас Р. Мартин томонидан шундай тавсифланади:

«Шимолий Африканинг роман тилли ҳудудларида яшаган арийчи насронийларни ҳам тилга олиб ўтмоқ даркор. Аслини олганда, ўша насронийлар вандаллар пайдо бўлганидан суюнишган. Чунки улар ҳам арийчи бўлишган. Келгусида эса вандаллар ушбу ҳудулардаги христианларнинг ҳолатини яхшилашган».

Шимолий Африкада ўтказилган ҳар бир муҳораба натижасида вандалларнинг муваҳҳид қироли Гейзерих шаҳар кетидан шаҳар олиб, римликлардан тозалаб борган. Эришилган бундай муваффақият Гейзерихни тўхтатмади. Шамолдан тез ҳаракатланган қирол қўшини аниқ кўзланган нишон – Жазоирнинг ўша даврда Гиппон деб номланган Аннаба шаҳри томон ошиқди. Чунки тринитарчи римликлар босиб олган Гиппонда ўша даврда бегуноҳ насронийларга қарши қўлланилган қийноқларнинг муаллифи – учига чиққан жиноятчи Августин бекиниб олган эди.

Аслида, нима бўлганини аниқ билмаймизу, бироқ бизгача етиб келган тарихий ҳужжатлардан шу нарса маълумки, европалик муваҳҳид қирол Гейзерих Аннабага етиб келган ҳамоно, ўз армиясига шаҳарни батамом қуршаб олиб, қамал қилишни буюрган. Бундай буйруқни у Августиннинг шаҳарни тарк этишига йўл қўймаслик учун берган бўлиши мумкин. Бироқ шаҳарни қамал қилган вандалларнинг қудратини эшитган Августин шу заҳоти омонатини топшириб қўйди. Афтидан, бегуноҳ арийчиларнинг қисмати унинг ҳам бошига тушиши мумкинлигини ўйлаб, даҳшатга тушгандан юраги ёрилиб ўлган кўринади, валлоҳу аълам. Лекин унинг директиваларига мувофиқ амалга оширилган арийчиларни қийноққа солиш жараёнлари тринитар христианлик тарихи саҳифаларида ўчмас доғ сифатида мангу қоладиган бўлди.

Аннабани забт этган Гейзерих Карфагенни римликлардан озод этиш учун Тунис томон йўл олди. Шу тариқа, вандаллар Шимолий Африка ва Жанубий Европа соҳилларидаги бугунги саккизта давлат: Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливия, Мальта, Франция, Италия ва Испания ҳудудларини ўз ичига олган йирик арийчи қиролликка асос солишди.

Давлатчилик асослари мустаҳкамлангач, вандаллар римликларнинг кемаларига бас кела оладиган йирик ҳарбий флот қуришди. Ушбу флот ёрдамида улар Сардиния, Корсика, Мальта, Балеар ороллари, Сицилия оролининг бир қисмини қироллик таркибига қўшиб олишди. Шундан сўнг муваҳҳид герман қироли Гейзерих 455 йили денгиз сафарини уюштириб, римликларнинг тарихий пойтахти Рим шаҳрига етиб, уни қамал қилишга эриша билди. Вандаллар Римни қисқа муддатга забт этиб, ушбу вақт ичида тринитарчи римликлар муваҳҳид христианлар ва жаҳоннинг бошқа халқларини узоқ йиллар давомида талаб орттирган бойликларининг катта қисмини тортиб олишди.

Якка худоликка эътиқод қилган вандалларнинг сиймосини бадном қилиш мақсадида черков «вандализм» терминини ўйлаб топди. Черков амалдорлари ушбу терминга салбий мазмун бериб, мудҳиш вайроналиклар, хусусий ва ижтимоий мулкка етказилган зарарни вандализм сўзи ила атай бошлашди. Гарчи вандаллар римликлардан фарқли ўлароқ, Римни вайрон, шаҳар аҳолисини эса қатл қилиш билан шуғулланмаган. Бундай жиноятлар,  аксинча, римликлар табиатига хос бўлган. Римнинг бугунги кунгача асл ҳолатда сақланиб қолганини яна қандай изоҳлаш мумкин, ахир?!

