«Сингилларимни жуда соғиндим...»

12:00 16.03.2019 1104

Исмим Муҳаммад. Ўн тўққиз ёшдаман. Чиқинди қоғозлари тўплайман. Ҳар куни Қизилойдан Улусагача уч бор пиёда бориб келаман. Иккита кичкина хонаси бор уйчада беш ўртоғим билан яшаймиз. Улар чиқинди қоғоз тўпламайди. Мавлуд қурилишда ишлайди.  Ҳусайн ҳаммоллик қилади, Сидар ва Юнус эса пойабзал бўяб пул топади. Бизга яна бир Аббос исмли ўртоғимиз ҳам қўшилган. Ишлаёлмайди, буйраги касал. Аббосни биз боқамиз. Ўн уч ёшимдан бери Анқарада қоғоз тўплайман. Ниғделиданман. Бошланғич синфга борган йилим Анқарага келгандик. Ўрта мактабни битирганман, холос. Синфдан синфга ўтаётганимда, ҳар йили тақдирланардим. Отам лицейга ёздирмади. Ишлаб пул топиб, фойдам тегиши учун кўчага ҳайдаб солди. Ўша кундан бери кўчадаман. Суратли, суратсиз, қора, оқ ва ранг-баранг қоғозлар, картон қутилар йиғиб юраман. Ишлашни бошлаган йилим отам бизни ташлаб кетди. Қимордан қарзи бор эди, бир эрталаб тонг саҳардан чиқиб кетди. Тирикчилигимиз менга қолди.  Онам мени эркалаб: “Арслон ўғлим” дерди.  Юзимни силарди. Отам кетганига тўрт ой бўлган эди, қўшнилар онамга бир эркакни топишибди. Қимор ўйнамасмиш, ибодатда эмиш. Хотини вафот этган, икки қизи бор экан. Онамга “сени қабул қиламан, болаларингни ҳам. Лекин Муҳаммадни эмас!” дебди. Онам ҳайрон қолибди:

  • Нега Муҳаммадни қабул қилмайсиз? У ҳам менинг болам-ку?
  • Икки қизим бор, бири ўн тўрт, бири ўн икки ёшда. Муҳаммад билан бир уйда яшаши жоиз эмас.
  • Уч синглим бор эди, бир-биримизни яхши кўрардик. Онам учун бир қарорга келиш осон кечмади. Бир кеча мени қаршисига олди.
  • Ўғлим Муҳаммад, деди онам изтироб билан. -­- Сени ҳеч қачон ташлаб қўймайман. Лекин бироз муддат тоғангларникида яшаб тур, болам. -­-Мени бағрига босди. Онам йиғлади, мен ҳам йиғладим...

Тоғамникига борганимнинг эртаси куни никоҳ ўқилди. Бир ҳафтага қолмай, онам ва сингилларимни олиб ўз шаҳрига, Кастамонуга жўнаб кетибди эркак.  Тоғам “Онангнинг омонатисан, бу ер сенинг ҳам уйинг. Хоҳлаган вақтинг келиб, ётиб кетишинг мумкин, Муҳаммад” деди.  Ўн ёшда эдим. Тоғам менга яшаш учун бир бошпана ҳозирламаганди. Қўни-қўшни, қариндош уруғ ҳеч ким ёрдам берай демади. Ҳозир, ўн уч ёшдаман. Анқарадаман. Ёлғиз ўзимман...

Олти йилдан бери онам ва сингилларимни кўролмадим. Бир неча бор Кастамонуга боришни ният қилдим. Лекин анави эркак мени ҳайдаб, яқинларимни кўрсатмайди, деб ўйладим. Онамдан хафаман. Истаса мени топиши мумкин. Сингилларимни жуда соғиндим; Ҳуляни, Ҳаввони, Ҳанифани соғиндим. Тўртталамиз домино ўйнар эдик. Мен ҳеч қачон ютмадим, булар бола, севинсин, қувонсин дедим. Ҳолбуки, ўзим ҳам бола эдим...

