Илм

Сирот ва ундан ўтиш

1191

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига сирот деб аталган кўприк қурилган бўлишига, ундан барча одамлар ўтишга амр қилинишига, кимдир ундан ўтиб нажот топишига, кимдир ўта олмай, жаҳаннамга қулашига жазм ила имон келтириши керак. Бу ҳақда етарли далиллар келган: Аллоҳ таоло: «Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар сиротга шошилурлар. Аммо қандай ҳам кўрсинлар», деган ("Ёсин", 66).

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан биринчи ўтган мен бўламан. Ўша кунда расуллардан ўзга ҳеч ким гапирмас. У кунда расулларнинг каломи: «Эй Аллоҳим! Саломат қил! Саломат қил!» – бўлур», дедилар» (Икки шайх ривоят қилган).

Сирот дўзах устига қурилган кўприк бўлиб, маҳшарда туриш тамом бўлганидан кейин одамларга ўша кўприкдан ўтишга амр қилинади. Бу ҳам қиёмат кунининг энг оғир паллаларидан бири бўлади. У пайтда пайғамбарлар ҳам: «Эй Аллоҳим, саломат қил! Саломат қил!»дан бошқани айта олмайди.

Бир ҳадиси шарифда: «Бас, мўминлар худди кўз юмиб очгунча, чақмоқдек, шамолдек, қушдек, чопқир отлардек ва туялардек ўтиб кетурлар...», деган иборалар келади.

Демак, сирот одамларни жаннати ва дўзахига ажратиш учун хизмат қилади. Ундан ўтиб кетганлар жаннатга тушади. Ўта олмай йиқилганлар жаҳаннамга қулайди.

Аллоҳ таоло қиёматда сиротдан энг катта тезликда ўтиб кетишимизни муяссар қилсин.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Манба: Irfon.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага