Сийрат дарслари (14-дарс)

21:00 20.02.2019 407

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

112. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. У зот ҳожатга кетдилар. Биз ҳумарра (қуши)ни иккита жўжаси билан кўрдик ва жўжаларини олдик. Ҳумарра пириллаб уча бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Қай бирингиз буни боласи туфайли фожиага учратди? Унинг боласини қайтаринглар!» дедилар.

Ва у зот чумолининг уясини куйдириб юборганимизни кўриб қолдилар ва: «Буни ким куйдирди?» дедилар. «Биз», дедик. «Албатта, оловнинг Роббисидан бошқанинг олов билан азоблаши дуруст эмас», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

* * *

113. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида кетаётган эдилар. Бир ансория туя миниб олган эди. У туяни сўкиб, лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб қолдилар ва: «Унинг устидаги нарсани олиб, ўзини қўйиб юборинглар. У лаънатлангандир», дедилар.

Имрон айтади: «Ҳозир ҳам унинг одамлар ичида юрганини ва унга ҳеч ким тегмаётганини кўриб тургандекман».

Муслим ривоят қилган.

* * *

114. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Икки нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаб олдим, у зот: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, қатлни яхшилаб қилинг! Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

115. Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У тош отаётган бир кишини кўриб, унга: «Тош отма! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отишдан қайтардилар ёки тош отишни ёқтирмас эдилар ва «Бу овни ўлдирмайди ва душманга озор бера олмайди. У фақат кўзни чиқаради ва тишни синдиради, холос», деганлар», деди. Кейин унинг яна тош отаётганини кўриб: «Сенга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отишдан қайтарганлар ёки тош отишни ёқтирмас эдилар», десам ҳам тош отасанми? Энди сенга гапирмайман! Ундай-бундай», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Давоми бор... 1-дарс. 2-дарс3-дарс. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!