“Шунда бироз нарсани билган бўлади”

16:05 09.08.2019 467

Ибн Жавзийнинг “Маноқибу Аҳмад” номли китобида қуйидаги маълумот келади:

Ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Отамнинг мана бундай деганларини эшитдим: “Баъзида ҳадис илмини олиш учун барвақт устозимнинг олдига бормоқчи бўлардим. Онам кийимимдан ушлаб: “Муаззин то азон айтмагунича ёки тонг отмагунча ҳеч қаерга бормайсан”, дер эдилар. Кўпинча Абу Бакр ибн Айёш ва бошқа шайхларнинг илм ҳалқасига ҳаммадан олдин борар эдим”.

Ибн Жавзий яна айтади:

Солиҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Бир киши отамда сиёҳдонни кўриб: “Эй, Абу Абдуллоҳ, илмда шу даражага кўтарилиб, барча мусулмонларнинг имоми бўлсангиз ҳам, ўзингиз билан сиёҳдон кўтариб юрасизми?” – деди. Отам: “Сиёҳдон билан қабргача борамиз...” – дедилар”.

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Бағавий айтади: “Мен Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбалнинг: “То қабрга қўйилмагунимча илм излайвераман”, деган сўзини эшитганман”.

Ибн Жавзий яна айтади: “Муҳаммад ибн Исмоил Соиғ шундай деди: “Сафарларимдан бирида Бағдодда бўлган эдим. Аҳмад Ибн Ҳанбал қўлига ковушини олиб олдимиздан югуриб ўтиб кетди. Отам уни тўхтатиб: “Эй Абу Абдуллоҳ, уялмайсанми? Ахир қачонгача мана бу ёшлар билан бирга илм излаб югуриб юрасан?” – дедилар. Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ўлгунимча”, – деб жавоб берди”.

Ибн Жавзий яна айтади: “Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ясин Аҳад ибн Маниъ ибн Абдураҳмон Бағавийдан, у бобосидан эшитган экан. Унинг бобоси айтади: “Аҳмад ибн Ҳанбал Куфадан келаётган эди. Қўлида оғзи ёпиқ, ичида китоблар бўлган халтаси бор эди. Мен унинг қўлидан ушлаб: “Бир сафар Куфага, бошқа сафар Басрага экан-да? Киши 30 мингта ҳадис ёзиб ўрганса, унга етадими?” – дедим. У жим турди. Сўнг: “60 мингта бўлса-чи?” – дедим. У жим тураверарди. “100 мингта бўлса-чи?” – дедим. У: “Шунда бироз нарсани билган бўлади”, – деб жавоб берди. Аҳмад ибн Маниъ айтади: “Қарасак, Аҳмад ибн Ҳанбал Баҳз ибн Асад ва Аффон ибн Муслим ва Ровҳ ибн Убодалардан 300 мингта ҳадисни ривоят қилган экан”.

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг "Уламоларнинг таҳсил давомида чеккан машаққатлари" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!