Қизиқ бир ҳолат: “Вандализм” сўзи ўн саккизинчи асрнинг охиригача кўпчиликка маълум эмасди. Черков амалдоридан бири епископ Анри Грегуар Наполеон ва Франция инқилоби арбоблари томонидан содир этилган вайроналикларни тавсифлаш учун ушбу терминни қўллаб, одат тусига киритиб юборган.

Бешинчи аср ўртасига келиб вандаллар Ўрта денгиз соҳилларидаги қудратли кучга айлангач, тринитарчи римликлар қўшни империялар ўртасида ҳукм сурган нифоқни унутишга қарор қилишди. Шарқий ва Ғарбий Рим империялари тасарруфидаги ҳарбий-денгиз флотлари бирлаштирилиб, 468 йили денгизларда юрган флотлар орасида мисли кўрилмаган таркибга – 1113 та жанговар кема кирган қудратли флотга айланди. Ғарбнинг тарихий манбаларида келтирилган маълумотларга кўра, ушбу флот палубаларида жами 110 мингдан зиёд римлик жангчи бўлган. Вандаллар қироллигини батамом йўқ қилишни мақсад деб билган ушбу флот бутунича Тунис томон йўл олган ва унинг соҳилига, аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, бугунги Ал Аварья шаҳри яқинидаги Рас эл Тиб ёки Кап Бон деган жойга етиб келган. Бу ерда 468 йили ўтган йирик денгиз жанги тарих саҳифаларига Кап Бон яқинидаги денгиз муҳорабаси номи ила кирди. 

Римликлар иттифоқининг қўмондони Василиск муваҳҳид вандалларга тринитарчилар олдида сўзсиз таслим бўлиш учун эллик кун муҳлат берди. Бу вақтда вандалларнинг якка худоликка этиқод қилган қироли Гейзерих ўз жангчиларига тунги вақтда, яширинча, зайтун мойининг катта захирасини йиғиб қўйишни буюради. Жангчилар йиғилган мой захирасини ҳарбий кемаларга жойлаб, ҳужум бошлаш учун тайинланган вақт келишини кутишади. Вандаллар босқинчи римликлар билан жангга шай бўлган бир пайтда Аллоҳ шиддатли шамол кўтариб, душман флоти томон йўллайди. Айнан шу фурсатда вандалларнинг флоти қўмондони, арийчи қирол Гейзерих босқинчи римликларга қарши ҳужум бошлашни буюради. Вандалларнинг зайтун мойига тўла кемалари рум флоти томон йўл олади. Ушбу кемалар душман кемаларига яқин борган ҳамоно, Гейзерих камонлардан ўз кемаларига қарата учи ёндирилган ўқ отишни буюради. Душман томон катта тезликда ҳаракатланаётган ушбу кемалар шиддат билан эсаётган шамол сабаб ёнар тоғларга айланиб кетади. Бандаргоҳда бир-бирига зич турган рақиб кемаларига ўт кетиб, саноқли дақиқалар ичида 700 дан ортиқ кема, ичидаги бор одами билан ёниб битади, ўн минглаб рим босқинчиларининг жасадлари Ўрта денгизда, Тунис қирғоқларида оқади. Рим қўшининг учдан бир қисми шу тариқа ўлади. Бундай даҳшатли манзарадан эс-ҳушини йўқотган рим қўмондони Василиск омон қолган жангчиларига зудлик билан жангдан чиқиш, Тунис соҳилларини тарк этиб, империя пойтахти Константинополь томон чекинишни буюради. Шундай қилиб римликлар ўз тарихида ҳали кўрилмаган мағлубиятни бошдан кечиради.

Вандалларнинг бу ғалабасидан сўнг римликлар қирол Гейзерих Ўрта денгизнинг ғарбий ҳавзасида ҳукмрон эканлигини расман тан олди. Ҳудудида вандаллар, аланлар, берберлар, ҳатто римликларнинг омон қолган муайян тоифаси ўзаро тинч-тотув яшаган адолатли давлатни европалик арийчи қаҳрамон бошқарди. Бошқа динларга эътиқод қиладиган одамларга келсак, улар қиролликда бошқалар билан тинч-тотув яшашди. Афсонавий қирол Гейзерих тринитарчи римликлар томонидан жорий этилган ҳаддан ортиқ катта солиқларни бекор қилиб ҳам шуҳрат қозонди. Қирол Гейзерих 477 йили боқий дунёга рихлат қилди.

