Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шойгуга нима керак ўзи?

4776

2020 йил февраль ойида Қатар пойтахти Дўҳа шаҳрида АҚШ маъмурияти билан «Толибон» ҳаракати ўртасида битим имзоланган. Ушбу ҳужжатда АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 14 минг кишилик қўшини ва НАТОнинг тахминан 17 минг кишилик қўшини 135 кун ичида сезиларли даражада қисқартирилиши, хусусан, АҚШ қўшини 8,6 минг кишигача камайиши кўзда тутилган. Агар «Толибон» ҳаракати бошқа террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда тажовузкорона ҳаракатларга йўл қўймаса, АҚШ ва НАТО кучлари келаси 14 ой давомида, яъни 2021 йилнинг май ойигача Афғонистон заминидан тўла-тўкис чиқарилиши борасида келишиб олинган.

Битим шартлари режали равишда аста-секин амалга оширилиб, 2020 йилнинг ёз фаслигача АҚШ қўшинларининг ярми Афғонистон ҳудудини тарк этди. Бироқ бу вақтга келиб америкаликлар Россия томонидан АҚШга нисбатан дунёнинг турли бурчакларида, шу жумладан, Афғонистон ҳудудида ҳам таҳдид солинаётгани ҳақида гап очиб қолишди. Жумладан, 2021 йилнинг февраль ойида The New York Times нашри АҚШ истихборот хизмати томонидан берилган хабарни маълум қилди. Ушбу хабарда айтилишича, Россиянинг ҳарбий истихборот бўлинмалари «Толибон» ҳаракати жанггарилари билан жиноий тил бириктириб, Афғонистон ҳудудида ўлдирилган ҳар бир америкалик ҳарбий хизматчи учун 100 доллардан ҳақ тўлашни таклиф қилган. Бундай ҳолат АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан чиқарилишига салбий таъсир кўрсатмай қўймаган, албатта.

2021 йил 14 апрель куни НАТОга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва мудофаа идораси раҳбарлари иштирокида ўтган конференцияда АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан тўла-тўкис чиқарилишига доир қарор қабул қилинди.

«Йигирма йиллик уруш тарихини токчага қўйиш ва бу билан юртимиз тарихида жуда узоқ чўзилиб кетган урушга барҳам бериб, АҚШ қўшинларини юртга қайтариш вақти етди», — деган эди Президент Жо Байден ўша кунги телемурожаатида. Ушбу мурожаатда у АҚШ қўшини жорий йилнинг 1 майидан 11 сентябригача Афғонистон ҳудудидан тўлиқ чиқарилишига доир қарор қабул қилинганини халққа эълон қилди.

2021 йил 27 апрель куни АҚШ Давлат департаменти Афғонистон ва унга яқин давлатлар ҳудудида COVID-19 пандемияси янада авж олаётгани муносабати билан Афғонистонда фаолият юритаётган ҳарбий бўлмаган ходимларига Афғонистон заминини имкон қадар тезроқ тарк этишни тавсия этди.

АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан хавфсиз олиб чиқилишини таъминлаш мақсадида Пентагон раҳбариятининг қарорига биноан Кувайтдаги High Mobility Artillery Rocket System (HIMARS) русумли олис масофага бараварига ўт очадиган реактив тизимлар Афғонистон ҳудудига олиб ўтилди. Бу ҳақда ўтган якшанба куни Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларининг қўмондони генерал Скотт Миллер баёнот қилиб ўтган эди.

Бир сўз билан айтганда, АҚШ ва НАТО қўмондонлиги нима қилган тақдирда ҳам жорий йилнинг 1 майидан эътиборан ўз қўшинини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқа бошлайди. Шундай экан, воқеаларга бой тарзда кечадиган ушбу кенг кўламли ҳарбий тадбирни диққат билан кузатиб боринг.

Энди Шойгунинг Марказий Осиё минтақаси давлатларига, шу жумладан, юртимиз Ўзбекистонга ташрифига ҳақида.