Пиёда юрганимда, қоғоз йиққанимда, тонгдан шом қоронғусигача инсонларнинг юзини кузатаман. Масалан, севишганлар ёнимдан ўтиб кетади. Эркаклар менга кўзи тушса, аёлларини сал нарироқдан олиб ўтишади. Эркаклар, аёллар, ҳуқуқ-тартибот ходимлари, ҳарбийлар, қулоғига эшитгич таққанлар, мусиқа эшитаётганлар, Кафкани ўқиётганлар, дуо ўқиётганлар, тасбеҳ ўгираётганлар, сигарета тутатаётганлар, калта юбка кийганлар, ҳамма ёнимдан ўтиб кетаётганида, менга шафқатсиз нигоҳ ташлайди. Нигоҳлар қаттиқ, қўпол... Эгалари қандоқ экан?..

Кафкани билишим сизларга қизиқ туюлгандир? Кўчадаги сайёр китоб сотувчилардан китоблар оламан. Кафканинг “Миленага мактублар” асарини ўқидим. Бошқаларини ҳам ўқийман. Кўп китоблар ўқийман. Ҳали ўқишим керак бўлган кўп китоблар, ёзувчилар, ҳикоя, роман ва шеърлар бор.

Китобчилар ҳам бошқалардан деярли фарқ қилмайди. Меҳнат, виждон ва ҳамжиҳатликни ҳимоя қилганлар ҳам мени кўрганида, озор берадиган сўзлар айтишади. Уларни чўчитувчи қиёфада кўринишимга ишончим комил.

Исмим Муҳаммад. Ўн тўққиз ёшдаман. Менга нафрат билан қараганингизда кўра олмайсиз. Қоқиниб йиқилганимни, ёрлиқларни йиғиб бошпанамга ёпиштирганимни кўролмайсиз. Мен ўзимни, онамни ва сизларни тушунишга ҳаракат қиляпман. Ер юзини, табиатни ва коинотни ўрганишга ҳаракат қиляпман.  Ёзишни ҳам бошлайман. Меҳрсизлик ҳақида ёзаман. Аввал қутилардан йиққан қоғозларимга меҳрсизлик ҳақида ёзаман, бемеҳрликни қоралаган қоғозларим меҳр бўлиб орамизга қайтади. Меҳрли, чинакам инсонлардан дўстларим бўлади. Улар қоғозлардан тирилади, меҳр билан тирик жонга айланади, биродарга айланамиз.

Бир қатор режаларим бор. Маҳкамага мурожаат қилиб исмимни ўзгартираман. Али Ҳайдар бўлсинми, деб ўйлаётгадим. Йўқ, менинг исмим Ўзгур бўлади. Ўзгур -­- ўзи ҳур, озод дегани!

Ўзимга оид бир кутубхонам бўлади. Чиқинди қоғозларни йиғиб юраман, уст-бошимдан қўланса ҳид келиши мумкин. Лекин китоб ҳидини севаман.

Табиат қўйнида ёлғиз ўзим яшашни истайман. Ранжитишларидан, четга суришларидан, лаънатлашларидан чарчадим. Она табиат қўйнидан паноҳ истайман. Бунинг учун гули гиёҳларга оид китоблар оламан. Ўтлар билан озуқаланишни, ўтлар ёрдамида соғайишни, ўтлардан ҳаловат топишни, ўрганишни истайман. Табиатда ёлғиз ўзим яшайдиган бўлсам ҳамма ўту гиёҳларнинг сир-синоатини билишим керак.

Буйрак етишмовчилигидан қийналаётган Аббосни, у менинг укам бўлди, биз унга қараймиз. Аббос соғаймаса, она табиат бағрига чиқиб кетамиз.

Кафка қирқ бир ёшида ўлган. Мен ҳам шунча яшасам етади. Озодлик, китоблар каби ифор сочмоқдир. Истагим, гиёҳлардан меҳр дармонини тайёрлаш ва бир куни тупроққа сингганимда она табиат мени эҳтиром билан хотирлашидир...

Интернет сарҳадларидан

Умида Адизова таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!