Вандалларнинг қироллиги Рим империяси флотларига юз йилдан зиёд вақт давомида қаршилик кўрсата олди. Аммо Тринитарчи Византиянинг қудратли флоти 534 йили ушбу қиролликни босиб олишга муваффақ бўлди. Ўшанда муваҳҳид вандалларнинг сўнгги қироли Гелимер асир олинади. Константинополга келтирилган қиролга катта лавозим ваъда қилиб, ҳамкорлик қилишни таклиф қилишади. Аммо Гелимер буни рад этади. Католиклар манбаларида ёзилишича, Гелимер ўз эътиқодидан қайтишни истамаган.

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик рисолати бошлангунича Африка шимолида ўтган арийчилик тарихини яхши ўзлаштириб олсак, арабларнинг буюк қўмондони Уқба ибн Нафи ва бошқа саркардалар томонидан тринитарчи рум босқинчиларидан халос қилингунча, ушбу заминда яшаган аҳолининг тарихий ва ижтимоий табиатини тушуниб етишимиз мумкин бўлади. Чунки Африка шимолида яшаган аҳолининг берберлар, вандаллар ва аланлардан ташкил топган аксарият қисми узоқ йиллар давомида  арийчиликка эргашган халқлар ва элатларнинг авлоди бўлган. Боз устига, берберларнинг аксарияти вандаллар билан аланлар бу ерларга келмасидан олдин ҳам арийчи мусулмон бўлган. Табиийки, ушбу ўлкаларда якка худолик динидан ташқари бошқа динлар ҳам бўлган. Аммо берберларнинг аксарияти, юқорида айтилгандек, ўзининг буюк юртдоши Арийнинг таълимотига эргашган. Бу кўплаб мусулмон ва мусулмон бўлмаган тарихшуносларнинг гўё берберлар азалдан яҳудий бўлишганига доир мулоҳазаларига аниқлик киритади. Сабаби аён: тринитарчи румликлар якка худоликка эътиқод қилган христианларга яҳудий, арийчи, бидъатчи каби тамғалар босишган. Чунки яҳудийлар ҳам “Муқаддас Учлик”ка ишонишмаган.

Охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган араблар Африка шимолида яшаган аҳолини, уларни тақиб қилиб, шаҳарларини босиб олган тринитарчи румликлар зулмидан халос этишганидан сўнг, муваҳҳид вандаллар, аланлар ва берберларнинг асосий қисми исломни қабул қилишди. Шундай экан, кўплаб берберлар исломга кирган кундан ҳеч қанча ўтмай исломий қўшин қўмондонлари даражасига кўтарилишганидан ажабланмаса ҳам бўлаверади. Агар берберларнинг Исломда бўлмаган йиллари ҳисоблаб чиқилган тақдирда ҳам, тарих нуқтаи назаридан қаралганда бу кўп вақтни ташкил этмаслиги аниқланади. Ўша даврда табиатан ён бермас бербер халқи тўла-тўкис исломга кириб, айрим вакиллари динимизнинг буюк раҳнамоларига айланди. Африка шимоли араб мусулмонлар томонидан забт этилгач, бу ерларда арийчи насроний таълимот барҳам топишининг сабаби ҳам шундадир. Чунки арийчилар, уларнинг юртига пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимоти етиб бориши билан тўла таркибда исломни қабул қилишган. Мазкур тарихни ўрганиб чиққач, ушбу ўлка аҳолиси ҳамиша ўз қалбида якка худолик маданиятини сақлаб келганини англаб етамиз. Бу исломнинг ҳар қандай халқ маданиятини ривожлантиришга қодир бўлган аҳамияти пасайтирилганини англатмайди, албатта, аммо юқорида тилга олинган омил бербер халқи исломни тез қабул қилишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини ҳам рад этиб бўлмайди, валлоҳу аълам.

Европадаги арийчилар тўғрисида яна қандай маълумотлар келтириш мумкин? Якка худоликка эътиқод қилиб, бугунги кундаги 17 та давлат ҳудудини ўз ичига мужассам этган европа қироллигини идора қилган арийчи қирол ким бўлди экан?

Жиҳод Турбанийнинг
“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан
Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!