Киши қўшнисига дарди битмас азият етказган бўлса, кун ўтиб бир кун ўша қўшниси ёки ўсиб келаётган авлоди хун довлаб қолиши мумкинлигидан қўрқиб яшайди. Зеро, 1979 йилдан 1989 йилгача Кремль томонидан, хусусан, Шойгунинг ўтмишдошлари томонидан афғон халқига қарши олиб борилган адолатсиз уруш («Афғон уруши») БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қаттиқ қораланиб, «Ҳарбий куч миллий чегарадан ташқарида очиқдан-очиқ қўлланилган ҳолат ва босқинчилик ҳаракати (ҳарбий интервенция)» сифатида таснифланган.

Кремль томонидан ўлкамиз Туркистонга ҳарбий жиноятчи М. Фрунзе қўмондонлигида йўлланган ўрис қўшини бизнинг қаҳрамон боболаримизни, яъни ўз Ватанини ҳимоя қилган миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларини «босмачи» дея тамғаланган эди. Афғонистон ҳудудига бостириб киргач ҳам ўша ўрислар ўз Ватанини ҳимоя қилган афғон халқини ўзининг қароқчи табиатига хос тарзда «душман» дея тамғалади.

Расмий Москванинг Афғонистон Демократик Республикаси ҳудудига юборилган ўрис-совет қўшинлари афғон халқига қарши олиб борган ушбу урушига Ғарб журналистлари «Совет Иттифоқи учун Вьетнам уруши» (инг. Soviet Union's Vietnam War) ва «Айиқ қопқони» (инг. Bear Trap) дея ном беришган.

«Афғон уруши» ҳақида, совет жангчиларининг Афғонистон заминида содир этган ҳарбий жиноятлари ҳақида кўпдан-кўп ҳужжатлар, мақолалар, мемуар ва асарлар ёзилган. Бироқ ўша жиноятларнинг бари Кремль томонидан қон қустирилган афғон халқининг хотирасида ҳам ўчмас из қолдириб, мангу муҳрланиб қолган. Бинобарин, ўз вақтида тажовузкорона мақсадига эриша олмай, урушда ютқазиб, чекинишга мажбур бўлган Москва энди қўрқиб яшамоқда, ўзи содир этган қилмишлари энди унинг юртида ҳам содир этилишидан, халқи бегуноҳ афғонлар сингари қон қусишидан хавфсирамоқда, халқимиз таъбири ила айтганда, ҳар нарса қўрққан кўзига қўша кўринмоқда ва ўз қўрқуви ила Марказий Осиё халқларининг кўнглига ғулғула солишга уринмоқда. 

Тўғри, АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистон заминини тарк этгач, у ерда нималар юз беришини ҳозирча ҳеч ким билмайди, Марказий Осиё минтақасидаги давлатларнинг, жумладан, юртимиз Ўзбекистоннинг ҳам тинч ва барқарор ҳаётига нисбатан хавф-хатарлар туғилиши мумкинлигини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо ундай таҳдид қай даражада юзага келишини ҳозирча ҳеч ким аниқ айта олмайди. Бироқ шу нарса аёнки, Марказий Осиё давлатлари ва Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъво қилаётган Россиядан фарқли ўлароқ, афғон халқининг юртимизга нисбатан ҳеч қандай ҳудудий даъвоси йўқ. Миллий мустақиллигини тиклаб олган Ўзбекистон афғон халқига қўлдан келганча ёрдам берса беряптики, Россиядан фарқли ўлароқ, устига бомба ва снарядлар ёғдириб, қон қустиргани йўқ.

Жорий йилнинг 27 апрел куни РФ мудофаа вазири С. Шойгу қўшнимиз Тожикистон Республикасига ташриф буюриб, ўз ҳамкасби Шерали Мирзо билан учрашди. Ўтказилган музокаралар натижасида иккала вазир Россия ва Тожикистоннинг бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини барпо этишга қарор қилишгани борасида баёнот беришди. Шойгунинг тушунтиришига қараганда, ушбу тизим гўёки Тожикистон Республикасининг ҳаво сарҳадларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган эмиш. Анави uz.sputniknews.ru ҳам 28 апрель куни Шойгуга тақлид қилиб, унинг юртимизга ташрифига доир берган хабарига «Узбекистан хочет, чтобы Россия обеспечила его региональную безопасность» дея сарлавҳа қўйибди. Гўё биз ўрисга минтақавий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишини сўраганча ялиниб, ёлворибмиз. Гапираман деса гап кўпу, юртимизда бир асрдан ортиқ вақт давомида босқинчилик ва қонли қатағон сиёсатини олиб борган, бугунги кунда Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирларини ўз полицияси ва бошқа турдаги ваколатли идораларининг қўли билан хўрлаб, таҳқирлаётган, минтақамиздаги қўшни давлатларга нисбатан эса ҳудудий даъво қилаётган Россия бизнинг хоҳиш-иродамизга кўра югуриб келиб юртимизни ҳимоя қила бошлашига ишонасизми? 

