Шукроналик

12:00 11.05.2019 658

Маъруф ишдан ҳориб чиқди. Аёлининг "ҳалиги, уйда айтарли ҳеч нарса қолмади, агар иложингиз бўлса ишдан қайтаётганингизда бозорга кириб чиқинг" дегани ёдига тушди-ю, юраги эзилиб кетди. У бугун маош олиши керак эди... аммо аксига олиб ишхонада маош берилмади. Энди нима қиламан? Маъруфнинг боши қотди. Аллоҳга таваккул қилди-ю уйи томон жўнади. Эшик олдида уни кутиб олган Солиҳа эрининг қўлларини бўш, кўзларини маъюс ҳолда кўрди-ю, ҳаммасини англаб етди.

– Ассалому алайкум. Чарчамадингизми? 
– Ва алайкум ассалом. Яхшиман. Ўзинг қийналмадингми... Аксига олиб бугун маошимни беришмади-я... Уйда ҳеч нарса қолмади дегандинг. Бозорга ҳам киролмадим... 

Маъруф кун бўйи рўза тутган аёлига бирор егулик олиб келолмаганидан юраги тилкапора бўлар, уятдан ўзини қўярга жой тополмасди. 

Солиҳа эса эрига табассум билан жавоб қайтарди:
— Майли. Қайтанга яхши бўлибди, уйимиз Расулуллоҳнинг уйига ўхшабди, дадаси! - дея жилмайди.

Улар шу туришда ҳам жуда бахтли эдилар!

Бу вақтда эса қўшни хонадонда тўкин дастурхон ёзилган, ифторлик қилиш учун казо-казолар меҳмонга чақирилган, аммо келганларнинг биронтаси ҳам рўза тутмаган эди...

Руқия Улуғхўжаева

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!