Швейцарияда 7 ёшдан 70 ёшгача қорилар иштирокида Қуръон мусобақаси ўтказилди. Бизда-чи?

11:10 13.06.2019 1520

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сайтида Швейцарияда Қуръон мусобақаси ўтказилгани ҳақида хабар берилди. Айтилишича, ушбу давлат тарихида илк бор ўтказилган мазкур мусобақада 7 ёшдан 70 ёшгача (!) бўлган 50 нафардан ортиқ Қуръон ҳофизлари қатнашган.

Ушбу хайрли тадбирга Қувайтнинг «Халқаро Раҳмат» жамияти ҳомийлик қилгани, мусобақа мамлакат аҳолиси томонидан катта қизиқиш билан қарши олингани таъкидланади. Танлов якунига кўра, ғолиблар муборак Ҳаж сафари учун йўлланма, қолган иштирокчилар эса пул мукофотлари билан тақдирланган.

Ўтган йили муҳтарам Президентимиз ташаббусига кўра Ўзбекистонда ҳам Қуръон мусобақаси ўтказилган эди.

Катта уюшқоқлик ва ўзгача иштиёқ билан ўтказилган мусобақа ғолиби давлат раҳбарининг хос соврини - автомашина билан тақдирланганди. Анъанага айланиши кутилган мазкур тадбир бу йил негадир ўтказилмади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси эса ҳозирча бунга изоҳ берганича йўқ.

Xabar.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!