Сиёсат билимдони

22:00 09.09.2019 435

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсияти ишларнинг охири нима билан тугашини билар даражада сиёсат юритадиган ва сиёсий майдонларни моҳирлик ила бошқарадиган шахсият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қон тўкилмаслигига кафил бўладиган ва барчага тўлиқ хавфсизликни олиб келадиган аҳдларни тузишга ҳаракат қилар эдилар. Бунга мисол қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш қабиласи билан тузган битимларини келтиришимиз мумкин. Бу битим тарихга “Ҳудайбия сулҳи” дея муҳрланиб қолган. Бу сулҳга кўра икки тараф ўртасида барча душманчилик ва жанглар ўн йил муддатга тўхтатилади.

Келинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу битимни тузишда қанчалар бағрикенглик қилганларига бир назар солайлик! У зот бу битим натижасида Ислом жамияти эга бўладиган фойдалар қанчалар улуғ эканини билар эдилар. Узоқни кўра билганлари туфайли бу сулҳга бағрикенглик билан ёндашдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни чақирдилар ва: “Ёз: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим", – дедилар. Шу пайт Қурайш вакили Суҳайл ибн Амр: “Тўхта! Мен Роҳман ва Раҳимни билмайман. Аллоҳим исминг билан бошлайман, деб ёз!” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим исминг билан бошлайман, деб ёз!” – дедилар. Сўнг: “Бу Муҳаммад Расулуллоҳ Суҳайл ибн Амр билан тузган сулҳдир, деб ёз!” – дедилар. Суҳайл: “Тўхта! Агар мен сени Аллоҳнинг расули эканинга гувоҳлик берганимда сен билан уруш қилмаган бўлардим. Ўзингни ва отангни исмини ёз!” – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиблари Али розияллоҳу анҳу бир оз иккиланган эди, У зотнинг ўзлари қўллари билан ўчирдилар ва “Муҳаммад Расулуллоҳ” сўзининг ўрнига “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ”, деб ёзишни буюрдилар.

Шундан сўнг ким Қурайш ичидан ўз валийсининг изнисиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига қочиб келса, қайтариб берилиши, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларидан ким Қурайшга қочиб борса, қайтарилмаслиги ва бундан бошқа бандларга кўра битим туздилар.

Айни мана шу битим ёзилаётган вақтда жуда қизиқ воқеа ҳам содир бўлган эди. Бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳдлар, битимлар ва келишувларга амал қилишларини баён қилиб беради. Ҳудайбия сулҳи ёзилиш асносида битим тузувчининг ўғли Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр ўзини топширган ҳолда келиб қолди. У анча олдин Исломга кирган бўлиб, жуда кўп азобларга дучор бўлган эди. У занжирга боғланган ҳолда қочиб келди. Мусулмон биродарларидан бу азоблардан қутқаришларини хоҳлар эди... Лекин қандай қилиб? Сулҳ бандларига кўра, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига валийсининг изнисиз қочиб келса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қабул қилмай, қайтариб юборишлари керак эди. Суҳайл ўғлини кўргач: “Сен билан биринчи бўлиб мана бунинг масаласини ҳал қилиб олишимиз керак”, – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз ҳали битимни ёзиб бўлганимиз йўқ-ку!” – дедилар. Суҳайл: “Ундай бўлса, қасамки, сен билан ҳеч қачон, ҳеч нарсага битим тузмайман” – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бунга рухсат бер!” – дедилар. Суҳайл: “Рухсат бермайман”, – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўна қол!” – дедилар. Суҳайл: “Йўқ” – деб сўзида туриб олди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам битимда кўрсатилгандек, ўғлини олиб кетишига рухсат бердилар. Суҳайл турди ва ўғлининг юзига уриб, кишанлардан тортиб, мушрикларга қайтариб олиб кетди. Абу Жандал бор овози билан: “Эй мусулмонлар, мени мушрикларга қайтариб бериб юборасизларми? Улар менга динимда фитна соладилар”, – деб бақирар эди. Мусулмонлар бундан жуда қаттиқ хафа бўлдилар. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишдан бошқа чора йўқ эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Жандал, сабр қил ва савобни умид қил! Аллоҳ таоло сен ва сенга ўхшаган заифларга кушойиш ва енгилликни беради. Биз бу қавм билан сулҳ туздик. Биз уларнинг ва улар бизнинг шартларимизга рози бўлишди. Бу битимни буза олмаймиз!” – дедилар.

