Сир сақлаш

14:00 09.01.2019 493

Омонатдорлик энг яхши ва мақтовга сазовор хулқлардан. Шунинг учун бу барча пайғамбарларнинг ажралмас сифати бўлган. Қуръон уларнинг ўз қавмлари билан бўлган муносабатларини тасвирлар экан, доимо омонатдорликни зикр қилиб ўтади. Ҳар бир пайғамбар даъват асносида одамларга 

إِنِّي لَكُمْ رَسُولٌ أَمِينٌ

“Албатта мен сизлар учун ишончли (омонатдор) пайғамбардирман” (“Шуаро” сураси, 107-оят) дея таъкидлаган.

Омонатдорликнинг турли кўринишлари бор. Улардан бири бугун биз кўриб чиқмоқчи бўлган мавзу: сир сақлаш.

Ҳаётимиз давомида кўплаб сирлардан хабардор бўламиз. Баъзида сирни эгасининг ўзидан эшитсак, баъзида буни бошқалар орқали билиб қоламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай бўлмасин одамларнинг сирини сақлаш, уларни ошкор қилмасликка буюрардилар.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا حَدَّثَ الرَّجُلُ الحَدِيثَ ثُمَّ التَفَتَ فَهِيَ أَمَانَةٌ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши бир гапни гапириб, кейин атрофга қараса, у (гапи) омонатдир”, дедилар”. Термизий (1959).

“Ибн Рослан айтади: “Чунки гапирувчининг эҳтиёткорлик билан ўнгу сўлига аланглаб қараши у бу гапни фақат суҳбатдошининг ўзига айтаётгани, бошқалар буни эшитиб қолишидан хавфсираётганини билдиради. Мана шу аланглаб қараш “Буни сир сақла. У сенга омонат”, деган гапнинг ўрнига ўтади”. Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Ал-Муборакфурий. “Туҳфатул-аҳвазий”. Яхшилик ва силаи раҳм китоби, “Мажлис (бир жойда ўтириш) омонатдир” боби, 1959-ҳадис шарҳи.

Сир сақлаш омонатдорлик, уни очиш эса хиёнат ва гуноҳ саналади. Агар сирни очувчи унинг эгасига яқин киши бўлса, бу катта гуноҳдир. Чунки бу ҳолатда сир эгаси суҳбатдошига тўлиқ ишонади, унинг хиёнатини хаёлига ҳам келтирмайди. Оқибатда сир очилиши туфайли мусибатга учрайди:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ، الرَّجُلَ يُفْضِي إِلَى امْرَأَتِهِ، وَتُفْضِي إِلَيْهِ، ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا

Абу Саид Ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Аллоҳ наздида энг ёмон одамлардан бири – тунда аёли билан бўлган, аёли ҳам у билан бўлган, кейин унинг (аёлининг) сирини (тунда нималар қилганини бошқаларга) ёйган кишидир”, дедилар”. Муслим (1437/3433).

Сирни фош қилувчининг мақсади одамлар уни бир-бирига тарқатиши орқали сир эгасига азият етказиш бўлса, гуноҳи янада катталашади:

عَنْ هَمَّامِ بْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ رَجُلٌ يَنْقُلُ الْحَدِيثَ إِلَى الْأَمِيرِ، فَكُنَّا جُلُوسًا فِي الْمَسْجِدِ فَقَالَ الْقَوْمُ: هَذَا مِمَّنْ يَنْقُلُ الْحَدِيثَ إِلَى الأَمِيرِ. قَالَ: فَجَاءَ حَتَّى جَلَسَ إِلَيْنَا، فَقَالَ حُذَيْفَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَتَّاتٌ

Тобеъийнлардан Ҳаммом ибн Ҳорис айтади: “Амирга гап етказиб турадиган бир киши бор эди. Масжидда ўтиргандик, (у кириб келиши билан) одамлар: “Бу амирга гап ташувчи киши”, дейишди. У келиб ёнимизга ўтирди. Шунда (орамизда бўлган) Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Чақимчи Жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман”, деди”. Бухорий (6056), Муслим (105/193). Ҳадис лафзи Имом Муслимга тегишли.

Чақимчи – одамлар орасини бузиш учун уларнинг гапини бир-бирига ташиб юрадиган киши. Ўзига ишонилган сирни очган инсоннинг кейинги қадами чақимчилик бўлиши мумкин. Шунинг учун сир сақлашга одатланиш лозим. Зеро, бу Аллоҳ ва Расули муҳофаза қилишни буюрган омонатлар жумласидандир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!