Кўчадаги дарахтларнинг меваларини сўрамасдан ейиш жоизми?

13.06.2019 19:00 6007

Савол

Ассалому алайкум, Устоз!

Ҳаммамизга маълумки, кўп қаватли уйларнинг атрофига шу уйларда яшовчилар томонидан турли мевали дарахтлар экилади. Лекин, аслида бу уйларнинг атрофидаги ҳудудлар ўша одамларга тегишли бўлмайди. Улар мевали дарахтларни шунчаки, уйининг олдида турган бўш ерларга, кўчага экишган бўлади.

Биз кўчадан ўтганда, рухсат сўрамасдан, шу дарахтларнинг меваларидан ейишимиз жоизми?


Жавоб

Агар у мевалар девор билан ўраб қўйилмаган дарахтларники бўлса, ейишнинг гуноҳи йўқ. Аллоҳ таоло айтади: "У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот" ("Бақара" сураси, 29-оят).

Аммо ўзининг мулки бўлмаса-да, ерни ўзлаштириб дарахт ва ўсимлик экиб, атрофини ўраб қўйилган бўлса, бу жойдаги мева ва ўсимликлардан фойдаланиш жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мўминнинг моли фақат ўзи рози бўлиб бергандагина ҳалол бўлади", деганлар. Фақат зарурат бўлсагина бундан истисно, яъни зарурати қадар ейиш мумкин.

Сиз айтган ҳолатда кўпинча дарахтзор ўралмаган бўлади. Бунда боғ эгасидан сўраб еган маъқул ва тақвога тўғри келади. Аммо айрим уламолар иккита шартни бажарса, еса жоиз, дейишган:

1. Эгасини уч марта чақирсин ва у жавоб қилмаса есин (бунга ҳадиси шарифдан далил бор).

2. Фақат ўша ерда есин, ўзи билан олиб кетмасин (бунга ҳам далил бор).

Аллоҳ янада билгувчироқ.

Мубашшир АҲМАД