Икки томон ўртасида тузилган бу битим ташқи томондан мусулмонлар зарарига ишлайдиган бўлиб кўринса-да, аслида уларнинг ғалабаси эди. Бу сулҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг кучлари расмий тарзда биринчи бўлиб эътироф қилиниши эди. Агар бу эътироф бўлмаганида Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳ тузмаган бўлар эди. Масаланинг иккинчи тарафига эътибор берсак, ўн йил муддатга уруш ва душманчилик ҳаракатлари тўхтатилишидан фақат мусулмонлар манфаатдор эди. Чунки ҳар сафар уруш бошлаган, қўшин тузган ва бошқа қабилалар билан мусулмонларга қарши иттифоқ тузган Қурайшнинг ўзи эди. Учинчидан Қурайшнинг Масжидул Ҳаромни идора қилишдаги гегемонлиги дарз кетган эди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни Масжидул Ҳаромдан фақат бир йилгина тўсиши мумкин эди, холос.

Мусулмонларни хафа қилган банд, яъни мусулмон бўлиб келганларни мушрикларга қайтариб беришга келсак, Аллоҳ таоло шундай қилдики, Қурайшнинг ўзи мана шу бандни бекор қилишни илтимос қилиб келди. Бу воқеа қуйидагича бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келганларидан сўнг хотиржам бўлдилар. Кунларнинг бирида Маккада азоб чекаётган мусулмонлардан бири қочиб келди. Унинг исми Абу Басир бўлиб, Қурайшнинг иттифоқдоши Сақиф қабиласидан эди. У тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Қурайш уни қайтариб олиш учун икки кишини юборди. Улар Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ўртамиздаги аҳдга амал қил!” – яъни сулҳ бандларига кўра қочиб келган кишини бизга топшир, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Басирни уларга топширдилар. Улар Зул Ҳулайфа деган жойга етганда, ёнларидаги хурмодан тановул қилиш учун тўхтадилар. Шу пайт Абу Басир олиб кетувчиларнинг бирига: “Қасамки, мени фикримча, қиличинг жуда зўр экан!” – деди. Ҳалиги киши ҳам қиличини яланғочлаб: “Ҳа, бу жуда зўр! Кўп бор синаб кўрганман!” – деди. Абу Басир: “Бир бер, кўрай-чи!” – деди. Қилични бериши билан уни ўлдирди. Иккинчи шериги қочиб Мадинага келди ва югириб масжидга кириб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўришлари билан: “Бу дахшатли нарсани кўрганга ўхшайди”, – дедилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига етиб келгач: “Шеригимни ўлдирди, мени ҳам куним битган шекилли!” – деди.

Унинг орқасидан Абу Басир ҳам етиб келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, сиз мени уларга қайтариб бериб, зиммангизга олган мажбуриятингизни бажардингиз. Кейин Аллоҳнинг Ўзи мени улардан қутқарди!” – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қургур, агар унинг бирор кишиси бўлса, уруш оловини ёқувчи бўлибди” – дедилар. Буни эшитган Абу Басир агар бу ерда қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни яна уларга қайтариб беришларини тушунди ва Мадинадан чиқиб, денгиз соҳилига бориб жойлашди. Шундан сўнг мушриклар қўлидан қочиб қутулган Абу Жандал ибн Суҳайб ҳам унга келиб қўшилди. Бирин-кетин Қурайшдан қочиб келган мусулмонлар унинг атрофида тўпланиб, бир катта гуруҳни ташкил қилдилар. Улар Қурайшнинг Шомга йўл олган карвони ҳақида эшитсалар, уни талар, одамларини ўлдирар, молларини тортиб олар эдилар. Шундан сўнг Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбориб, ким у зотнинг ҳузурига келса, у омонликда бўлишини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Басир ва унинг атрофидагиларга чопар юбориб, Мадинага келишларини буюрдилар. Шундай қилиб, улар ҳам мусулмон жамоасига қўшилдилар.

Мана шу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сиёсати, тажрибаси ва узоқни кўра олишларидир. Булар ташқи томондан чекиниш ва заифлик бўлиб кўринади. Аслида айни фатҳ, нусрат ва кучу қувватнинг ўзидир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!