Шинжон мусулмонларига нисбатан ўтказилаётган қатағонлар туфайли Хитойга бойкот эълон қилган таниқли россиялик боксчи Артур Бетербиев хитойлик Мэн Фаньлунгга қарши жангни бошқа давлатда ўтказади. Бу ҳақда AllBoxing хабар бермоқда.
Аввалроқ Бетербиев бокс кечаси Хитойда бўлаётгани сабабли жангда қатнашишдан воз кечганини маълум қилган эди. Бунга сабаб қилиб Хитойнинг Шарқий Туркистон, яъни Шинжондаги адолатсиз сиёсатини кўрсатди. Спортчи учрашувни бойкот қилиш билан ярим оғир вазн тоифасида IBF ва WBC чемпионлик камаридан воз кечишга тайёр турганди.
Мусулмон давлатлар Хитой маҳсулотларини бойкот қилишга чақирилмоқда
Энди Бетербиевнинг Хитойни бойкот қилишига ҳожат қолмади. Гап шундаки, ўйин учун аризалар танловида ғолиб бўлган Хитой промоутерлик компанияси Rejoy Group Халқаро бокс федерациясига мажбурий тўловни тўламаган. Шундай қилиб, жангни ўтказиш ҳуқуқи Американинг Top Rank промоутерлик компаниясига ўтди.
Учрашув 28 март куни ўтказилади. Жанг Москвада ёки Бетербиев машғулотлар ўтказаётган Квебекда (Канада) бўлиб ўтиши мумкин.