Шоир ва икки вазир (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

23:00 11.06.2019 886

Шоирлардан бири шеър ёзиб, уни мукофот илинжида султонга тақдим қилди. Султон қўли очиқ, саховатпеша эди. Шоирга минг олтин беришни буюрди. Султоннинг сахий ва хушдил вазири бор эди. У: “Султоним! Бу оздир, унга ўн мингта олтин беринг. Хурсанд бўлиб кетсин. У каби муҳтарам шоирга, сиз каби сахий султоннинг минг олтин бермоғи муносиб иш эмас”, деди.

Султон вазирининг гапини қўллаб, шоирга ўн минг олтинга қўшиб, кийим-кечаклар ва ҳадялар тортиқ қилди. Шоирнинг қалби шукуҳга тўлиб тошди ва атрофдагилардан:  “Ажабо, бу шоҳона совға-саломлар кимнинг шарофати билан экан?! Султон нега менга бундай саховат кўрсатди?”, деб сўраб-суриштирди.

Унга: “Султоннинг Ҳасан деган исми жисмига мос вазири бор.

Бу ҳадялар унинг тавсияси биландир”, дейишди. Бунинг ташаккури сифатида шоир вазир учун ҳам узун қасида ёзди. Уни шеърида мадҳ қилди ва вазирга олиб борди.

Орадан йиллар ўтиб, шоир яна фақирлашди. Шеър ёзиб, султоннинг ҳузурига йўл олди. Шеърида султоннинг саховатини мадҳ этган эди. Одатда, султон шоирларга минг олтин берар эди. “Бу шоирга ҳам минг олтин берилсин” деб буюрди. Олдинги вазир вафот этган, ўрнига эса бошқа вазир тайинланган эди. Янги вазир бахил ва бераҳм эди. У: “Султоним, давлатнинг бир дунё эҳтиёжлари бор. Биргина шеър учун минг олтин кўплик қилади. Мен шоирни бу минг олтиннинг ўндан бирининг чораги бўлган йигирма беш олтинга кўндираман”, деди.

Аъёнлар: “Сиз бу шоирга эски вазир замонида ўн минг олтин берган эдингиз”, дейишди.

Вазир: “Менга қўйиб беринг, уни кўндираман, ўзи рози бўлади”, деди.

Султон: “Майли, сен айтгандек бўлақолсин, шунда ҳам уни севинтиргин. Чунки шеърида бизни мадҳ қилган”, деди.

Шундан кейин вазир шоирни куттиришни бошлади. Орадан бир қишни ўтказиб юборди. Ёз ҳам ўтиб, куз келди, шоир эҳсонни кута-кута қариб кетди. Вазирнинг қилмишидан эзилди. Тоқати тоқ бўлгач: “Олтин бермоқчи бўлмасанг, ҳеч йўқса, ростини айтиб қўй. Умид қилиб ўтирмасдан кетайин”, деди.

Вазир унга йигирма беш олтин берди. Шоир ҳайратланиб, ўйга толди.

Атрофдагилар: “Саховатли вазир дунёдан ўтди. Унинг ўрнига келган вазир эса бечораҳол фақирларнинг ҳам терисини шилаяпти. Сен бу пулни олда, бу ердан қочиб қол. Йўқса, шундан ҳам маҳрум бўласан. Сен билмайсан, биз бу эҳсонни сенга олиб бериш учун оз-мунча тер тўкмадик”, дейишди. 

Шоир: “Эй дўстлар, айтингчи, бу марҳаматсизнинг исми нима?”, деб сўради. Улар: “Ҳасан”, дейишди.

Шоир эски вазирнинг ҳам исми Ҳасанлигини эслади. “Бу ҳам Ҳасан, аммо унинг ёмонлигидан инсонлар азобланади”, деб саройдан чиқиб кетди.

Икки вазирнинг ҳам исми бир. Лекин табиатлари ва сифатлари тамоман бир-бирига зид эди. Шайх Саъдий: “Ҳар бир кўзи, қулоғи борлар одам ҳисобланавермайди. Қанчадан-қанча шайтонлар одамга ўхшаш кўринишда бўлур, ҳақиқий одам эса гўзал ахлоқли кишидир. Юз гўзаллиги ва бошқа гўзалликлар фонийдир”, деганлар.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!