Сигарета қутиси устидаги огоҳлантиришдек бесамар «амру маъруф»лар

14:31 03.09.2019 1896

Анас ибн Молик замондошларига қарата Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги мажлислар ҳақида: ʼʼЗикр мажлислари сизларники каби узундан-узун ваъз-насиҳатлардан иборат бўлмаган. Бизлар ўтириб имон ҳақида сўзлашар, Қуръонни тафаккур қилар, динни бир-биримизга тушунтирар ва Аллоҳ таолонинг устимиздаги неъматларини санаб, тушунар эдикʼʼ, деган эканлар.

Тўй ва маъракаларимиздаги ʼʼАмру маъруфʼʼлар ҳақида ўйлаб қолдим.

Худди, сигарета қутиси устидаги огоҳлантиришдек бесамар гўё.

Бирор инсон сигаретнинг зарарини айнан ҳис қилиб кўрмагунча, ёки ҳақиқатдан ўпкаси чириб кетмагунча, огоҳлантиришга аҳамият бермайди.

Неча йиллардан бери одамларимизга ота-онани ҳурмат қилиш, ҳалол савдо, тўйда исроф қилмаслик, қудаларга юк бўлмаслик, қиз тарбияси, қўшничилик ҳақлари ҳақида имомларимиз гапириб келишади. Шеърлар, ҳикоялар ўқиб беришади, лекин наф йўқ. Интернетдан огоҳ бўлиш ҳақидаги огоҳлантиришларни-ку, айтмаса ҳам бўлади.

Нега?

Чунки биз аввалгилардек қилмаяпмиз. Инсонларда Аллоҳни таниш, унинг ҳалолига юриб, ҳаромидан қўрқиш, бунинг учун жаннат ва дўзахнинг нималиги ҳис этиш, Аллоҳнинг раҳмини ва қаҳрини англаш қалбига ўрнашмас экан, фойдасиз.

Амри маъруфда ақидадан, иймондан, Қуръон ва унинг маъноларидан, Аллоҳни қандай таниш ва қандай қўрқишдан зикр қилинганини эслайсизми?..

Саид Комил

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!