Биз ароққа "ўтириб" қоляпмизми? Шаҳарни бир айланинг, ҳар қадамда ароқ дўкони, ҳар қадамда ичимлик сотадиган бар, ошхона, ресторан...
Қишлоқларни-ку айтмасаям бўлади. Одамлар қўлбола ароқ чиқарувчи яширин цехлар қуриб олишган. Нархлар ажабланарли, ҳатто 6-7 минг сўмлик ароқлар бор. Номларини қаранг: Иванушка, Пётр... Нима, бу одамлар ароқнинг асосий унсури — спиртни артезиан қудуқдан тортиб олишяптими?
Қишлоқлардаги муҳожирликка бўйни ёр бермаган баттол йигитларнинг аксарияти ичкиликка муккасидан кетган. Бир шиша учун кун бўйи ишлайди. Эртанги куни у ёқда турсин, бугунидан кўнгли ярим девдай-девдай йигитлар аламини ароқдан олади: бир баҳя бўлса-да, кўнглини шод қилишга, елкасидан босиб турган ўй-ташвишларни унутишга интилади.
Тўғри, спиртли ичимликлар савдосидан бюджетга катта фойда келаётган бўлиши мумкин. Бироқ одамларни, миллатниям ўйлаш керакмикан, деган хаёл мени кўп безовта қилади.
Ароқхўрликка берилган жамият билан қаёққа қараб борамиз? Жамиятдаги ширакайф ва туйғуларини шайтон булғаган "ирода" билан жар ёқасига бориб қолмаймизми?
Бунинг устига, сифати паст, одамни ўлдирар даражадаги маҳсулотларни ишлаб чиқараётган ва сотаётганларга ҳей, дейдиган одам, ташкилот ва ёки куч топиладими?
манба @platformauzb