Соғуний Шодмон ботир ҳақида ана шундай ўзи кўрган ва эшитган қаҳрамонлик воқеаларини эсларкан: “Бизнинг фарзандларимиз ҳам қачон энди “Путингни торт, деб айтишаркин, айтишармикан?” деб ўйлади ва хаёлидан набираси Бобурхон ўтди...
“Олдингизда айбдорман, – деб ёзибди у акасига ёзган хатида. – Кўп хафа қилдим, қийнадим, ташвиш ва хавотирларга солдим. Ҳаммаси учун кечиринглар. Мени бобомлар тўғри тушунишади, деб умид қиламан, чунки у киши ўтмишда бундай ҳодисаларни ўз бошидан кўп бор ўтказганлар... Агар буюк Олтин бобомлар туфайли олган миллатимиз, динимиз ҳақидаги маълумотлар, уларнинг тарихимиз ҳақидаги суҳбатлари бўлмаганда эди, мен саводсиз одам бўлиб қолар эдим. Менинг обрўйимни бобом берган билимларгина сақлаб қолди...”
– Ҳа болам-а, – деб оҳ тортди Соғуний кўзларини юмиб. Унинг назарида қаршисида чўккалаганча нафасини ичига ютиб Бобурхон ўтирар эди.
– Нечуксан, ўғлим?
– Яхшиман, бобо!
– Бу йўлга қандайин кириб қолдинг?
– Бобо, бу сизнинг йўлингиз эмасми?
– Ҳа, менинг йўлим. Аммо менинг пайтимда, шу йўлни тутишга шароит, вазият етишган эди. Бу йўлга кирар эканман, ортимдан борувчи халқ бор эди. Сен эса якка-ёлғизсан...
– Сиз-чи бобо, сиз борсиз-ку! Сизнинг дуоларингизга муштоқман...
(давоми бор)
Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди
ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.