Иймон

"Шу оқсоқ оёқларим билан жаннатга киришни истайман!"

1150

Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳу жуда қаттиқ оқсар эди. Унинг тўртта баҳодир ва жасур ўғли бўлиб улар Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан Бадрда иштирок қилишган эди.

Улар мусулмонлар сафида яна жангга киришмоқчи бўлишганида уларнинг отаси Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳу ҳам жангга қатнашмоқчи эканлигини айтди. Ўғиллари: "Аллоҳ сизни маъзур қилган", деб унашмади.

Амр Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
- Мени ўғилларим сиз билан жиҳодда иштирок этишимдан ман қилишмоқда. Аллоҳга қасамки, мен мана шу оқсоқ оёқларим билан жаннатга киришни истайман.

Аллоҳнинг элчиси унга қараб дедилар:
- Сени Аллоҳ узрли қилган.

Сўнг унинг ўғилларига қараб дедилар:
- Сизлар эса уни чиқишдан ман қила олмайсиз. Эҳтимол Аллоҳ унга шаҳидликни насиб қилар!

Ўғиллари Амрга рухсат беришди.

У йўлда кетаётиб Пайғамбар алайҳиссаломдан сўради:
- Нима дейсиз, мен Аллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлсам жаннатда оёқларим соғлом бўладими?

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам:
- Ҳа! - дедилар.

Уҳудда Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам шаҳид бўлганлар орасида айланиб юриб Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳунинг олдида тўхтаб:
- Гўё мен сени жаннатда соғлом оёқларинг билан юрганингни кўраётгандекман! - дедилар.

Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳунинг жасоратига боқинг! Ваҳоланки кўпгина соғлом инсонлар жиҳодга чиқишмаган эди. У чиқди.

Биз қандай ҳолда бўлмайлик Аллоҳ томон юришда давом этишимиз лозим. Ҳеч нарса бизни кишанлаб қўймаслиги керак. Нафсимизга ҳеч нарса оғирлик қилмаслиги лозим. Албатта оғир кунлар ўткинчи, ваъдалашган жойимиз эса иншааллоҳ жаннат!

Инсонларни жаннатга энг кўп яқинлаштирадиган нарса Аллоҳ ризосини истаб қилинадиган амалдир. Аслида агар улар буни қилишмаганда маъзур ҳисобланишар ва уларни ҳеч ким маломат қилмас эди.

Қариндошинг ва яқининг бўлмаса-да, бегоналарга Аллоҳ ризоси учун яхшилик қилишинг жаннат томон қўйилган қадамингдир!

Икки айро эр-хотин ўртасини улар сенга қариндош бўлмаса-да, қайта жамлашга ҳаракат қилишинг, ўртадаги фарзандлари зое бўлишини ўйлаб эзилишинг ва бу билан Аллоҳнинг ризосини исташинг жаннат томон қўйилган қадамингдир!

Сен учун манфаати бўлмаган ҳақни ўз эгасига қайтаришда  Аллоҳ учун ёрдамлашмоғинг жаннат томон қўйилган қадамингдир!

Отасига оқ бўлган фарзандни у сенга ҳеч ким бўлмасада отасига яхшилик қилишга ундамоғинг жаннат томон қўйилган қадамингдир!

Беморни даволатиш учун ҳаракат қилишинг, мискиннинг иш топишига кўмаклашишинг, бир этак болалари билан бева қолган аёлни тиланчилик қилишдан сақлаб қолишинг жаннат томон қўйилган қадамларингдир!

Аллоҳга қилинган энг буюк ибодат Унинг махлуқотларига қилинган яхшиликдир!
  

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистон ва Афғонистон мусулмонларининг аввалги ҳоли

974 20:05 31.05.2020

“Ўрикзор” бозорида коронавирус чиққан сотувчининг фарзандларида ҳам инфекция аниқланди

782 22:19 30.05.2020

Алломанинг китобга бўлган рағбати...

1233 21:47 30.05.2020

Мўминнинг йўқотгани тадаббур бўлмасин

771 20:39 30.05.2020

Ливан Исроилга ноқонуний равишда киришга уринган беш суданликни ҳибсга олди

295 20:00 30.05.2020

Aллoмa Муҳaммaд Aввoмa билaн суҳбaт: Умматнинг аҳволи, замонамиз уламолари ҳақида (давоми)

2008 19:50 30.05.2020
« Орқага