(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Эртаси куни Фазилат, ваъда қилганидек, Маликбейларникига борди. Ёнига Ҳабиба хоним ва Ойшагулни ҳам олди. Инжу остонада Фазилатни кўрганидан хурсанд бўлиб, нима қилишини ва ўзини қандай тутишини билмай қолди.
– Биласизми, опа! Мен сизнинг уйингизга камида йигирма марта бордим, сиз эса биринчи марта келдингиз. Бу – адолатсизлик. Агар бизни сизни севганимиздан афсуслантирмоқчи бўлсангиз, бекорга уринганингиз қолади. Эрим икковимиз сизни жудаям яхши кўрамиз.
– Биламан, барчангизга раҳмат. Лекин мени севганларга нисбатан бир оз бевафороқман. Севган киши осонгина кечиради. Мени ҳам шундай осон кечиришингизга ишонаман.
Ойшагул бутунлай зерикди. У билан гаплашадиган одам йўқ эди. Ниҳоят портлади:
– Агар кўринмас одам бўлмасак, биз ҳам шу ердамиз. Озгина менга ҳам эътибор беринглар.
Ҳамма кулиб юборди. Инжу хижолат тортиб деди:
– Тўғри айтдингиз. Сизга ҳақиқатан ҳам эътибор бермабман. Аслида, келганингиздан жуда хурсанд бўлдим.
Улар қарама-қарши ўриндиқларда ўтириб гаплашаётганларида Маликбей келди. Қўлида халталар билан ошхонага кириб кетди. Ўша ердан туриб Фазилатга гапирарди:
– Хуш келибсиз, хоним янга. Уйимга файз киритдингиз.
Фазилат хоним савол беришдан ўзини тиёлмади:
– Бу уй Инжу хонимнинг ҳам уйи эмасми? Демак, ўзингизнинг уйингиз экан-да?
– Бундай демадим-ку, янга?
– “Уйимга файз киритдингиз”, деяпсиз. Ҳолбуки, “уйимизга” дейишингиз керак эди. Яна шуни айтишим керакки, уйингиз сиз билан файзли.
– Суҳбатимизга эътибор берманг, хоним янга. Бунга ўрганиб қолганмиз. Яхши хабар бор. Бугун Али келди. Фазилат нима дейишини билмай қолди:
– Қаердан биласиз?
– Бугун уни кўчада кўрдим, машинасига ўтирдим. “Қаерда эдинг, янгам сени соғинганидан бетоб бўлди”, дедим.
Ойшагул бўйнини ошхона томон чўзиб ҳаяжон билан сўради:
– У нима деди?
– Билмайман. Менга ғалати-ғалати қаради. Фақат “Сен қаердан биласан?” деди. Фақат шу. Лекин озиб кетибди. Худди чўпдек.
– Одамлар баъзида шундай бўладилар.
Ҳабиба хоним безовталанди. Буни пичирлаганча дугонасига билдирди:
– Машааллоҳ, сен Маликбей билан гаплашгани келган экансан. Яхшиси, ошхонага бор, биз безовта бўлмайлик.
Инжу хоним табассум билан Ҳабиба хонимга қаради:
– Азизим, бор-йўғи икки оғиз гаплашишди. Опамиздан жаҳлингиз чиқмасин.
Малик шубҳалангандек гапида давом этди:
– Янга, Али шу ердамиди? Менга узоқдан келган одамдек туюлмади. Фазилат мавзуни ёпмоқчи бўлди:
– Майли... Ҳаммаси учун раҳмат.
Овқатлар ейилди, кеч кирганда уч хоним меҳмондан чиқишди. Эшикни ёпган Малик хотинига юзланди:
– Тушундим, хоним... Қасам ичаманки, ҳаммасини тушундим.
– Нимани тушундингиз?
– Улар ажрашишган. Хоним янга билдирмаяпти... Лекин мен шу кеча билдим. Эртага бориб Алидан вазиятни ўрганаман. Янганинг бундай аҳволга тушишининг ягона сабаби шу. Али ҳарбийлик пайтида бир-бирларини қандай севиб қолишганини айтиб берганди. Шунча кучли муҳаббатдан кейин бундай ажрашиш аёл учун оғирлик қилган. Лекин мен Алига нима дейишни биламан.
Ойшагул эса тун бўйи Фазилатни кузатди.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)