Шукрини адо этишимиз керак бўлган жуда кўп неъмат бор

23:30 11.01.2019 495

Аёл ҳар кеча уйқудан олдин дуо қилиб, Аллоҳга шукр қилади.Бир кеча уйқудан олдин шундай шукр дуоси қилди:

– Аллоҳим! Шукрлар бўлсин, тонгга қадар эримнинг хуррагини эшитаман. Демак, у яшаяпти!

Аллоҳим! Шукрки, қизим ҳар куни ювиқсиз идишларни ювгани ва уй тозалагани учун шикоят қилади. Демак, у уйда ва кўча-куйда санғимайди. Аллоҳим! Шукрлар бўлсинки, солиқ тўлайман. Демак, касбу-корим бор ва ишсиз эмасман. Аллоҳим! Шукрки, кийимлари менга тор келяпти. Демак, озиқ-овқатим етарли. Аллоҳим, шукрлар бўлсинки, кун охирида қаттиқ чарчаб қоляпман. Демак, оғир ишларни бажаришга куч-қувватим бор. Аллоҳим! Шукрлар бўлсинки, ҳовли супураман ва деразаларни артаман.

Демак, уйим-жойим бор. Аллоҳим! Шукрлар бўлсинки, баъзан бетоб бўлиб қоламан. Демак, кўп вақт соғлом бўламан.Аллоҳим! Шукрлар бўлсинки, ҳадяларга пул сарфлайман. Демак, ҳадя улашадиган яқинларим ва дўстларим бор! Аллоҳим! Шукрлар бўлсинки, ҳар куни тонгда соат уйғотгичи товушидан уйғониб кетаман. Демак, ҳаётман, яшаяпман.

Ҳақиқатдан ҳам шукрини унутганимиз ва шукрини адо этишимиз керак бўлган жуда кўп неъмат бор.

Аллоҳим! Берган барча неъматларингга шукрлар бўлсин!

Умида АЗИЗ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!