Шойгу биринчи навбатда ўз Россиясининг ва минтақадаги давлатлар ҳудудига жойлашган ўрис ҳарбий базаларининг хавфсизлигини таъминлашга келган. Зеро, доно халқимизнинг пурмаъно бир нақли бор: оғзи куйган қатиғини ҳам пуфлаб ичади. Йиллар давомида ОАВда тинмай мақтаб келинган жанговар техникаси Тоғли Қорабоғда кечган атиги 44 кунлик урушда турк қуроли остида гугурт қутиларидек битта қолмай ёниб битгач, Шойгу азалдан мавжуд бўлиб, маънан ва жисмонан эскириб кетган бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янгилашга келган. Чунки энди хорижий кучларнинг аралашувисиз мустақил сиёсат юритадиган, миллий мустақиллигини том маънода тиклаб олган, 1979 йилдан буён ўриснинг дастидан боши азоб-уқубатдан чиқмай келган Афғонистон табиийки, ўзининг жанговар тажрибаси ниҳоятда бой миллий қуролли кучларини янада такомиллаштириб, замонавий қурол-аслаҳа тизимлари, шу жумладан, учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари билан қайта қуроллантиришга киришади.

Ким билади дейсиз, балким кун ўтиб бир кун Ўзбекистон Республикаси Афғонистон ҳукумати билан стратегик ҳарбий-сиёсий ҳамкорликни йўлга қўйиб, тегишли шартномалар доирасида ўз махсус бўлинмаларини малака ошириб келишлари учун Россияга эмас, қўшни Афғонистон армиясига юборадими...

Душанбеда КХШТга аъзо давлатларнинг мудофаа вазирлари кенгашини ўтказиб, Тожикистон давлат чегарасининг Шўробод ва Калайхум участкаларида юзага келган ҳарбий-сиёсий вазиятни ўрганиб чиққан С. Шойгу сешанба куни юртимиз Ўзбекистонга учиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновнинг С. Шойгу билан ўтказган музокараларидан сўнг берган баёнотига кўра, юртимиз Ўзбекистон РФ билан йўлга қўйилган ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришдан манфаатдор.

«Икки давлат ўртасидаги муносабатлар бугунги кунга келиб сифат жиҳатидан янги стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди», — таъкидлаб ўтди генерал Б. Қурбонов.

Хулоса тариқасида айтмоқчиманки, сиёсат ўзи тоза нарса эмас, айниқса, босқинчи касларнинг сиёсатидан жуда эҳтиёт бўлган маъқул. Бинобарин, Россия билан миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолдагина икки томонлама тенг ҳуқуқли ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик олиб бориш, имзоланган шартномаларда кўзда тутилган мажбуриятларининг сифатли ва тўлиқ ижросига эришиш, унга ортиқча ён босмаслик, Россиянинг ҳарбий ва ҳарбий-техник имкониятларидан имкон қадар самарали фойдаланиб бориш керак.

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россия билан ҳамкорлик дастури юзасидан Мудофаа вазирлиги баёноти

586 12:30 05.05.2021

Ўзбекистон фуқароси Россия миграция хизмати ходимлари томонидан калтакланди 

1009 09:49 04.05.2021

Шубҳали обрўга эга Дмитрий Киселёв Тошкентда маҳорат дарси ўтди

1106 08:30 04.05.2021

Польша чегарачилари россиялик ва тожикистонлик болаларни тутиб олишди

571 16:00 03.05.2021

Украина шарқида ярим миллиондан зиёд киши Россия фуқаролигини олди

793 09:03 03.05.2021

Россияда “президент”ни “олий ҳукмдорга” алмаштириш таклиф қилинди

1425 08:30 03.05.2021
« Орқага